Ботинийларнинг номлари ва уларга бу номлар берилишининг сабаблари (3)

0

6) Қарматийлар

Қарматийлар ўзларини Кўфалик Ҳамдон Қармат исмли кишига мансуб деб билишгани учун бу номни олишган. Айтишларича, Ҳамдон умрининг бошида диндор ва зоҳид чўпон бўлган[1]. Баъзилар эса унинг аслида мажусий бўлгани, ўзини диндор мусулмон қилиб кўрсатганини таъкидлашади[2].

Кунларнинг бирида одатдагидек мол боққани чиққан Ҳамдон Ҳусайн Аҳвозий исмли ботинийлар даъватчиси билан учрашиб қолади ва улар ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтади. Ҳамдон қаршисидаги шахсни танимагани учун ундан: “Узоқ жойдан келаётганга ўхшайсан, қаерга кетаяпсан?” – деб сўрайди. Ҳусайн бормоқчи бўлган жой Ҳамдоннинг қишлоғи эканини айтади. Буни эшитган Ҳамдон унга айтади:

– Мана бу сигирлардан бирига миниб ол, чарчоғинг чиқади.
– Мен сигирга миниш буйруғини олмаганман, – дея жавоб беради Ҳусайн.
– Афтидан ҳар бир ишингни буйруқ билан бажарадиган кўринасан.
– Ҳа, шундай.
– Кимдан буйруқ оласан?
– Иккаламизнинг ҳам ҳожамиздан, дунё ва охират эгасидан.
– Сен айтаётган зот оламлар Парвардигорику?!
– Тўғри, лекин Аллоҳ Ўз мулкини хоҳлаган бандасига беради.
– Бораётган жойингда нима қилмоқчисан?
– У ердагиларни даъват қилишга, уларни жаҳолат, залолат ва бадбахтлик ботқоғидан илм, ҳидоят ва бахт-саодат сари олиб чиқишга ҳамда уларни хорлигу бечоралик чангалидан қутқариб, қийинчилик ва машаққатдан қутиладиган даражада бойитишга буюрилганман.
– Мени қутқар, Аллоҳ сени қутқарсин! Сен айтган нарсаларга жуда ҳам муҳтожман.

Ҳусайн Ҳамдонга бунинг учун маъсум ва мастур имомнинг сирини фош қилмаслик кераклигини, ана шундагина унга таълим беришини айтади. Ҳамдон ваъда берганидан сўнг Ҳусайн уни аста-секин ботинийликка даъват қилади. Зеро, бу ботинийларнинг энг машҳур услубларидан бири саналади. Воқеага эътибор қаратганимизда шунга гувоҳ бўламизки, Ҳусайн Ҳамдоннинг зоҳид ибодатгўй эканини кўргани учун гапни ибодатдан, буйруқсиз иш қилмасликдан бошлайди. Одамлар хушёр тортиб қолмасликлари учун аввало, даъват қилган шахсларидан бу сирни тарқатмасликни талаб қилишади. Охир-оқибат, Ҳамдон ботинийларнинг пешволаридан бирига айланади ва унинг издошлари қарматийлар номини олишади.

Қарматийларнинг мусулмонларга берган зарарлари ислом тарихида унутилмас бўлиб қолди. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 278 йил содир бўлган фожеали воқеалар ҳақида сўз юритар экан, шундай дейди: “Бу йили қарматийлар ҳужум қилишди. Улар Зардушт ва Маздакни пайғамбар деб эътиқод қиладиган, файласуф форсларга эргашган, худосиз зиндиқлардир…

Улар кўпинча рофизийлар тарафидан кириб, бузғунчилик қилишади. Негаки, рофизийлар энг эсипаст тоифадир. Қарматийлар Жаъфари Содиқнинг ўғли Исмоил Чўлоққа эргашганлари учун Исмоилийлар деб ҳам аталишади”.

286 йил Абу Саид Ҳасан ибн Баҳром бошчилигидаги қарматийлар юриш қилиб, Ҳажар ва унинг атрофидаги шаҳарларни босиб олишди ва ерда фасод тарқатишди. Абу Саид Қатифда одамларга овқат олиб сотувчи эди. Ботиний даъватчилар Қатифдаги шиалар ҳузурига келиб, уларни ботинийликка даъват қилишди. Қатифликлар ботинийликни қабул қилишганидан сўнг Абу Саид уларга раҳбарлик қилди. Абу Саид асли Қатиф яқинидаги Жаноба қишлоғидан бўлган. Абу Саид бошчилигидаги қўшин ерда фасод тарқатиб, Ироқ ва Шом аҳолисини ларзага солди. 301 йил Абу Саид вафот этганидан сўнг ўғли Абу Тоҳир унинг ўрнини эгаллади.

317 йилга келиб улар жуда ҳам кучли давлатга айландилар, ҳатто, Каъбани эгаллаб олдилар. Абу Тоҳир бошчилигидаги бу қўшин мусулмонларнинг молларини талон-тарож қилди, уларга қарши жанг қилиб, Макка кўчаларида, Масжиди Ҳаромда, ҳатто Каъбани ичида ҳам кўплаб ҳожиларни қатл қилдилар. Уларнинг амири лаънати Абу Тоҳирнинг олдида одамлар ёлворишларига қарамай, у Каъбанинг эшиги олдида ўтириб:  “Мен Аллоҳман, Аллоҳ биланман. Борлиқни мен яратаман ва мен йўқ қилгайман” – деб, одамларнинг қатл қилинишини томоша қилиб ўтирар эди. Бу воқеа Масжиди Ҳаромда, уруш ҳаром қилинган ойда, энг афзал кунлардан бири – Тарвия кунида (зулҳижжа ойининг саккизинчи кунида) содир бўлди. Одамлар улардан қочиб каъбапўшга осилишар, Каъбани тавоф қилишар, лекин бу нарсалар фойда бермас, ботинийлар уларни тавоф қилаётган, каъбапўшга осилган жойларида ҳам қатл қилар эдилар…

Лаънати Абу Тоҳир ишини битириб, ҳожиларни ўлдириб бўлганидан кейин, ўликларни замзам қудуғига кўмишга буюрди. Кўп ўликларни ўша ерга – Масжиди Ҳаромга кўмди. Замзам қудуғининг қуббасини бузиб, Каъбанинг эшигини қўпариб олишга буюрди ва каъбапўшни олиб, одамларига бўлиб берди. Сўнг Ҳажари асвадни жойидан қўпариб олишга буйруқ берди. Бир қарматий келиб: “Абобил қушлари қани, Сижжил тошлари қани?!” – деб мазаҳ қилган ҳолда қўлидаги таёқ билан Ҳажари асвадни қўпариб олиб, ўзлари билан олиб кетган. Шу тариқа, Ҳажари асвад йигирма бир йил қарматийларнинг қўлида қолган. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ўша вақтда бандаларига берган синови эди. Баъзи олимлар ўша воқеада қатл қилинганларнинг сони ўн уч минг киши бўлган, дейишади.

 (Давоми бор)

[1] “Ал-ифҳом” китоби, 22–бет.
[2] “Қаромита” китоби, 6–бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг