Зуҳо (чошгоҳ) намозининг фазилати

0

Савол:

Қуёш чиққанидан сўнг ўқиладиган намознинг ажри қандай?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Қуёш чиққанидан сўнг ўқиладиган намоз шариатимизда зуҳо, яъни чошгоҳ намози деб аталади. Чошгоҳ намози суннати муаккада бўлиб, икки ёки тўрт ракаат ёки ундан ҳам кўп ўқилиши мумкин. Бу намознинг фазли тўғрисида бир неча ҳадислар келган, жумладан:

1) Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар куни банда танасидаги ҳар бир суяк учун садақа қилиши керак. Бир бор тасбеҳ айтиш, бир бор ҳамд айтиш, бир бор “лаа илааҳа иллаллоҳ” дейиш, бир бор такбир айтиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, буларнинг барчаси садақадир. Банда чошгоҳ вақтида икки ракаат намоз ўқиши шуларнинг барчасининг ўрнига ўтади” – деганлар (Муслим (1181) ривояти).

2) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Халилим (яъни мен суйган инсон) уч ишга: ҳар ой уч кун рўза тутиш, чошгоҳ намозини ўқиш ва витрни ўқиб ухлашга буюрди, мен уларни ўлгунимча қолдирмайман” (Бухорий (1178) ва Муслим (721) ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганлари бу амалларнинг савоби жуда ҳам улуғ эканидан далолатдир.

3) Абу Дардо ва Абу Зар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй Одам боласи, куннинг бошида мен учун икки ракаат намоз ўқи. Шунда мен куннинг охиригача бўлган ишларингга кафил бўламан” (Термизий (437) ривояти, шайх Албоний саҳиҳ деган).

4) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чошгоҳ намозини фақат аввобларгина қолдирмай ўқийди. У аввоблар намозидир” – деганлар (Ибн Хузайма ривояти, шайх Албоний ҳасан деган). Изоҳ: аввоб – Аллоҳ таолони кўп зикр қиладиган, ибодатгўй дегани.

5) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса ва қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнг икки ракаат намоз ўқиса, унга тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ ҳаж ва умранинг савоби бўлади” (Термизий (586) ривояти, шайх Албоний ҳасан деган).

Чошгоҳ намози ҳам бугунги кунда аксар мусулмонлар эътиборсиз бўлган суннатлар қабилидандир. Аллоҳ таоло барчамизни бу суннатни қайта тирилтириш учун ўз ҳиссасини қўшганлар сафида қилсин!

Бу фатвони тайёрлашда IslamQA саҳифасидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг