Намоз ўқишдан қайтарилган вақтлар боби (2)

0

Эллик учинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ – رضي الله عنه – عَنْ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – أَنَّهُ قالَ: ((لا صَلاةَ بَعْدَ الصُّبْحِ حَتَّى تَرْتَفِعَ الشَّمْسُ وَلا صَلاةَ بَعْدَ الْعَصْرِ حَتَّى تَغِيبَ الشَّمْسُ)) .

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бомдод (намози)дан кейин то қуёш чиққунча ва аср (намози)дан кейин то қуёш ботгунча (нафл) намоз ўқилмайди” [Бухорий: 586 ва Муслим: 827].

Муаллиф роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу бобга тааллуқли ҳадислар Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Абу Ҳурайра, Самура ибн Жундуб, Салама ибн Акваъ, Зайд ибн Собит, Муоз ибн Жабал, Каъб ибн Мурра, Абу Умома Боҳилий, Амр ибн Абса Суламий, Ойша, шунингдек, Сунобиҳий розияллоҳу анҳумдан ҳам ривоят қилинган. Бироқ Сунобиҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бевосита эшитмагани учун унинг ҳадиси мурсалдир”.

Шарҳ:

Ушбу ва бундан олдинги ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиқиб, ердан кўз ўлчовида бир найза (тақрибан уч метр) миқдорида кўтарилгунча, шунингдек, аср намозидан кейин то қуёш ботгунга қадар нафл намоз ўқишдан қайтармоқдалар. Чунки бу вақтларда ибодат қилиш мушрикларнинг қуёш чиққан ва ботган пайтда қиладиган ибодатларига ўхшаб қолади. Ҳолбуки, биз ибодатларимизда уларга ўхшашликдан қайтарилганмиз. Негаки, ким ўзини бир қавмга ўхшатса у ҳам улардан бўлади.

Уламолар ихтилофи:

Мазкур вақтларда ибодат қилиш ҳукми

Уламолармиз ўртасида бу борада ихтилоф бор. Жумҳур уламолар бу вақтларда намоз ўқиш макруҳ, деган фикрни билдиришган ва ўз фикрларига юқорида ўтган ва улардан бошқа саҳиҳ ҳадисларни далил қилишган. Зоҳирий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, бу вақтларда намоз ўқиш жоиз, намоздан қайтариб келган ҳадисларнинг барчаси мансух (бекор) қилинган.

Жумҳур уламолар зоҳирий мазҳаб уламолари келтирган далилларга қуйидагича жавоб беришган: “Ушбу вақтларда намоз ўқиш жоизлигига далолат қилувчи ҳадислар мутлақ ёки умумий далиллар бўлиб, унда намоз ўқишдан қайтарувчи ҳадислар эса муқайяд ёки хос саналади. Фиқҳий қоидага кўра, бундай пайтда мутлақ ёки умумий далиллар муқайяд ёки хос билан изоҳланади. Натижада, мазкур вақтларда намоз ўқиш макруҳлиги келиб чиқади”.

Маълумки, бирон ҳукмни мансух (бекор) қилинган деб айтиш учун дастлаб бир-бирига зиддек кўринган далиллар ўртасини мувофиқлаштиришга уриниш лозим. Борид-ю, улар ўртасини мувофиқлаштиришнинг имкони бўлмаса, ана ўшанда улардан бирига мансух (бекор) қилинган деб ҳукм қилиш мумкин. Мазкур масала борасида келган далиллар ўртасини эса ҳеч қийинчиликсиз мувофиқлаштириш мумкин.

Мазкур вақтларда қандай намоз ўқишдан қайтарилган?

Уламолар бу хусусда ихтилоф қилишган. Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, бу вақтларда тавофдан сўнг ўқиладиган икки ракаатдан бошқа барча нафл намозлардан қайтарилган. Улар ўз фикрларига мазкур вақтларда намоз ўқишдан қайтарган ҳадислар умумий кўринишда айтилгани ва улар барча турдаги намозларни ўз ичига олишини далил қилишган.

Шофеий мазҳаби уламолари билдирган, имом Аҳмаддан келган бир ривоятга кўра ва Ибн Таймия ва бир гуруҳ ҳанбалий мазҳаби уламолари ихтиёр қилган фикрга кўра, бу вақтларда бирон сабабга боғлиқ бўлмаган мутлақ намозларни ўқишдан қайтарилган. Аммо масжидга кирганда ёки таҳоратдан кейин ўқиладиган икки ракаат намоз каби муайян сабабларга боғлиқ бўлган нафл намозлар эса ҳар қачон сабаби топилса ўқиш жоиздир.

Ушбу фикр эгаларининг далиллари қуйидагича: ушбу вақтларда намоз ўқишдан қайтариб келган ҳадислар умумий бўлиб, мазкур намозларни ўқишга буюрган ҳадислар эса хосдир. Юқорида айтилган фиқҳий қоидага кўра, ушбу вақтларда ўқишдан қайтарилган намозлар ичидан муайян сабабга боғлиқ бўлган намозлар истисно қилинади. Бинобарин, уларни бу вақтларда ўқиш жоиздир.

Бу борада келган ҳадисларни шу тарзда изоҳласак, барча далиллар ўртасини мувофиқлаштирган ва уларнинг ҳар бирига амал қилган бўламиз.

Намоздан қайтарилган вақт намоз вақти кириши билан бошланадими ёки намоз ўқилгандан кейинми?

 Уламоларимиз ушбу масала борасида ҳам турли фикрларни билдиришган. Ҳанафий мазҳаби уламолари билдирган, шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, намоздан қайтарилган вақт бомдодда бомдод вақти кириши билан, асрда аср вақти кириши билан бошланади. Бу фикр эгалари бир қанча ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Жумладан: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бомдод (вақти кирган)дан сўнг икки ракаатдан бошқа намоз ўқилмайди” [Термизий: 419 ва Абу Довуд: 1278]. Ушбу ҳадис бомдод вақти кирганидан кейин бомдоднинг икки ракаат суннатидан бошқа нафл намоз ўқиш ҳаром эканига далолат қилади. Негаки, ҳадисдаги “намоз ўқилмайди”, деган инкор кўринишидаги сўздан “намоз ўқиманглар” деган қайтариқ кўзда тутилган.

Кўпчилик уламолар нафл намоз ўқиш тақиқланган вақт бомдод вақти киришидан эмас, балки бомдод намозидан кейин бошланади, деган фикрни билдиришган. Бу фикр эгалари ҳам бир қанча ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Жумладан: Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча (нафл) намоз ўқилмайди” [Бухорий: 1197 ва Муслим: 827].

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тонг намозидан кейин то қуёш чиққунча нафл намоз ўқилмайди”.

Ушбу фикрни қўллаб-қувватлайдиган бундан бошқа саҳиҳ ҳадислар ҳам келган.

Биринчи фикр эгалари далил қилиб келтиришган ҳадисларнинг саҳиҳ ёки заиф экани борасида муҳаддис уламолар ўртасида ихтилоф бор. Бинобарин, улар иккинчи фикр эгалари келтирган саҳиҳ ҳадисларга тенг бўлолмайди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Муайян сабабга боғлиқ бўлмаган мутлақ нафл намозларни бомдод намозидан кейин то қуёш чиқиб, ердан уч метрга яқин кўтарилгунча ўқиш тақиқланади.

2 – Аср намозидан кейин то қуёш ботгунча муайян сабабга боғлиқ бўлмаган мутлақ нафл намозларни ўқиш тақиқланади.

3 – Айрим ҳадисларда мазкур вақтларда намоз ўқишдан қайтарилишининг сабаби кофирларга ўхшаб қолмаслик экани айтилган. Бу эса ибодатлар, урф-одатлар ва анъаналарда кофирларга тақлид қилиш ҳаромлигини тақозо қилади.

Биринчи фойда:

Муаллиф роҳимаҳуллоҳ намоз ўқишдан қайтарилган учинчи вақтни зикр қилмадилар. Ваҳоланки, бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар собит бўлган. У ўта қисқа муддат бўлиб, қуёш тиккага келгандан то заволга оққунга қадар давом этади. Бу вақтда намоз ўқиш ҳаромлиги саҳиҳ ҳадисларда келган. Жумладан: Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни уч вақтда намоз ўқишдан ва ўликларимизни кўмишдан қайтардилар”. Шулардан бири “Қуёш тиккага келган пайт”дир [Муслим: 831].

Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга шундай дедилар: “Кун чиқиб, ердан бир найза миқдорида кўтарилганидан сўнг то кун тиккага келиб, найзанинг сояси на машриқ, на мағриб томонга оғмаган ҳолга келгунча намоз ўқийвер. (Қуёш тиккага келган пайтдан) кейин намоз ўқима. Зеро, бу пайтда жаҳаннам қиздирилади” [Муслим: 832].

Иккинчи фойда:

Шариатимиздаги кўп ҳукмлар мушрикларга тақлид қилишдан қайтариш устига қурилган. Негаки, уларга тақлид қилиш инсон қалбига таъсир ўтказади ва аста-секин уларнинг ишлари кўзига чиройли кўриниб, уларга эргашишга олиб боради. Оқибатда, мусулмонларнинг куч-қуввати, бирлиги ва мустақиллиги йўқолиб, кофирларга тобе бўлиб қолишади ва уларнинг эътиқоди ва турмуш тарзи мусулмонларга сингиб кетади. Дин душманлари шу тариқа мусулмонларга ҳужум қилмоқчи бўлишади. Ислом эса мусулмонлар куч-қудратли ва ибодатлари, урф-одатлари, тақлидлари ҳамда барча ҳолатларда бир хил бўлишини, шунингдек, мусулмонлар ўзларига хос сифатга ва ўзгалардан ажралиб турадиган хусусиятга эга мустақил бир уммат бўлишини истайди.

Минг афсуслар бўлсинки, асримиздаги мусулмонларни кофирларнинг ортидан кўр-кўрона эргашиб юрганини кўрамиз. Ғарбдан келган барча нарса зўр, яхши. Улар қилаётган ҳар бир иш чиройли. Гарчи бу ишлари дин ва одоб-ахлоққа зид бўлса ҳам. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Ё Аллоҳ, Ўзинг мусуслмонларни ғафлат уйқусидан уйғот, уларни ҳақ ва ҳидоят узра бирлаштир, албатта, Сен эшитгувчи ва дуоларни ижобат қилгувчи Зотсан.

Бу билан замонавий кашфиётлар ва саноат соҳасида кофирлардан ҳеч нарса ўрганиб бўлмайди демоқчи эмасмиз. Бундай илмларни ҳар бир одам ўрганиши мумкин. Аслида бу илмларни ўрганишга улардан кўра биз ҳақлироқмиз. Чунки биз бундай илмларни ўргансак, динимиз буюрганидек, тинчлик ва хотиржамликни ўрнатиш ва бандалар бахт-саодати йўлида ишлатамиз. Аммо бундай ихтиро ва кашфиётлар золим мустамлакачиларнинг қўлида бўлиши оламнинг йўқ бўлиши ва харобага айланишига сабаб бўлади.

Изоҳ қолдиринг