Аллоҳ таолонинг ёлғиз илоҳ эканига далил

0

Савол:

Мушрикларга Аллоҳ таолонинг ёлғиз илоҳ эканига далил келтира оласизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дарҳақиқат, бутун оламнинг яратилиши ва унинг мукаммал тартибда ҳаракатланиши унинг яратувчиси ёлғиз Зот эканини тасдиқлайди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Парвардигорингиз Аллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Билингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори — Аллоҳ буюкдир” [Аъроф: 54].

Осмону ернинг яратилиши, кеча-кундузнинг алмашиб туриши, шунингдек, ўсимликлар, жонсиз нарсалар ва меваларнинг хилма-хиллиги… Буларнинг барчаси буюк яратувчи Зотнинг ягона эканига далолат қилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. У барча нарсанинг яратувчисидир. Ундан ўзга ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ. Қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!” [Ғофир: 62].

Ушбу мавжудотларнинг турли туман ва мукаммал, пухта ва расо қилиб яратилиши, шунингдек, уларни асраб-авайланиши ва бошқариб турилиши, буларнинг барчаси уларни яратган Зот ёлғиз экани, хоҳлаган ишини қилиб, истагинидек ҳукм қилишига далолат қилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир” [Зумар: 62].

Мазкур мавжудотлар уларнинг Яратувчиси, Подшохи (Эгаси) ва ҳар бир сурат ортида бир Мусаввир (Яратувчи) борлигини кўрсатади.

Аллоҳ таоло айтади: “У (Аллоҳ) яратгувчидир, йўқдан бор қилгувчидир, (барча нарсага) сурат-шакл бергувчидир” [Ҳашр: 24].

Осмону ернинг расолиги, коинотнинг бир низомда ҳаракатланиши, мавжудотларнинг бир-бирига уйғун эканлиги Яратувчи зотнинг ёлғиз, шериги йўқлигини тақозо қилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар осмону заминда Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида, ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир” [Анбиё: 22].

Албатта, ушбу улкан мавжудотлар ё ўзини ўзи яратган, ё инсон аввал ўзини ўзи яратиб, сўнг ушбу мавжудотларни пайдо қилган. Бу икки эҳтимолнинг ҳар бири имконсиздир.

Аллоҳ таоло айтади: “Балки улар ҳеч нарсадан (яъни,  Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!” [Тур: 35-36].

Ақл ҳам, ваҳий (Қуръон) ҳам, соғлом фитрат ҳам ушбу мажвудотларнинг яратувчиси борлигига далолат қилади. У Аллоҳ таолодир. У ҳамиша тирик, абадий, барча нарсадан хабардор, куч-қудратли, меҳр-шафқатли Зот. Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари бор. У барча нарсани билгувчи, Ундан ҳеч нарса қочиб қутила олмайди ва Унга ўхшаши йўқ.

Аллоҳ таоло айтади: “Раббингиз ягонадир. У меҳрибон ва раҳмли бўлиб, Ундан ўзга ҳеч қандай Раб йўқдир” [Бақара: 163].

Аллоҳ таолонинг борлиги барчага маълум ва машҳур бўлиб, соғлом ақл ҳам шуни тасдиқлайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Пайғамбарлари айтдилар: “Осмонлар ва ернинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ(нинг борлиги ва бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?!” [Иброҳим: 10].

Инсонлар Аллоҳ таоло инъом этган фитрат билан Унинг рубубияти (Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтирувчи, Ўлдирувчи, бутун оламни тасарруф қилувчи экани)ни ва ёлғиз эканини тасдиқлайдилар. Лекин шайтон уларни бу фитратдан чиқариб юборади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен барча бандаларимни ҳаққа интилувчи қилиб яратдим. Бироқ шайтонлар келиб, уларни динларидан адаштириб юборди ва Мен уларга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишди” [Муслим: 2865]. Натижада баъзи одамлар Аллоҳнинг борлигини инкор қилди. Баъзилар эса шайтонга, баъзилар инсонга, яна баъзилар мол-дунёга ёки ўтга ёки жинсий аъзога ёки ҳайвонга ибодат қила бошлади. Шунингдек, айрим инсонлар Аллоҳга ердаги тошни ёки осмондаги юлдузни шерик қилиб, Унга ширк келтирди.

Мазкур сохта худолар на бирон нарса яратишга, на ризқ беришга қодир. Қолаверса, улар ҳеч нарсани эшитмайди, кўрмайди ва бирон фойда ҳам, зарар ҳам етказа оламайди. Қандай қилиб Аллоҳнинг ўрнига уларга ибодат қилиш мумкин?!

Аллоҳ таоло айтади: “Тарқоқ турли-туман “худолар” яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?” [Юсуф: 39].

Эшитмайдиган, кўрмайдиган, онгсиз бут-санамларга ибодат қилган одамларга Аллоҳ таоло дашном бериб шундай дейди: “Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар худди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларни чақиринглар,  улар сизларга жавоб қилсинлар-чи?! Уларнинг оёқлари бормики, юрсалар, ё қўллари бормики тутсалар, ёки кўзлари бормики кўрсалар, ёхуд қулоқлари бормики тингласалар?! Айтинг, (эй Муҳаммад): “Ўша бутларингизни чақиринглар-да, сўнгра менга бир лаҳза муҳлат бермай бор ҳийла-найрангизни қилаверинглар” [Аъроф: 194-195].

Айтинг: “Сизлар Аллоҳни қўйиб, зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир” [Моида: 76].

Инсон яратган ва ризқ берган Раббисини қандай билмаслиги мумкин?! Қандай қилиб Уни инкор қилиши ёки эсдан чиқариши ва Ундан бошқасига ибодат қилиши мумкин?! Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи нақадар рост: “Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги кўнгиллар кўр бўлур” [Ҳаж: 46].

Аллоҳ таоло одамлар айтаётган ширкдан пок ва олий Зотдир. Барча ҳамдлар оламларнинг Раббисигагина хос.

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин ва Унинг Ўзи (пайғамбарлик учун) танлаган бандаларига дуою салом бўлсин”. Аллоҳ яхшироқми ёки улар (Макка мушриклари Аллоҳга) шерик қилаётган бутларими?!

Ёки осмонлар ва ерни яратган ҳамда сизлар учун осмондан сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида гўзал боғларни ўстирган зотми?! Сизлар учун у (боғларнинг) дов-дарахтини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, улар (Аллоҳга ўзгаларни) тенг биладиган қавмдирлар! 

Ёки ерни (барча жонзотлар учун) қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёлар пайдо қилган ва унинг учун тутқи-тоғлар барпо қилган ҳамда икки (яъни шўр-чучук) денгиз-дарё ўртасида тўсиқ-тўғон иншо қилган зотми?!  Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар! 

Ёки ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ер юзида бирин-кетин яшаб ўтадиган қилган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар! 

Ёки сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлни кўрсатадиган ва Ўз раҳмати-ёмғири олдидан шамолларни хушхабар қилиб жўнатадиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир!

Ёки дастлаб Ўзи яратиб, сўнгра (охиратда) қайта яратадиган зотми?! Ким сизларга осмон ва заминдан ризқу-рўз берур? Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! (Эй Муҳаммад, кофирларга) айтинг: “Агар ростгўй бўлсангизлар ҳужжатларингизни келтирингиз!” [Намл: 59-64].

Манба: IslamQA веб саҳифаси

Изоҳ қолдиринг