Жамоат намозининг фазилати ва фарзлиги ҳақидаги боб (2)

0

Эллик олтинчи ҳадис

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -: ((صَلاةُ الرَّجُلِ فِي جَمَاعَةٍ تُضَعَّفُ عَلَى صَلاتِهِ فِي بَيْتِهِ وَفِي سُوقِهِ خَمْساً وَعِشْرِينَ ضِعْفاً وَذَلِكَ: أَنَّهُ إذَا تَوَضَّأَ , فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ. ثُمَّ خَرَجَ إلَى الْمَسْجِدِ لا يُخْرِجُهُ إلا الصَّلاةُ لَمْ يَخْطُ خَطْوَةً إلا رُفِعَتْ لَهُ بِهَا دَرَجَةٌ وَحُطَّ عَنْهُ خَطِيئَةٌ. فَإِذَا صَلَّى لَمْ تَزَلْ الْمَلائِكَةُ تُصَلِّي عَلَيْهِ مَا دَامَ فِي مُصَلاهُ: اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَيْهِ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لَهُ اللَّهُمَّ ارْحَمْهُ وَلا يَزَالُ فِي صَلاةٍ مَا انْتَظَرَ الصَّلاةَ)) .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кишининг жамоат билан ўқиган намози(нинг савоби) уйида ёки бозорда ўқиган намозига қараганда йигирма беш баробар кўпайтириб берилади. Агар банда яхшилаб таҳорат олса, сўнг масжидга фақатгина намоз учун чиқса, босган ҳар бир қадами сабабли бир даража мартабаси кўтарилади ва битта гуноҳи ўчирилади. Қай бир банда намоз ўқиб, модомики, намозгоҳида ўтирар экан, фаришталар: “Ё Аллоҳ, Унга раҳматингни тушир, гуноҳларини кечир, унга раҳм қил”, деб дуо қилади. У модомики, намоз ўқишни кутиб ўтирар экан, намозда деб эътибор қилинади” [Муттафақун алайҳ. Бухорий: 647 ва Муслим: 649].

Шарҳ:

Ушбу ҳадисда жамоат билан ўқилган намоз якка ҳолда ўқилган намоздан афзаллиги ва ажру савоби йигирма беш баробар кўп бўлиши айтилмоқда. Намозга яхшилаб таҳорат олиб, сўнг уйидан холис ният билан фақатгина намоз ўқиш учун масжидга чиққан кишигина бундай улкан савобга эришади. Шунингдек, босган ҳар бир қадамига бир даража мартабаси кўтарилади ва битта гуноҳи ўчирилади.

Агар банда масжидга жамоат билан намоз ўқиш учун келиб, намозни кутиб ўтирар экан, фаришталар унинг ҳаққига Аллоҳдан раҳмат тилаб: “Ё Аллоҳ, уни кечиргин, уни раҳм айлагин”, деб дуо қилишади.

Жамоат намозининг якка ҳолда ўқилган намоздан афзаллиги сабабларидан бири – банда модомики, жамоат билан намоз ўқиш ниятида масжидда кутиб ўтирар экан, унга намоз ўқиганда бериладиган миқдорда савоб берилади. Чунки уни масжидда фақат намозни жамоат билан ўқишгина ушлаб турганди.

Албатта, бу амалга бериладиган савоблар ўта улкан бўлиб, унга маҳрум ва бахтсиз кимсаларгина бепарво бўлишади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Масжидда жамоат билан ўқилган намоз афзал бўлиб, унинг савоби якка ҳолда ўқилган намоздан бир неча баробар кўп бўлади. Жамоат намозига бериладиган ажр-савоб жамоат аталишига яроқли ҳар қандай сондаги жамоат билан ҳосил бўлади. Бироқ жамоатнинг сони қанча кўп бўлиши унга бериладиган савобнинг шунча кўп бўлишига сабаб бўлади. Бунга далил Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадис: “Кишининг бошқа бир киши билан бирга ўқиган намози ёлғиз ўзи ўқиган намозидан афзал. Икки киши билан ўқиган намози эса бир киши билан ўқиган намозидан афзалроқдир” [Абу Довуд: 554, Насоий: 844, Ибн Можа: 790 ва Аҳмад: 5/140].

2 – Якка ҳолда ўқилган намознинг савоби жамоат намозининг савобидан кам ва даражаси қуйи саналади.

3 – Жамоат намозига чиқиш намознинг дуруст бўлиш шартларидан ҳисобланмайди. Бинобарин, якка ҳолда ўқилган намоз дуруст саналади. Бироқ унинг савоби жамоат намозиникидан бир неча баробар оз бўлади.

4 –  Ҳадисда зикр қилинган мартабанинг юксалиши, гуноҳларнинг кечирилиши ва фаришталарнинг мағфират сўраб дуо қилиши яхшилаб таҳорат олиш, уйдан холис ният билан масжидда намоз ўқиш учун чиқиш ила ҳосил бўлади. Бинобарин, улардан бири бўлмаса ёки бирига путур етса, у ҳолда зикр қилинган ажру-савоб ҳосил бўлмайди.

5 – Намозни кутиб ўтирган кишига намоз ўқиётган кишининг савоби берилади.

Изоҳ қолдиринг