Мушук сотишнинг ҳукми

0

(6) Мушук сотишнинг ҳукми:

Уламолар мушук сотиш ҳукми хусусида ихтилоф қилганлар. Жумҳур уламоларнинг фикрича, мушук сотиш жоиз. Уларнинг наздида мушук сотишдан қайтариш тўғрисида келган ҳадис заифдир. Улардан айримлари бу ҳадисни саҳиҳ санаб, ҳадисдан мушук сотиш макруҳи танзиҳий (ҳалолга яқин иш) экани, сотмаган афзаллиги кўзда тутилган деб талқин қилишган.

Бошқа бир гуруҳ уламолар мушук сотишни ҳаром дейишган. Бу фикрни Ибн Қаййим, Ибн Ҳазм ва Шавконий рожиҳ деб билишган[1].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мушук сотишдан қайтарилганига келсак, бу қайтариқдан (ҳалолга яқин бўлган, қилмаслик афзал бўлган) макруҳи танзиҳий назарда тутилган. Токи ҳозирда одамлар ўртасида одат тусига кирганидек одамлар мушукни ҳадя қилиш, эвазсиз бир-бирларига бериб туришга одатлансинлар. Агар киши бирон фойда келтирадиган мушукни сотса, савдо дуруст бўлиб, ундан келган пул ҳалол бўлади. Бу биз (шофеийлар)нинг ҳамда аксар уламоларнинг фикридир. Ибн Мунзир Абу Ҳурайра, Товус, Мужоҳид ва Жобир ибн Зайддан нақл қилишича, улар бу хусусда ривоят қилинган ҳадисни ҳужжат қилишиб мушук сотишни жоиз эмас деганлар.

Жумҳур уламолар эса ҳадисдан юқорида зикр қилинган мақсад кўздан тутилган эканини айтишади. Мазкур ҳадис бу борадаги таянч ҳадисдир. Энди Хаттобий ва Абу Умар ибн Абдулбарнинг мушук сотишдан қайтариш тўғрисида келган ҳадис заиф деган сўзларига келсак, ҳадис улар айтишганидек заиф эмас. Аксинча, ҳадис саҳиҳ бўлиб, уни Муслим ва бошқа (муҳаддис)лар ривоят қилишган[2].

Мавзуга оид мулоҳазалар:
(1) Ҳашаротлар сингари шариат рухсат берган бирон ҳалол манфаати бўлмаган жонзотларни сотиш дуруст эмас. Агар пилла қурти каби фойдали ҳашарот бўлса сотиш жоиз.
(2) Гўшти ҳаром бўлсада эшак ва хачирларни сотиш жоиз. Чунки уларга миниш учун савдо-сотиқ қилинади. Бу каби жониворлардан миниш учун фойдаланиш шариатда рухсат берилган ҳалол манфаатлардир.
(3) Шунингдек, филни сотиш ҳам жоиз, чунки ундан миниш ёки юк ташиш учун фойдаланиш мумкин.
(4) Лочин ва қоплон каби ов қилишга ярайдиган йиртқич ҳайвон ва паррандалар билан савдо-сотиқ қилиш жоиз[3]. Бундан фақат ит истисно қилинади, чунки уни сотишдан қайтарилган[4].
(5) Тўти ва булбул каби зийнат ва чиройли овози учун боқиладиган ранг-баранг қушлар, шунингдек, аквариум балиқларини сотиш жоиз. Зеро, уларни сотиш ҳаромлиги тўғрисида бирон кўрсатма йўқ. Аслида, модомики шариатда бирон қайтариқ келмаган бўлса ҳар қандай дунёвий олди-бердилар ҳалолдир. Шунингдек, бу жонзотлар ҳаёт кечириши учун лозим барча шарт-шароитларни яратиш шарти билан уларни қафас ёки аквариумларда сақлаш ҳам жоиз.
(6) Доимий фатво қўмитасининг фикрича, илон ва калтакесаклар каби судралиб юрувчи жонзотлар билан савдо-сотиқ қилиш жоиз эмас. Чунки савдо-сотиқ объекти бўлмиш маҳсулотнинг зарурат ҳолатларидан ташқарида ҳам фойдаланиш ҳалол бўлиши шартдир[5]. Шунингдек, Доимий қўмита фатвосига кўра бўри, шер ва тулки каби қозиқ тишли йиртқич ҳайвонлар билан савдо-сотиқ қилиш ҳам жоиз эмас. Чунки бундай ҳайвонларни сотиб олиш учун маблағ сарфлаш молни исроф қилиш саналади[6].

[1] “Зодул маод” (5/773), “Муҳалло” (9/653) ва “Найлул автор” (5/240).
[2] “Шарҳи Муслим” (10/233-234).
[3] “Доимий қўмита фатволари”, 18807-сонли фатво, Дувайш тартиби.
[4] “Тўнғиз ёки ит сотиш ҳаромлиги” сарлавҳали собиқ мақоламизга қаранг.
[5] “Товар – маҳсулотга тааллуқли шартлар” мавзусига қаранг.
[6] “Доимий қўмита фатволари”, 18807-сонли фатво, Дувайш тартиби.

Изоҳ қолдиринг