Аббосийлар давлати: Абу Жаъфар Мансур хилофати (3)

0

Абу Муслимнинг қатл этилиши

Иш шу қадар жиддий ва аёвсиз кўриниш олаётган бир ҳолда ҳам Абу Жаъфар ўзининг сиёсий билим ва маҳоратини имкон қадар ишга солишда давом этди. У амирларга ва элчиларга Абу Муслимнинг лаёқати ва иқтидори ҳақида яхши сўзларни айтар, улар Абу Муслимга бориб, халифанинг у ҳақда яхши гумондалигини айтиб, унинг ҳузурига боришга кўндиришга уринишарди. Фақат Найзак исмли амиргина Абу Муслимга Абу Жаъфарни қатл эттириб, унинг ўрнига бошқа халифа ўрнатиш маслаҳатини берди.

Мансур Абу Муслим ҳузурига Жарир ибн Язид ибн Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалийни бир гуруҳ амирлар ҳамроҳлигида юборди. Унга Абу Муслим билан мулойим оҳангда гаплашишни, Мансур уни қадрлашини, унинг даражасини яна ҳам кўтармоқчи эканини, унга яна ҳам кўпроқ имкониятлар бермоқчилигини, бунинг учун у аразларни йиғиштириб, Мансур ҳузурига келиши лозимлигини етказишни буюрди. Кўнса кўнди. Агар бош тортса, унга: “Агар итоатдан бош тортсанг ва ўз билганингча иш тутишга қарор қилсанг, у албатта сенга қарши уруш очади ва қаерда бўлсанг ҳам, гарчи денгизга шўнғисанг ортингдан шўнғиб бўлса-да, сени албатта қўлга тушириб қатл этади ё эса ўзи шу йўлда ўлади”, деб айт. Бу гапни унинг яхшилик билан шаштидан қайтишидан умид узилгандан кейингина айтасан, деди. Мансурнинг амирлари Абу Муслимга у Ҳалвондалик пайтида келдилар. Унга насиҳат қилдилар, амирулмўъмининга қарши чиқиш фикридан қайтиб, унинг итоатига қайтишга чорладилар, унинг ҳузурига боришга тарғиб қилдилар. Абу Муслим ўзининг ишончли амирларидан маслаҳат сўраганида улар уни Мансур ҳузурига боришдан қайтардилар ва Райда яшаб туришни маслаҳат бердилар, шунда Хуросон унинг ҳукми остида бўлиб, лашкарлари унга тобе бўлишини, халифа агар унга ёмонлик истаса, лашкарларнинг ҳимоясида бўлишини айтдилар. Шундан сўнг Абу Муслим Мансурнинг амирларига одам юбориб, уларга: “Соҳибингиз ёнига қайтиб кетаверинглар, мен унинг ҳузурига бормайман”, деб айтиб юборди. Унинг қайтишидан умидлари узилгач, Мансур тайинлаган охирги сўзларни унга келиб айтдилар. Бу гапдан унинг ҳафсаласи пир бўлиб, уларга: “Ҳозироқ даф бўлинглар!”, деб буюрди.

Абу Муслим Хуросондан кетишда ўз ўрнига Абу Довуд Иброҳим ибн Холидни қолдириб кетган эди. Мансур унга шундай деб мактуб йўллади: “Хуросон вилояти сенга, Абу Муслимни бўшатиб, сени унга волий қилдим”. Шундан сўнг Абу Довуд Абу Муслимга мактуб йўллаб, унга халифага қарши чиқмасликни насиҳат қилиб: “Халифалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  аҳли байтлари, уларга қарши чиқишимиз бизга муносиб бўлмайди. Шундай экан, имомга қулоқ сол ва итоат қил, вассалом”, деб ёзиб юборди.

Шундан сўнг Абу Муслим ўзига ишончли кишилардан бўлган Абу Исҳоқни Мансур ҳузурига юборди. Мансур унга эҳтиром кўрсатди ва агар уни йўлидан қайтара олса, унга Ироқ ноиблигини ваъда қилди. Абу Исҳоқ қайтиб келгач, Абу Муслим ундан нима хабар келтирганини сўради. “Улар сени ҳурмат қилишларини ва қадрлашларини кўрдим”, деди. Абу Муслим унинг бу гапига ишониб, халифа ҳузурига боришга қарор қилди. Найзак исмли амирига маслаҳат солган эди, у уни бундай қилишдан қайтарди. Боришга қатъий азм қилганини кўрганидан сўнг Найзак унга: “Фақат бир гап айтаман, қулоғингда турсин”, деди. “Нима гап?”, деган эди, “Олдига кирибоқ уни қатл қил ва ўзинг истаган киши учун халифаликка байъат бер, одамлар сенга қаршилик кўрсатолмайди”, деди.

Кейин Абу Муслим Мансурга унинг ҳузурига боришини билдириб, мактуб юборди. Мансурнинг котиби Абу Айюб айтади: Мансур ҳузурига кирдим. У чодирда, аср намозидан сўнг жойнамозида ўтирган экан. Олдида мактуб бор эди. Уни менга улоқтирди. Қарасам, Абу Муслимнинг халифа ҳузурига келишини билдириб ёзиб юборган мактуби экан. Сўнг халифа: “Аллоҳга қасамки, кўзимни қувончга тўлдирса ҳам, уни барибир ўлдираман!”, деди. Мен: “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиуун”, дедим. Сўнг шу воқеа ҳақида ўйланиб, шу куни кечаси билан ухлаёлмай чиқдим. Ўзимга ўзим, агар Абу Муслим халифа ҳузурига хавфсираган ҳолда кирса, унга бирон ёмонлик етказиб қўйиши ҳам мумкин. Қандай бўлмасин, Абу Муслимни хотиржам ҳолатга келтириб, киритиш лозим. Шундагина халифа ўз истагига эриша олади, дедим. Эрталаб амирлардан бирини чақириб: “Каскар шаҳрига ҳоким бўлишни истайсанми?”, дедим. “Ким ҳам мени ҳоким қиларди?”, деди. Унга: “Абу Муслимга бор, уни йўлда топасан. Ундан сени шу шаҳарга ҳоким қилишини сўра, чунки амирулмўъминин уни диёрлар устидан волий қилиб, кўнгли хотиржам бўлишини истамоқда”, дедим. Унинг Абу Муслим олдига боришига Мансурдан ҳам изн олдим. У изн берди ва унга: “Унга салом айт ва биз уни муштоқлик билан кутаётганимизни етказ”, деди. Салама исмли бу амир Абу Муслим ҳузурига бориб, унга халифа уни муштоқлик билан кутаётганини етказиб, ундан шаҳар ҳокимлигини тилади. У бу хабардан хурсанд бўлиб, кўнгли хотиржам бўлди. Аслида бу унга қурилган бир тузоқ эди. Сўнг у ажалига қараб ошиқди. Мадоинга яқинлашгач, халифанинг амри билан амирлар ва лашкарбошилар унинг истиқболига чиқдилар. У шу куни оқшом пайти Мансур ҳузурига кириб келди. Абу Айюб Мансурга унинг қатлини эртагача кечиктиришни маслаҳат берган эди, унинг маслаҳатини қабул қилди. Абу Муслим келгач, Мансур унга ҳурмат-эҳтиром ва илтифот кўрсатди. Сўнг: “Бугун бориб, ҳаммомга туш, дамингни ол, эртага ҳузуримга кел”, деди. Халифанинг ҳузуридан чиққач, одамлар келиб, унга салом бера бошладилар. Эртаси куни халифа амирларидан бирини чорлаб: “Менинг амру фармонимга қандай қарайсан?”, деб сўраган эди, у: “Аллоҳга қасам, эй амирулмўъминин, агар ўзингни ўлдир десангиз, ҳеч иккиланмай ўлдираман”, деб жавоб берди. “Абу Муслимни ўлдир, десам-чи?”, деди. У нафаси ичига тушиб, жим туриб қолди. Абу Айюб: “Ҳа, нега жим бўлиб қолдинг?!”, деди. У: “Ўлдираман”, деди ночор овозда. Шундан сўнг қўриқчи йигитлардан тўрттасини унга бириктириб, уларни Абу Муслимни ўлдиришга ундади. Уларга: “Айвонда туринглар, чапак чалсам, кириб, уни ўлдирасизлар”, деди. Сўнг Мансур Абу Муслимга кетма-кет бир неча элчиларни юборди. Абу Муслим халифа ҳузурига юзида табассум билан кириб келди. Унинг олдига келиб тўхтагач, Мансур унинг қилмишларини бирма-бир санаб, дашном бера бошлади. У эса буларнинг бари учун узр айтарди[1]. Мансур ундан: “Нега Сулаймон ибн Касирни, Иброҳим ибн Маймунни, фалончи-фалончиларни ўлдирдинг?!”, деб сўради. “Улар менга итоатсизлик қилдилар, амримга хилоф қилдилар”, деб жавоб берди. Шунда Мансур ғазаб билан: “Қуриб кетгур! Сенга итоатсизлик қилсалар ўлдирасан-у, менга итоатсизлик қилсанг сени ўлдирмаслигим керакми?!”, деди ва қўлларини бир-бирига уриб, чапак чалди. Тайинланган йигитлар ўша заҳоти югуриб кириб, улардан бири Абу Муслимга қилич солиб, қиличининг тасмасини узиб юборди. Абу Муслим жон ҳолатда: “Эй амирулмўъминин, мени душманларингиз учун қолдиринг”, деган эди, “Сендан ортиқ душманим борми?!”, деди. Кейин Мансур йигитларга дўқ урган эди, улар уни чопиб ташладилар, сўнг чойшабга ўраб қўйдилар[2]. Абу Муслимнинг ўлдирилиши ҳижрий 137 йил Шаъбон ойининг охирларида содир бўлди.

Абу Муслим ўлдирилгач, Мансур унинг асҳоблари қалбини мойил қилишга киришди, уларга ҳадялар улашди, вилоятлар ато этди, қизиқтириш ва қўрқитишлар билан уларнинг овозларини ўчирди, Абу Довуд Иброҳим ибн Холидга берган ваъдасига вафо қилиб, уни Хуросон ҳокимлигида қолдирди.

Абу Муслим айримлар унинг шаънида айтишганидек зиндиқ (динсиз) эмасди. Аксинча, гуноҳлари учун Аллоҳдан қўрқиши кўриниб турарди, аббосийлар давлатини қуриш йўлида тўккан қонлари учун Аллоҳга тавба қилганини даъво қилганди. Аллоҳ унинг ҳолини Ўзи яхши билувчидир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Абу Муслим яхшироқми, Ҳажжожми?”, деб сўралганда: “Мен Абу Муслимни кимдандир яхшироқ эди деб айтмайман, лекин Ҳажжож ундан ёмонроқ эди”, деб жавоб берган эди. Эҳтимол, Абу Муслимнинг зиндиқликда айбланишига сабаб унинг ортидан чиққан зиндиқлик ҳаракатлари унинг номидан фойдаланиб, ўзларини унга алоқадор деб даъво қилишгани бўлса керак.

Абу Муслим арзимаган сабаб билан одам ўлдирар, кимнингдир итоатсизлиги ё унинг амрини ижро этмагани ҳақида зиғирдек шубҳа пайдо бўлса, унинг  жазоси муқаррар ўлим эди. Шунинг учун ҳамма ундан ўлгудек қўрқар, айниқса дўстлари ва яқинлари у билан кўп аралашиб юришгани туфайли ўз жонларидан хавфда юришар эди. Унинг ҳузурида бир оғиз ножўя сўз ё ноўрин хатти-ҳаракат ўлим билан якунланиши мумкин эди. Эҳтимол, доимий ҳадикда яшаб келган ва унга тилёғламалик қилишга мажбур бўлган тобелари ва қўмондонлари унинг ўлимидан энг кўп қувонган бўлсалар ажаб эмас.

Айтишларича, Мансур Абу Муслимни қатл эттиргач, бу ҳақда эълон қилишдан олдин унинг қатли ҳақида энг катта амирлари билан кенгашганида улар бир овоздан буни маъқуллашган, шунда ҳам баъзилари гаплари Абу Муслимнинг қулоғига етиб боришидан қўрқиб, ўз фикрини яширинча билдирган экан. Уни қатл эттирганини айтганида аввал қўрқиб кетишган, кейин ҳамма ўз қувончини изҳор қилган экан.

[1] Ибн Касир, “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (10-жилд).
[2] Аввалги манба.

Изоҳ қолдиринг