Яхши ишларда доим пешқадам бўлгани:
Сиддиқ розияллоҳу анҳу мақтовли сифатлар ва юксак ахлоқлар соҳиби эди. Яхши ишларда ҳаммадан илғор бўлишга интиларди. Яхшиликда ўрнак, одоб-ахлоқда намуна эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ичларингизда ким бугун рўза тутди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, деди. “Ичларингизда ким бугун жанозада қатнашди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, деди. “Ичларингизда ким бугун бир мискинни тўйдирди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, деди. “Ичларингизда ким бугун бир беморни бориб кўрди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ушбу ишлар қай бир кишида жамланса, у албатта жаннатга киради”, дедилар[1].
Ғазабни ичга ютиши:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эди, бир одам келиб, Абу Бакрни ҳақорат қилиб, сўка бошлади. Абу Бакр индамади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажабланиб, табассум қилиб турардилар. Ҳалиги одам ҳадеб ҳақорат қилавергач, Абу Бакр ҳам унинг баъзи сўзларига жавоб қайтарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланиб, туриб кетдилар. Абу Бакр ортларидан бориб: “Ё Расулуллоҳ, у мени ҳақоратлаб сўккан пайтда ўтирдингиз, мен унинг баъзи сўзларига жавоб қайтарсам, ғазабланиб туриб кетдингиз?”, деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг ҳақоратига сукут сақлаган вақтингизда бир фаришта ёнингизда туриб, сизнинг номингиздан унга жавоб қайтариб турган эди. Сиз унинг баъзи гапларига жавоб қайтара бошлаганингизда фаришта ўрнига шайтон тушди. Мен ҳаргиз шайтон билан бирга ўтирмайман!”, дедилар. Сўнг: “Эй Абу Бакр, уч хислат борки, барчаси ҳақдир. Қайси бир бандага зулм қилинса-ю, у Аллоҳ учун ундан кўз юмиб кечирса, албатта Аллоҳ шу сабабли уни Ўз ёрдами билан азиз қилади. Қай бир киши силаи раҳм ниятида ато-садақа эшигини очса, албатта Аллоҳ шу сабабли унинг мол-давлатига барака ато этади. Қай бир киши бойлик топиш мақсадида тиламчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ шу сабабли унинг камбағаллигини зиёда қилади”, дедилар[2].
Сиддиқ розияллоҳу анҳу ғазабни ютиш билан танилган эди, бироқ ҳалиги одамнинг овозини ўчириш ниятида баъзи гапларига жавоб қайтарган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳалимликка, оғир-босиқликка, ғазаб ўринларида ҳам сабрли бўлишга ундадилар. Зеро ҳалимлик ва ғазабни ютиш кишини инсонлар олдида чиройини ва обрўсини, Аллоҳ ҳузурида эса даражасини оширадиган сифатдир.
Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳалимлик, оғир-босиқлик, юмшоқсўзлик ва бағрикенглик каби сифатларга ошно бўлиб яшади. Лекин бу дегани у умуман ғазабланмас эди, дегани эмас. Унинг ғазаби Аллоҳ учун бўларди, Аллоҳнинг ҳурматлари поймол қилинганини кўрса, бундан қаттиқ ғазабланар эди. Юқорироқда келтирганимиз яҳудий руҳонийси Пинхос билан бўлиб ўтган воқеа бунга далил бўлади.
Ҳа, албатта Аллоҳ мени мағфират қилишини истайман:
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Мистаҳ ибн Усосанинг ҳолидан хабар олиб, кўмаклашиб турарди. Машҳур “ифк” (Ойша розияллоҳу анҳо шаънига туҳмат қилиниши) ҳодисасида у ҳам туҳматчиларга аралашганини эшитгач, бераётган нафақасини тўхтатиб қўйди ва унга ёрдам қилмасликка қасам ичди. Аллоҳ таоло “Нур” сурасида: “Орангиздаги аҳли карам ва давлатмандлар хеш-ақраболарига, мискинларга ва дин йўлида ҳижрат қилганларга ҳеч нарса бермасликка қасам ичишмасин, уларни афв этишсин, кечиришсин. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми? Аллоҳ мағфират қилгувчи ва бениҳоя шафқатли зотдир” [Нур: 22] оятини нозил қилгач, Абу Бакр: “Ҳа, қасамки, Аллоҳ мени мағфират қилишини истайман” деб, Мистаҳга аввалда бериб келган нафақасини яна бера бошлади ва: “Аллоҳга қасамки, мен уни асло тўхтатиб қўймайман”, деди[3].
Абу Бакр Сиддиқ ушбу ояти каримадан мўмин киши Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланиши ҳамда тойилиш, қоқилиш, хато ва нуқсонларни афв қилиши лозимлигини тушунди. Шундай қилса, Аллоҳ ҳам уни кечиришини билди. Зеро Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?”, яъни Аллоҳ гуноҳларингизни кечиришини истасангиз, сизлар ҳам уларни кечиринглар, деди. Ушбу оятдан тушуниладиган маънолардан яна бири шуки, агар киши бир ишни қилмасликка қасам ичган бўлса-ю, кейин ўша ишни қилиши яхшироқ эканини билса, қасамига каффорат бериб, ўша ишни қилиб кетаверади. Баъзи уламолар: “Бу оят Аллоҳнинг Китобидаги энг умидбахш оятдир”, деганлар[4].
Мадинадан Шомга тижорат сафарига чиққани:
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида тижорат учун Шом диёридаги Бусро шаҳрига сафар қилди. Доим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида бўлиш истаги уни тижорат учун сафар қилишдан тўхтатиб қолмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уни кўп яхши кўришларига қарамай, сафарга чиқмасдан ўз ёнларида бўлишга буюрмадилар[5]. Бундан мусулмон киши ҳалол ризқ топиш манбаига эга бўлиши ва одамлардан сўраниб юрмаслиги, аксинча, ўзи ишлаб топган мол-давлати билан муҳтож ва мискин кишиларга қарашиб юриши афзаллиги келиб чиқади.
Сиддиқнинг рашки ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга аёли гуноҳсизлигини айтганлари:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бану Ҳошим уруғидан бир неча киши Асмо бинти Умайс ҳузурига кирдилар. Ўшанда у Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг никоҳида эди. Абу Бакр унинг ёнига кириб, уларга кўзи тушгач, бу ҳолни ёқтирмади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган эди, у зот: “Аллоҳ таоло аёлингизни (бузуқлик гуноҳидан) поклаган”, дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб, шундай дедилар: “Бугундан кейин бирон киши эри ғойиб аёл олдига ёлғиз кирмасин, бир-икки киши ҳамроҳлигида кирса мумкин”, дедилар[6].
Аллоҳдан қўрқиши:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилдилар, мен аввал бу қадар таъсирли хутба эшитмаган эдим. У зот хутбалари ичида: “Агар мен билган нарсаларни билганларингизда эди, кам кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдинглар”, дедилар. У зотнинг саҳобалари ўзларини йиғидан тўхтатолмай, юзларини ўраб олдилар[7].
Сиддиқ розияллоҳу анҳу хавфу ражо (қўрқув ва умидворлик)дан дунё ва охиратда нажот топишни истаган ҳар бир мусулмонга намуна бўларлик жуда катта улушга эга эди.
Муҳаммад ибн Сийрин айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин Абу Бакрдан кўра ўзи билган нарсасидан қўрқувчироқ киши бўлмади”.
Қайс айтади: Абу Бакрни кўрдим, тилининг учидан ушлаб: “Мени ҳалокатларга туширган нарса шу”, дер эди[8].
Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтади: “Йиғланглар! Йиғлай олмасанглар, йиғлагандек бўлинглар!”[9].
Маймун ибн Меҳрон айтади: Абу Бакрга бир каптарни олиб келдилар. У унинг у ёқ-бу ёғини ағдариб кўраркан: “Бирон ов овланган ё бирон гиёҳ юлинган бўлса, албатта тасбеҳни зое қилгани учундир”, деди[10].
Ҳасандан ривоят қилинади: Абу Бакр деди: “Қанийди, ҳайвонлар еб-битирадиган ва юлиниб кетадиган мана шу ўт-ўланга айланиб қолсам”. Яна деди: “Қанийди, мўмин кишининг баданидаги битта тук бўлиб қолсам”[11].
[1] Имом Муслим (1028).
[2] Муснад Аҳмад (2/436). Албоний, “Ас-силсила ас-саҳиҳа” (2231).
[3] Бухорий (4750).
[4] “Тафсири мунир” (18/190).
[5] “Фатҳул Борий” (4/357).
[6] Абу Жаъфар Табарий, “Ар-риёзун назра фий маноқибил ашра” (237).
[7] Бухорий, “Китобут тафсир” (6/68).
[8] “Сифатус софва” (1/96).
[9] Имом Аҳмад, “Зуҳд” китоби, “Абу Бакрнинг зоҳидлиги ҳақидаги боб” (108).
[10] Аввалги манба.
[11] Аввалги манба.