Аббосийлар давлати: Абу Жаъфар Мансур хилофати (4)

0

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан қўзғолони

Мансур ҳижрий 144 йили ҳаж сафарига йўл олди. Мадинага етиб келганида одамлар унинг истиқболига чиқдилар. Кутиб олувчилар орасида Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб ҳам бор эди. Мансур ундан Муҳаммад ва Иброҳим исмли икки ўғли қаердалигини сўради. У уларнинг қаердаликларини билмаслигини айтиб қасам ичди. Мансур уларни суриштириши сабаби, умавийларнинг сўнгги халифаси Марвон ҳукмронлигининг охирларида Ҳижоз аҳлидан бир жамоа Марвонни халифаликдан тушириб, ўрнига Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ўғли Муҳаммадни халифа қилишга бел боғлаган ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасанга халифалик байъатини берган эдилар. Унга байъат берганлар ичида Абу Жаъфар Мансурнинг ўзи ҳам бор эди. Бу эса давлат ҳали аббосийлар қўлига ўтмасидан олдин эди. Халифалик Абу Жаъфар Мансурга ўтгач, у Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасандан ва унинг иниси Иброҳимдан қаттиқ хавфсирай бошлади. Сабаби, Мансур улар Марвонга қарши бош кўтариб чиқишгани каби бир кун келиб унга ҳам қарши бош кўтариб чиқишларидан гумонсирар, шу боис фитнани бешигидаёқ бўғиб ўлдиришни истар эди. Ўз навбатида бу икки оға-ини ҳам ўз жонларидан хавф қилиб, Мансурнинг чангалига тушмаслик учун узоқ ўлкаларга қочиб кетишган эди. Аввал Яманга бориб, ундан Ҳиндистонга кетиб, ўша ерда яширинишган, бироқ у ерда ҳам турган ерлари маълум бўлиб қолиб, яна бошқа ерга кетиб яширинишга мажбур бўлишган, шундай қилиб Мансур уларни қўлга тушира олмаётган эди.

Мансур уларнинг отасидан ўғилларини қаердан бўлмасин, топиб келтиришни қаттиқ талаб қилди. Абдуллоҳ унинг бу талабидан ғазабланиб: “Аллоҳга қасамки, агар улар оёқларим остида бўлса ҳам, сенга уларни кўрсатмаган бўлардим”, деди. Мансур ғазабланиб, уни зиндонбанд қилишга, мол-мулки ва қулларини сотиб юборишга амр этди. Абдуллоҳ ибн Ҳасан уч йил зиндонда ётди. Мулозимларининг маслаҳати билан Мансур Ҳасанзодаларни қолдирмай, ҳаммасини ҳибсга олдирди.

Мансур Муҳаммад ва Иброҳимни қўлга туширишга жуда қаттиқ уринди. Ваҳоланки, улар ҳаж мавсумларида ҳажга келишар, кўп вақтларда Мадинада кўздан яшириниб юришар эди. Мансур Мадинадаги ноибини ишдан олиб, ўрнига бошқасини тайинлар, янги ноибдан у иккаласини қўлга туширишни қаттиқ талаб қилар, уларни қўлга тушириш учун ҳар қанча сарф-харажатни аямас эди. Лекин барчаси бефойда кетаётганди, улар унга тутқич бермас эдилар.

Бир йили уларнинг тарафдорлари Маккада Сафо ва Марва оралиғида Мансурга суиқасд уюштирмоқчи ҳам бўлдилар. Бироқ Абдуллоҳ ибн Ҳасан уларни муқаддас Ҳарам ичида қон тўкишдан қайтарди. Мансур буни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг издошларидан бири бўлган Холид ибн Ҳассондан билди. Уни қўлга тушириб, қаттиқ қийнашганида Мансурга қарши тузилган суиқасд режаси ҳақида ҳам айтиб берди. “Нега суиқасдни амалга оширмадингизлар?”, деган саволга у: “Абдуллоҳ ибн Ҳасан бизга буни тақиқлади”, деб жавоб берди.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ онаси ҳузурига келиб: “Онажон, отамга ва амакиларимга қаттиқ қайғурмоқдаман. Мен уларни азобдан қутқариш учун ўзимни топширсамми, деяпман”, деди. Онаси зиндонга бориб, унинг гапларини уларга етказган эди, улар бир овоздан: “Йўқ, асло ундай қилмасин! Биз сабр қиламиз. Шояд, Аллоҳ унинг қўли билан яхшилик келтирса. Бизнинг қутулишимиз Аллоҳнинг қўлида, истаса Ўзи бизни озодликка эриштиради, истаса тангликка гирифтор этади”, деб жавоб бердилар.

Мансур Ҳасанзодаларни Мадина зиндонидан Ироқ зиндонига кўчирди. Улар билан бирга Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Усмонийни[1] ҳам келтирди. У Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ота бошқа иниси эди. Унинг қизи Руқайя Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг аёли эди. Ҳасанзодаларнинг кўплари зиндонда ўлиб кетдилар, қолган-қутганлари Мансурнинг вафотидан кейин озод бўлдилар.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ўзининг танг аҳволидан қаттиқ сиқилар, яшириниб юраверишдан безор бўлган эди. Устига устак Мадина волийси уни қидиришни  сусайтирай демас, Мадина аҳли ҳам унинг яшириниб юришидан ўпкалаб, очиқ кураш майдонига чиқишини истар эди. Шундан сўнг у очиқ майдонга чиқишга қарор қилди ва Жумодул-охира ойининг сўнгги куни 250 издоши билан юриш бошлаб, дастлаб зиндонга ҳужум қилиб, бандиларни озодликка чиқариб юборди. Сўнг амир қароргоҳига ҳужум қилди, амирни қўлга тушириб, зиндонга солди. Бутун Мадина унинг итоати остига кирди. Мадинага Усмон ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Зубайрни волий қилди, қозиликка Абдулазиз ибн Мутталиб ибн Абдуллоҳ Махзумийни, миршаббошиликка Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобни тайинлади.

Мансурга хабар етгач, унга қарши жияни Исо ибн Мусо бошчилигида қўшин йўллади. Исога уни итоатга чорлашни ва унга омонлик ваъда қилишни буюрди. Исо ибн Мусо ўн минг отлиқ билан йўлга тушди, улар орасида Абул Аббос Саффоҳнинг ўғли Муҳаммад, Ҳумайд ибн Қаҳтаба ва Жаъфар ибн Ҳанзала каби саркардалар бор эди.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Маккаи Мукаррамага Ҳасан ибн Муовияни юборди. У Маккага кириб бориб, унинг волийси Суррий ибн Абдуллоҳни мағлуб қилди.

Шунингдек, у Шом аҳлига вакиллар юбориб, улардан ўзига байъат беришларини сўради. Баъзилар унинг чорловини қабул қилди, баъзилар бош тортди. Урушлар ўлканинг тинкасини қуритган эди. Улар: “Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мадинада бош кўтариб чиқибди. Ваҳоланки, Мадина одамларни ишга солиш ва уларни таъминлаб туриш учун катта маблағга эга эмас”, дейишди.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мадина қалъаларини маҳкамлаб, унинг атрофига хандақ қаздирди. Исо ибн Мусо етиб келиб, уч кун мобайнида Муҳаммадни итоатга чорлади, бироқ у қатъиян бош тортди. Сўнг Исо омонлик бериш ҳақида жар солдириб, мақсади фақат Муҳаммадни Ироққа, халифа ҳузурига етказиш эканини эълон қилиш билан Муҳаммаднинг одамларини унинг атрофидан тарқатишга уринди. Дарҳақиқат, бу Мадина аҳлига етарлича таъсир кўрсатди ва анча-мунча одам унинг атрофидан тарқалиб кетди. Қолаверса, Муҳаммаднинг ўзи ҳам уларга: “Мен байъатларингизни ўз қўлингизга қайтардим, ким байъатида давом этишни истаса қолсин, қайтиб олишни истаган қайтиб олаверсин”, деб эълон қилди. Шундан сўнг жуда кўпчилик тарқалиб кетиб, унинг атрофида озчилик одамлар қолди.

Исо ибн Мусо  Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг Маккага қочиб кетишига имкон бермаслик учун 500 отлиқ аскарни Макка йўлига юбориб, йўлни тўсиб қўйди.

Шу йил Рамазоннинг иккинчи ўн кунлиги бошида икки тараф ўртасида уч кунгача элчилар қатнови давом этди. Учинчи куни икки тараф сафга тизилиб, уруш ҳаракатлари бошланди. Исо ибн Мусо 4000 аскар билан жангга кирди. Муҳаммаднинг атрофида эса 300дан ошиқроқ одам бор эди. Қаттиқ жанг бўлди. Муҳаммад отдан тушиб олган, ўнгу сўлидан келганга қилич урарди. У шу куни Исонинг аскарларидан етмишдан ортиқ кишини ўлдирди. Ироқ қўшини хандақдан ўтиб, унинг одамларини ўраб олиб, кўпларини қириб юборди. Жанг то аср намозигача тўхтамади. Аср ўқилганидан кейин яна урушни бошладилар. Охир-оқибат кўпчилик устун келиб, Муҳаммаднинг аскарлари тум-тарақай бўлиб кетди ва унинг ёнида жуда оз кишилар қолди. Улар ҳам камайиб бориб, охири бир ўзи қолди. Ҳеч ким унга бас келолмас, ёнига яқинлашган одам албатта ўларди. Кейин кўпчилик бўлиб, унинг устига ёпирилдилар ва у бир кишининг қиличи зарбидан чўккалаб қолди. Сўнг ҳолдан тойган ва жароҳатлардан кучсизланиб қолган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ устига Ҳумайд ибн Қаҳтаба келиб, бошини танидан жудо қилди. Кейин унинг бошини Мансурга юбордилар, танасини эса Бақеъга дафн этдилар.

Шундан сўнг Исо ибн Мусо Маккага йўл олди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Маккага Ҳасан ибн Муовияни волийликка тайинлаган эди. У Мадинага Муҳаммад ибн Абдуллоҳга кўмакка келаётган пайтида унинг ўлдирилгани хабарини эшитиб, тўғри Басрага қараб қочди, бу пайтда у ерда Муҳаммаднинг иниси Иброҳим ибн Абдуллоҳ бош кўтариб чиқаётган эди.

 

[1] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Усмон ибн Аффон – куняси Абу Абдуллоҳ, онаси Фотима Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб қизи эди.

Изоҳ қолдиринг