Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Сиддиқ шахсиятининг айрим қирралари (1)

0

Абу Бакр Сиддиқ шахсиятининг энг асосий қирраларидан бири шубҳасиз, унинг раҳбарлик ва етакчилик қобилиятидир. У раббоний раҳбарга лозим сифатларнинг барчасига эга эди. Биз қуйида унинг бу сифатларидан баъзиларини умумий, баъзиларини батафсил суратда баён қилиб ўтамиз. Ушбу сифатлар ичига унинг соғлом эътиқод, шаръий илм, Аллоҳга суяниш, куч-қудрат, ростгўйлик, лаёқат, шижоат, мурувват, зуҳд, фидокорлик, ёрдамчилар танлай билиш, тавозе, насиҳатни қабул қилиш, ҳалимлик, сабрлилик, олийҳимматлик, зийраклик, пухталик, кучли ирода, одиллик, муаммоларни ҳал қилишга қодирлик, бошлиқлар етиштириб чиқариш ва тайин қилиш каби сифатларини киритиш мумкин. Сиддиқ шахсиятининг айрим қирралари унинг Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида кўмакчи бўлиб турган даврида, баъзилари Мадина муҳитида у зотнинг ғазотлари ва бошқа воқеа-ҳодисалар асносида, яна баъзилари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари сифатида фаолият юритган ва давлатни бошқарган даврларда намоён бўлди. У Аллоҳнинг тавфиқи ва У ато этган етакчилик қобилияти билан умматни аввалдан белгилаб қўйилган мақсадлари сари етаклашнинг уддасидан чиқди. Қуйида сўз даставвал Сиддиқнинг энг асосий сифатларидан бўлмиш Аллоҳга бўлган чуқур иймони, улкан илмий салоҳияти, Аллоҳга кўп тавба-тазаррулар билан дуолар қилиши ҳақида боради.

  • Аллоҳга бўлган кучли иймони:

Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Аллоҳга иймони жуда кучли эди. У иймон ҳақиқатини чуқур англаган, тавҳид калимаси унинг бутун вужудига ва қалбининг ичи-ичига кириб борган ва иймон асорати унинг бадани аъзоларида тўла акс этган эди. У бутун ҳаёти бўйлаб ана шундай, юксак ахлоқлар билан безаниб, тубан ахлоқлардан пок бўлиб яшади. Бир умр Аллоҳнинг шариатини ва пайғамбарининг йўлларини маҳкам тутишга интилди. Аллоҳга бўлган иймони уни ҳаракатга, ҳиммат кўрсатишга, фаолиятга, жидду жаҳд ва жиҳодга, азизлик ва олийликка ундарди. Унинг қалбида бошқа ҳеч бир саҳоба унга асло тенг келолмаган буюк иймон ва ишонч ўрнашган эди.

Абу Бакр ибн Айёш айтади: “Абу Бакр бошқалардан намоз ва рўзасининг кўплиги билан эмас, қалбида ўрнашган мустаҳкам иймони билан ўзиб кетган[1].

Умар розияллоҳу анҳу: “Агар Абу Бакрнинг иймони бутун ер юзи аҳлининг иймони билан тарозига қўйилса, Абу Бакрнинг иймони оғир келади”, деган[2].

“Сунан”да Абу Бакрадан шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирон киши туш кўрдими?”, деб сўрадилар. Шунда бир киши: “Мен тушимда гўё осмондан бир тарози тушганини кўрдим. Унда сиз билан Абу Бакр тортилган эдинглар, сиз Абу Бакрдан оғир келдингиз. Кейин Абу Бакр билан Умар тортилган эди, Абу Бакр оғир келди. Кейин Умар билан Усмон тортилган эди, Умар оғир келди. Кейин тарози яна осмонга кўтарилиб кетди”, деди. Унинг бу тушидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кайфиятлари бузилгандек кўринди. Сўнг у зот: “Пайғамбарликнинг халифалиги, кейин эса Аллоҳ мулкни истаган кишисига беради”, дедилар[3].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир киши бир сигирни ҳайдаб бораркан, уни миниб олиб, урди. Шунда сигир: “Биз бунинг учун яратилмаганмиз, ер ҳайдаш учун яратилганмиз”, деди”. Одамлар: “Субҳаналлоҳ, сигир гапирса-я!”, дейишганди, у зот: “Бунга мен ишонаман, Абу Бакр ва Умар ишонади”, дедилар, ўша пайтда у икковлари у ерда йўқ эди. У зот яна айтдилар: “Бир киши қўй боқиб юрганида бир бўри ҳужум қилиб, битта қўйни тортиб кетган эди, у бўрининг ортидан қувиб бориб, қўйни ундан қутқариб олгандек бўлди. Шунда бўри: “Буни-ку мендан қутқариб олдинг, (ҳаммаси) йиртқичларга қолиб, уларга мендан бошқа чўпон бўлмаган кунда ким уларга қараркин?!”, деди”. Одамлар: “Субҳаналлоҳ, бўри гапирса-я!”, дейишганди, у зот: “Бунга мен ишонаман, Абу Бакр ва Умар ишонади”, дедилар, ўша пайтда у икковлари у ерда йўқ эди[4].

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени “Зотус салосил” жангида қўшинга амир қилиб тайинладилар. Мен у зот ҳузурларига бориб: “Сизга энг суюмли инсон ким?”, деб сўрадим. “Ойша”, деб жавоб бердилар. “Эркаклардан-чи?”, деб сўрадим. “Унинг отаси”, деб жавоб бердилар. “Ундан кейин-чи?”, деб сўрадим. “Умар ибн Хаттоб”, дедилар. Сўнг бир неча кишиларни санадилар, шундан сўнг мени энг охирига қўйишларидан қўрқиб жим бўлдим”[5].

Сиддиқ розияллоҳу анҳу ана шундай улкан иймон эгаси бўлгани, Аллоҳнинг шариатини маҳкам ушлагани, Аллоҳ таолонинг динини олий қилишда беқиёс куч-ҳаракат сарфлагани учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан жаннат хушхабарини ва жаннатнинг барча эшикларидан киришга чорлов хабарини эшитишга сазовор бўлди.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни уйимда таҳорат қилиб чиқдим-да, бугун кун бўйи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўламан, дедим. Масжидга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қаердаликларини сўраган эдим: “У зот шу томонга қараб кетдилар”, деб айтишди. Кейин мен у зотнинг изларидан сўраб-суриштириб, Арис қудуғи жойлашган қўрғонга етиб бордим. У зот ўша ерга кириб кетган эканлар. Мен қўрғоннинг хурмо бутоқларидан қилинган эшиги олдида ўтирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожатларини ўтаб, таҳорат қилдилар. Кейин мен у зотнинг ёнларига борсам, қудуқ айланасига қилинган супада ўтирган эканлар. Болдирларини очиб, оёқларини қудуққа осилтириб олибдилар. Мен у зотга салом бердим, сўнг бугун у кишига эшикбонлик қиламан деган ниятда эшик ёнига бориб ўтирдим. Бир оздан сўнг Абу Бакр келиб, эшик қоқди. “Ким бу?”, деган эдим: “Абу Бакрман”, деди. “Кутиб туринг, ҳозир”, дедим-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига бориб: “Абу Бакр киришга изн сўраяпти”, дедим. У зот: “Изн беринг ва унга жаннат билан хушхабар беринг”, дедилар. Мен бориб, Абу Бакрга: “Киринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга жаннат билан хушхабар бермоқдалар”, дедим. Абу Бакр кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўнг томонларига ўтирди ва у ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек, болдирларини очиб, оёқларини қудуққа осилтириб ўтирди…”[6].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ йўлида бир жуфт нарса инфоқ қилса, жаннат дарвозаларидан: “Эй Аллоҳнинг бандаси, бу (эшик ортида сен учун) яхшиликлар (бор)”, дея нидо қилинади. Ким намоз аҳлидан бўлса, намоз дарвозасидан чақирилади. Ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод дарвозасидан чақирилади. Ким рўза аҳлидан бўлса, Райён дарвозасидан чақирилади. Ким садақа аҳлидан бўлса, садақа дарвозасидан чақирилади”, дедилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, ушбу дарвозалардан (биридан) чақириладиган кишига (бошқасидан чақирилишга) ҳожат йўқ аслида, шундай бўлса ҳам, бирор киши ушбу дарвозаларнинг ҳаммасидан ҳам чақириладими?”, деб сўради. У зот: “Ҳа, сиз ўшалардан бўласиз деб умид қиламан, эй Абу Бакр”, дедилар[7].

[1] Ибн Таймия, “Минҳожус сунна” (6/223).
[2] Байҳақий, “Шуабул иймон” (1/42).
[3] Абу Довуд (4634). Термизий (2288).
[4] Бухорий (3471). Муслим (2388).
[5] Бухорий (3662).
[6] Бухорий (3674).
[7] Бухорий (3666).

Изоҳ қолдиринг