Кофирлар тўғрисидаги оятларни мўминларга татбиқ қилиш жоизми?

0

Савол:

Кофирлар ҳақида сўз юритган оятларни омма мусулмонларга тушириб, уларга шу оятлар билан мурожаат қилиш мумкинми ёки бу оятларнинг ҳукми фақат кофирларга тегишлими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли-оилалари ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!

Аҳли китоб, бутпараст ёхуд мунофиқ бўлишидан қатъий назар, Қуръонда кофирларга тегишли бўлган сифатлар икки турга бўлинади.

Биринчи тур: пайғамбарларни ёлғонга чиқариш, Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш, бутларни улуғлаш каби инсонни диндан чиқарадиган сифатлар. Кофирлар айнан шу сифатлари сабабли дунёда кофир номига, охиратда эса дўзахда абадий қолишга лойиқ бўлишган. Бу сифатларга далолат қиладиган оятлар фақат кофирларга туширилади. Акс ҳолда, бунинг ортидан мусулмонларни кофир дейиш келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар инсон ўз биродарига: “Эй кофир” – деса, шу сифат уларнинг бирига қайтади” – деганлар (муттафақун алайҳ).

Бу хаворижларнинг йўли саналади. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ муаллақ қилиб ривоят қилган асарда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо хаворижлар ҳақида шундай дейди: “Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни олиб мўминларга татбиқ қиладилар”.

Иккинчи тур: ғофиллик, қалб қаттиқлиги, ноҳақ тортишиш, ҳавои нафсга эргашиш ҳамда солиҳларни қатл қилиш каби инсонни диндан чиқармайдиган сифатлар. Бу сифатларга эга ёхуд мазкур ишлардан бирини қилган инсон кофир бўлмайди. Лекин Қуръон бизни бу каби ишлардан қайтарган. Чунки уламоларимиз айтганларидек, гуноҳлар кофирликнинг пойдеворидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, у ҳам ўшалардандир” – деганлар (Имом Аҳмад ривояти, шайх Албоний саҳиҳ деган).

Агар бирон бир оят ёхуд оятнинг бир қисми кофирларнинг мана шу иккинчи турдаги сифатларига далолат қилса, бу сифатга эга бўлган мусулмонларни бунинг оқибатидан огоҳлантириш учун уларга шу сифатнинг ўзини татбиқ қилиш мумкин, кофирлик сифати ёхуд унинг ҳукмини эмас. Бунга бир неча далиллар бор, жумладан:

  • Сукутий ижмо: Қуртубий роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида Аллоҳ таолонинг: “Сизлар нозу неъматларингизни дунё ҳаётингизда кетказдинглар ва дунё ҳаёти билан фойдаландинглар” – деган сўзининг тафсирида шундай дейди: “Бу оят кофирлар тўғрисида экани очиқ. Шундай бўлса-да, Умар розияллоҳу анҳу бу оятдан ўзининг ҳолатига муносиб келадиган баъзи нозу неъматлардан тийилиш кераклигини тушунган ва бунга биронта саҳоба қарши фикр билдирмаган”;

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган ишлари: имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуга “Инсон кўп нарсада тортишувчидир” ояти билан мурожаат қилганлар. Ҳолбуки, бу оят Маккада нозил қилинган бўлиб, унда кофирлар ҳақида сўз юритилган;

  • Саҳобаларнинг қилган ишлари: саҳобалар кофирлар тўғрисида нозил бўлган оятларни бидъатчиларга татбиқ қилишарди, ваҳоланки, бидъатчиларнинг барчаси кофир эмас. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг: “У кунда баъзи юзлар оқаради ва баъзи юзлар қораяди” – деган сўзининг тафсирида: “У кунда аҳли суннат ва жамоатнинг юзи оқаради, бидъатчи ва фирқаларнинг юзи қораяди” – дегани айтилган. Шунингдек, Каҳф сурасидаги “(Уларга): “Сизларга энг зарар кўрган одамлар ким эканини айтайми” – денг” оятининг тафсирида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Али ибн Абу Толиб, Заҳҳок ва бир қанча муфассирлар: “Улар ҳарурийлар (яъни хаворижлар)” –  дейишган”. Ваҳоланки Али розияллоҳу анҳу хаворижларни кофир демаган;

  • Саҳобалар кофирлар тўғрисида нозил бўлган оятларни ўзларига татбиқ қилишгани ҳам бунга далил бўлади. Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган, Албоний роҳимаҳуллоҳ ҳасан деган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: ““Сўнг сизлар у кунда неъматлардан сўраласизлар” ояти нозил бўлганида саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, еганимиз сув билан хурмо бўлса, душман қараб турганида қиличимиз елкамизда бўлса, қанақа неъматдан сўраламиз?!” – деб сўрашганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу кейинчалик бўладиган неъматлар” – деб жавоб бердилар”. Табарий роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан мазкур оят мушриклар тўрисида нозил бўлганини ривоят қилган;

  • Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳга берган аҳдларини ва қасамларини озгина пул эвазига сотадиганларнинг охиратда ҳеч ҳам насибалари бўлмайди” – деган сўзи аҳли китоблар тўрисида айтилган бўлса-да Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганидек саҳобалар бу оятни ёлғон қасам ичган кишига бўладиган азоблар қаторига қўшишган. Бунга бошқа мисоллар ҳам талайгина.

Аҳли илмлар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам худди шу йўлни тутиб келишмоқда. Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Жомеу баёнил илм” китобида фиқҳда тақлид қилиб бўлмаслигига кофирлар ўз ота-боболарига тақлид қилишгани тўғрисидаги оятларни далил қилиб келтирган. Доктор Мусоид Тайёр шундай дейди: “Кофирларнинг баъзи сифатларини баъзи гуноҳкор мусулмонларга татбиқ қилиш у гуноҳкорлар кофирларнинг барча сифатларига эга, дегани эмас. Акс ҳолда, мавзу мўминлар ҳақида эмас, балки кофирлар ҳақида бўлиб қолади. Шинқийтий роҳимаҳуллоҳ (1393 йилги босмасида) тақлид қилиш ҳукмини баён қилишда айтган мисолида худди шу маънони ёритиб берган”.

Бу борада батафсил маълумот олмоқчи бўлганлар учун:

Билишимизча, Доктор Мусоид Тайёр “Мултақо аҳли тафсир” форумидаги ўзининг “Оятларни ноўрин ерда далил қилиш ва кофирлар тўғрисидаги оятларни мўминларга татбиқ қилиш” номли илмий рисоласида мазкур масалани атрофлича ва батафсил ёритиб берган, валлоҳу аълам.

Манба: IslamWeb саҳифаси, IxlosOrg таржимаси.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг