Иккинчи хотинга адолат қилмаслик шарти билан уйланиш жоизми?

0

Савол:

Мен уйланганман. Оилам ва фарзандларим бор. Бир бева аёлга моддий ёрдам қилиб турардим. Шу аёл уни ўз никоҳимга олишимни таклиф қилди, акс ҳолда зино қилиб қўйиш хавфи борлигини, менинг оилам бор эканини инобатга олган ҳолда адолат талаб қилмасликка рози эканини билдирди. Шу шарт билан у аёлни ўз никоҳимга олишим мумкинми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Турмушга чиқмоқчи бўлган аёл бева ёхуд бокира бўлишидан қатъий назар, вазият тақозоси билан бўлажак кундошлари орасида адолат қилинмаслигига рози бўлган ҳолда турмушга чиқиши мумкин. Шунингдек, айни вақтда бировнинг никоҳида яшаётган аёл ҳам турмушини сақлаб қолиш учун ўз ҳаққидан кечиб, кундошлари орасида адолат қилинмаслигига рози бўлиши мумкин. Бунга Савда бинти Замъа онамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқ қилиб юборишларидан қўрққани сабабли у зотнинг розилигини олиш мақсадида ўз навбатини Ойша розияллоҳу анҳога беришни таклиф қилгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу таклифни қабул қилганлари далил бўлади (Бухорий (2453), Абу Довуд (2135) ҳамда Термизий (3040) ривояти). Кундошлар ўртасида адолат қилиш бу аёлнинг ҳаққидир. Аёл маълум бир манфаатни кўзлаган ҳолда ўз ҳаққидан воз кечиши жоиз. Бироқ никоҳдан сўнг аёл ўз ҳаққини, яъни кундошлар ўртасида адолат қилишни талаб қилса эр унинг ҳаққини адо этиши ва хотинлари ўртасида адолат қилиши вожиб бўлади, валлоҳу аълам.

Илова: кўпхотинлилик ҳақида батафсил маълумот олиш учун қуйидаги мақолага мурожаат қилинг:

IxlosOrg саҳифаси:

Кўпхотинлик – ислом ҳукмларидан бири

Facebook ижтимоий тармоғи:
https://www.facebook.com/IxlosOrg/posts/1653229468273538:0

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг