Товарни сотувчига қайтадан арзон нархда сотиш жоизми?

0

Савол:

Биз савдо билан шуғулланамиз. Бир харидоримиз бор, фақат биздан нарса олади, олган товарини оз муддат ишлатиб яна қайтиб бизга олиб келади ва: “Устига пул қўшиб, бошқасига алмаштирай”, деб айтади. Биз унга: “Олган нарсангизни бизга қайта сотинг”, деб айтмаймиз. Балки: “Бизга қайта сотманг, бошқасига сотинг”, десак у: “Бошқалар ўта арзонга олади. Қолаверса, улар билан олди-бердим йўқ. Ўзингизлар билган нархда гаплашаверайлик”, дейди. Бу ҳол кўп бор такрорланди. Бу ишимиз жоиз ёки йўқлигида шубҳа қилиб қолдик. Илтимос, шунга ойдинлик киритиб берсангиз. Олдиндан рахмат.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Харидор модомики товарни сиздан нақд пулга сотиб олган бўлса ҳамда харидорнинг сиздан қарзи бўлмаса, унинг бироз муддат ўтгандан сўнг олган товарини бошқасига алмаштириш мақсадида уни арзонроққа сотиши, шунингдек, олган нарсасини бошқа товарга алмаштирмаган тақдирда ҳам уни сизга қайта арзон нархга сотиши ва сизлар уни сотиб олишингизнинг зиёни йўқ. Бу шариатимизда қайтарилган “ийна” савдосига кирмайди, валлоҳу аълам.

Илова: Ийна савдосининг кўриниши шундан иборатки, бир киши бировга насияга маълум бир товарни сотади, сўнг сотувчининг ўзи ўша товарни харидордан арзонроқ нархда нақд пулга сотиб олади. Масалан, сотувчи харидорга насияга 100.000га автомашина сотади, сўнг уни 90.000 нақд бериб, ўзи қайта сотиб олади. Тўлов вақти келгунича сотиб олган одамнинг зиммасида 100.000 қолаверади. Бу турдаги савдо-сотиқ тури ҳаром қилингандир. Чунки бу рибога эришиш учун қилинадиган бир ҳийла саналади. Гўё насия пулни нақд пул эвазига ўртада ортиқчаси билан сотди ва товарни ҳийла сифатида аралаштирди, холос.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар ийна (рибо) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди” [Абу Довуд: 4362, Аҳмад: 5007].

Ушбу фатвони тайёрлашда Islamweb ва Islamnuri веб саҳифаларидан фойдаланилди.

Изоҳ қолдиринг