Усмон розияллоҳу анҳу: Зуннурайн шахсиятининг асосий қирралари (3)

0

Шижоати

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу довюрак инсонлардан эди. Бунга далил сифатида иккита мисол келтирамиз:

  • Аллоҳ йўлида жиҳодларга чиққани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга барча ғазотларида иштирок этгани. Айрим ғаразгўйлар Усмонни Бадр ғазотига чиқмагани билан айбдор қилмоқчи бўлишса, биз юқорида айтиб ўтганимиздек, бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан бўлган, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмонни Бадрда иштирок этганлар қаторида санаб, унга ҳам улуш ажратганлар ва у Бадрда иштирок этганлар ажрига эришган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларидан кейин бошқа ҳеч қандай гапга ўрин йўқ.

  • Ҳудайбияда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қурайшга юборган элчиси бўлгани. Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қурайшга элчи бўлиб бориши ҳақидаги амрларига лаббай деб, ҳеч иккиланмай Маккага жўнаб кетди. У ўшанда ўзининг қандай хавфли ишга қадам қўяётганини яхши биларди. Бироқ унинг мардлиги ва довюраклиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига бўйсуниш ва уни амалга оширишдан бошқа ҳар қандай ҳиссиётлардан ғолиб эди. Ўртада ҳеч қандай битим бўлмаган бундай вазиятда душман ҳузурига йўл олиш ўлимга тик боқиш билан баробар бўлиб, бунга фақат довюрак ва баҳодир инсонларгина қодир бўлади[1].

Жонфидолиги

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳовлиси қамалга олиниб, уйидан чиқолмай турган ҳолида қўзғолончилар ундан икки нарсадан бирини – ё халифаликдан воз кечишни ё эса ўлимни танлашни талаб қилишди. Ўшандай оғир вазиятда ҳам у халифалик бир тўда одамлар қўлида ўйинчоққа айланиб қолиши, улар истаган кишиларини халифа қилиб, истаганларини олиб ташлаши, халифаликни уммат сайлаган ҳақиқий эгасидан тортиб олиниши келгуси авлод ичида бир қоидага айланиб қолишига рози бўлиш ўрнига ўз жонини қурбон қилиб бўлса-да ўз позициясида маҳкам туришни афзал кўрди[2].

Моли билан жиҳод қилгани

Мол билан жиҳод қилиш жон билан жиҳод қилиш қаторида саналади, ҳатто баъзи ўринларда мол билан жиҳод қилиш муқаддам зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади: “Мўминлардан ўзлари бешикаст бўлиб туриб (жиҳодга чиқмай) ўтирган кишилар билан Аллоҳ йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди. Аллоҳ молу жонлари билан курашган зотларни (бирон узр сабабли жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилардан ҳам бир даража афзал қилди ва барчаларига гўзал оқибатни (яъни жаннатни) ваъда қилди. Ҳамда Аллоҳ жиҳод қилувчиларни ўтириб олувчилардан улуғ мукофот — Ўз томонидан бўлажак юксак даражалар, мағфират ва марҳамат би­лан афзал қилди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир [Нисо: 95-96].

Бундан бошқа ҳам бир неча оятларда мол билан жон ёнма-ён зикр қилинган. Молини Аллоҳ йўлида аямай сарф қилувчи киши ҳақиқий мужоҳиддир. Усмон розияллоҳу анҳу жиҳод учун шу қадар кўп мол сарфлаганидан ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Усмонга бугундан кейин қандай иш қилса ҳам зарари йўқ”, деб икки марта айтганлар[3].

Ақлу фаросати ўткирлиги

Усмон Зуннурайн кучли ақлу фаросат соҳиби эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уни исломни қабул қилишга чақирган пайтида: “Ҳой Усмон! Сен ақлу фаросатли инсонсан, ҳақ билан ботилни ажрата оласан, қавмимиз сиғиниб юрган бу бутларнинг нималигини яхши биласан”, деб айтгани нақл қилинган[4].

Ҳижрий 26 йили Усмон розияллоҳу анҳу Масжиди Ҳаромни кенгайтириш ишларини олиб борди. Ўшанда айримлар ерларини сотишга кўнмай, тўполон қилишганида Усмон уларга: “Сизларни менга қарши бу қадар журъатли қилган нарса нималигини биласизларми?! Менинг ҳалимлигим сизларни менга қарши журъатлантирди! Илгари Умар шу ишни қилганида унга миқ этиб овоз чиқара олмаган эдинглар”, деганди[5].

 Халифалик низомини ҳимоя қилиб, зое бўлиб кетишидан асраб қолгани ҳам Усмон розияллоҳу анҳунинг ақлу фаросати кучлилигига далил бўлади. У қўзғолончиларнинг халифаликдан воз кечиш талабини қабул қилмади. Бу иши билан у халифалик низомининг давомийлигини таъминлади. Чунки агар у исёнчилар талабига бўйсуниб, халифаликдан воз кечганида халифалик мансаби ерда бузғунчилик тарқатиш истагидаги ёвуз кучлар қўлидаги ўйинчоққа айланар, давлатнинг бошқарув низоми издан чиқиб, бошбошдоқлик ва тартибсизлик ҳукмрон бўлар эди.

Сабру матонати

Сабру матонат Усмон розияллоҳу анҳу шахсиятининг асосий қирраларидан бири эди. Унинг ушбу сифати айниқса фитна даврида яққол намоён бўлди. Унинг ўша ўз бошига ва умуман уммат бошига келган аламли ҳодисалар пайтида сабру сабот билан тургани жамоат бирлигини сақлаб қолиш, умматнинг буюклигини йўқотмаслик ва мусулмонларнинг қонларини беҳуда тўкилишдан асраб қолиш учун ўз жонини фидо қилишга олий намуна бўла олади. Ваҳоланки, агар у ўз жонини ўйлаганида ва уммат манфаати учун қайғурмаганида бемалол жонини асраб қолиши ва ўлимдан қутилиб қолиши мумкин эди. Атрофида унинг ҳимоясига бел боғлаган саҳобалар, муҳожиру ансор ўғлонлар бор эди. Агар истаса, ўшаларни исёнчилар қиличларига қалқон қилиши мумкин эди. Лекин, у ўз жонини эмас, уммат бирлигини сақлаб қолишни истади ва сабру матонат билан ўз жонини фидо қилди.

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шак-шубҳасиз маълумки, Усмон қон тўкишдан энг қаттиқ тийилувчи, ўз шахсига ва обрўсига чанг солган, уни қатл қилишга чоғланган кимсаларга ҳам энг сабр қилувчи инсон эди. Уйини қамалга олдилар, ўлдиришга қасд қилдилар, уни ўлдиришга азму қарорлари жиддийлигини билди, мусулмонлар унга ёрдам бериш мақсадида йиғилиб келдилар, исёнчиларга қарши урушиш маслаҳатини бердилар, у эса одамларни урушдан ва қон тўкишдан қаттиқ қайтарди. Унга Маккага кетишни маслаҳат бердилар, Ҳарамда гуноҳга қўл урадиган кимсалардан бўлишни истамайман, деб жавоб берди. Шомга кетишни маслаҳат бердилар, ҳижрат қилган диёримдан айрилмайман, деди. Унда исёнчиларга қарши урушинг, дейилди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг у зотнинг умматига қилич кўтарган биринчи кимса бўлиб қолишни истамайман, деди. Усмоннинг то қатл этилгунича ҳам сабр билан туриши унинг мусулмонлар наздидаги энг катта фазилатларидан бўлиб қолди”[6].

Одиллиги

Усмон розияллоҳу анҳу адолати билан ҳам машҳур эди. Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёр айтади: Усмон розияллоҳу анҳу уй қамалида эканида мен унинг ҳузурига кирдим. Унга: “Сиз уммат имомисиз. Бошингизга бундай иш тушиб қолди. Энди бизга фитна имоми бўлмиш бир кимса (Абдураҳмон ибн Удайс ал-Балвий) намоз ўқиб бераяпти. Бундан кўнглимиз хижил бўлмоқда”, дедим. Усмон: “Одамлар қиладиган энг яхши амал намоздир. Агар одамлар яхши амал қилсалар, сен ҳам улар билан бирга қилавер. Агар ёмон иш қилсалар, ёмонликларидан четлан”, деди[7].

Ибн Шабба санади билан шундай ривоят қилади: Бир куни Усмон ибн Аффон ғуломи туяга ем бераётгани устига кириб қолди. Қараса, емга ёмон нарса аралашган экан. Шунда Усмон ғуломнинг қулоғини буради. Кейин бу ишидан пушаймон бўлиб, ғуломга унинг ҳам қулоғини бураб, қасосини олишни буюрди. Ғулом кўнмади. Усмон қаттиқ туриб талаб қилганидан сўнг ғулом унинг қулоғини бурай бошлади. “Қаттиқроқ бура!”, деб буюрди Усмон. Қасосини олганига қаноат ҳосил қилгач, Усмон розияллоҳу анҳу: “Воҳ-воҳ! Охиратга қолдирмай, дунёда қасос олиниши нақадар яхши!”, деди[8].

 

[1] Маҳмуд Шокир, “Ал-амин зуннурайн” (194-бет).
[2] Аввалги манба (197-бет).
[3] “Сунани Термизий” (3785).
[4] Содиқ Уржун, “Усмон ибн Аффон” (47-бет).
[5] Тарихи Табарий (5/250).
[6] “Таҳқиқ мавоқифис саҳоба минал фитан” (1/472).
[7] Бухорий (695).
[8] Ибн Шабба, “Ахборул Мадина” (3/236).

Изоҳ қолдиринг