Кредит олмасам ишимдан айриламан

0

Савол:

Фермер ва бошқа ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорларга давлат: “Банкдан кредит олмасанг давлатга фойда келтирмайсан, шундай экан ишингни йиғиштирасан”, деб мажбурлаб кредит берар экан. Шундай ҳолатда банкдан кредит олсак бўладими?

Яна бир савол: банкка уйимизни сотсак бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Банклардан кредит олиш ҳаром. Чунки бу шариат қаттиқ қоралаган ва қайтарган судхўрликдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: “Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?” — деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ олди-сотдини ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган” [Бақара: 275].

Агар ҳолат сиз зикр қилгандек бўлса, яъни фермер ёки тадбиркорга қилинаётган таҳдид фақат ишидан воз кечишдан иборат бўлса, у ҳолда бу ишни ташлаб, бошқа бирон ҳалол иш топиши лозим. Бундай таҳдидлар Аллоҳ ҳаром қилган, балки унга қўл урган кишига қарши уруш эълон қилган ишни ҳалол қилиб бермайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Энди агар (рибодан тийилиш фармонимизни) бажармасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг!” [Бақара: 279].

Шунингдек, Пайғамбаримиз: “Яратувчи Аллоҳга осийлик саналган ишларда бандаларга итоат қилинмайди”, деганлар.

Аллоҳ таоло бошлиқ ва ўзидан юқори даражадаги инсонларга қулоқ солиб, ҳақ йўлга эргашмаган инсонларнинг қиёмат кунидаги ҳолатини тасвирлаб шундай марҳамат қилади:  “Юзлари оловда айлантирилиб, куйдириладиган кунда, улар: “Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда”, дерлар. Яна улар: “Парвардигоро, дарҳақиқат бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар. Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин” дедилар” [Аҳзоб: 65-68].

Банкка уй сотиш масаласига келсак, агар банк сотиб олган уйини кейинчалик рибо эвазига сотиш эҳтимоли бўлса, у ҳолда банкка уй сотиш жоиз бўлмайди. Негаки, бу Аллоҳ ҳаром қилган ишга кўмаклашиш, ҳамкорлик қилиш саналади. Ҳолбуки, Раббимиз бу ишдан қайтариб шундай деган: “Гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” [Моида: 2], валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг