Ўғил-қиз аралаш ўқийдиган мактабда дарс бериш жоизми?

0

Савол:

Ўғил ва қиз болалар аралаш ўқийдиган мактабда жисмоний тарбиядан дарс бериш жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Шариатимизда балоғатга етган қиз бегоналар олдида ҳижобсиз авратини очиб юриши ёхуд авратини беркитса-да, ўғил болалар билан аралаш ўтириши жоиз эмас. Мактабда эркак ўқитувчининг очиқ-сочиқ кийинган қизларга қараши ҳам ҳаромдир. Бироқ бугунги кунимизда вояга етган қизлар учун алоҳида таълим берадиган таълим муассасалари йўқлиги ҳамда фарзандларимиз вояга етгач уларни ўғил-қизлар аралаш ўқитиладиган мактабларга бермаслик ҳуқуқидан ҳам маҳрум эканимизни инобатга олган ҳолда бу каби таълим даргоҳларида ишлаш жоиз деб биламиз. Чунки бу каби ўқув муасссаларида диндор инсонлар таълим беришдан четланадиган бўлишса, фарзандларимиз фосиқ ёхуд кофирларнинг қўлида тарбия топади. Қолаверса, баъзан ўқитувчи таълим муассасасининг шариатга хилоф келадиган шартларини четлаб ўтиши ҳам мумкин. Масалан, жисмоний тарбия соатида қизларни ўғил болаларга қўшмасдан уларга алоҳида машғулотлар ўтказиш, қизларни тор спорт кийимларини кийишга, шунингдек, имкон қадар синфда йигит-қизларнинг бир партада ёки аралаш ўтиришига йўл қўймаслик орқали фарзандларимизни қатор ҳаром ишлардан сақлаб қолиш мумкин. Бироқ ўқитувчи мактабдаги ношаръий ҳолатларни имкон қадар яхши томонга ўзгартира олишига кўзи етмаса ёки ўзи ҳам бундай ҳолатлардан таъсирланишидан қўрқса, у ҳолда албатта бундай ўқув муассасаларида дарс беришдан узоқлашиши лозим, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг