Усмон розияллоҳу анҳу: Зуннурайн шахсиятининг асосий қирралари (4)

0

Обидлиги

Усмон розияллоҳу анҳу ибодатга қаттиқ берилган кишилардан эди. Бир неча кишилардан келган ривоятларда айтилишича, у ҳаж кунлари Ҳажарул-асвад ёнида бир ракаатда Қуръони Каримни хатм қилган экан, бу унинг одатига айланган экан[1].

Шунинг учун ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги: “Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда тоат-ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Раббининг марҳаматидан умид қиладиган киши” [Зумар: 9] оятидаги кишидан мурод Усмон ибн Аффондир, деб айтган эди[2].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Аллоҳ икки киши ҳақида мисол келтиради: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг-соқовдир. У эгасига ортиқча юк бўлиб (эгаси) қаерга жўнатса, бирон яхшилик-фойда келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи Тўғри йўлда бўлган ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолатга буюрадиган киши баробар бўлурми?!” [Наҳл: 76] оятидаги иккинчи кишидан мурод Усмон ибн Аффондир, деган[3].

Усмон розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни жума кечасида бошлаб, пайшанба оқшомида хатм қилар эди[4].

У доим рўзадор бўлар ва тунлари намоз ўқир, фақат туннинг аввалида бир оз ухлар эди[5].

Аллоҳдан қўрқиб йиғлаши ва ўз нафсини тергаши

Усмон розияллоҳу анҳунинг хутбаларидан бирида шундай сўзлар келган: “Эй одамлар! Аллоҳдан тақво қилинглар! Зеро, Аллоҳдан тақво қилиш соф даромаддир. Зийрак – ўз нафсини тергаган, ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган ва қабр зулмати учун Аллоҳнинг нуридан қўлга киритган одамдир. Банда дунёда кўзи очиқ яшаганидан сўнг Аллоҳ уни кўр ҳолатда тирилтиришидан қўрқсин![6]

Унинг сўзларидан: “Агар мен жаннат ва дўзах ўртасида тўхтатилиб, улардан қай бирига амр этилишимни билмаган ҳолда бўлсам, қай бирига киришимни билмай туриб тупроққа айланиб кетишни танлаган бўлардим[7].

Охиратни ёдга олган пайтларида ўзининг қабридан чиқиб, ҳисоб-китобга турган ҳолини кўз олдига келтириб, бутун вужуди қалтираб, кўзларидан дувиллаб ёш қуйилар эди. Усмоннинг озод қилган қули Ҳоний айтади: Усмон қабр устига келса, йиғлаб, соқоллари ҳўл бўлиб кетар эди. Унга: “Жаннат ва дўзахни зикр қилганингизда йиғламасдан, қабрни зикр қилсангиз йиғлайсиз?”, дейилди. Шунда у: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қабр охират манзилларидан биринчи манзилдир. Ундан нажот топса, ундан кейингиси осон. Ундан нажот топмаса, кейингилари бундан ҳам оғирроқ”, деганларини, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қабрдан кўра қўрқинчлироқ бирон манзарани асло кўрмадим”, деганларини эшитганман”, деди. Усмон яна деди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам майитни дафн қилганларидан сўнг қабр устида турар, сўнг: “Биродарингизга истиғфор айтинглар ва у учун сабот сўранглар! Чунки у ҳозир сўроққа тутилади”, дер эдилар”[8].

Зоҳидлиги

Амирулмўъминин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бой-бадавлат бўлгани билан машҳур. Бироқ шунча бадавлат бўлишига қарамай, унинг бу дунё матоларига ўта зоҳид эканига далил бўладиган ишлари ривоят қилинган.

Ҳумайд ибн Нуайм айтади: Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумо бир ерга таомга чақирилдилар. Чиққанларидан кейин Усмон Умарга: “Қанийди шу зиёфатга кирмаган бўлганимизда”, деди. “Нега?”, деб сўраган эди: “Ўзини кўрсатиш учун қилинган зиёфат бўлишидан қўрқаман”, деб жавоб берди[9].

Усмон розияллоҳу анҳунинг зоҳид ва кичиккўнгил эканига далил бўладиган кўринишлардан бирини Имом Аҳмад Маймун ибн Меҳрондан шундай ривоят қилади: “Менга Ҳамадонийнинг хабар беришича, у Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтида хачирга миниб, ортига ғуломи Ноилни миндириб кетаётганини кўрган экан”[10].

Ҳамадоний яна шундай дейди: “Мен Усмонни амирулмўъминин (халифа) бўлган пайтида, масжидда атрофида ҳеч ким бўлмаган ҳолда биргина ёпинчиққа ўраниб ухлаб ётганини кўрганман[11].

Шураҳбил ибн Муслим айтади: “Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу одамларга амирлик таомини едирар, ўзи эса уйига кириб, сирка билан ёғ ер эди”[12].

Ўртаҳол ёки камбағал одам зоҳид бўлса, унинг зоҳидлиги кўп ҳам диққатни тортмаслиги ва унга у қадар эътибор берилмаслиги мумкин. Аммо, ўта бой-бадавлат инсоннинг дунёда зоҳид бўлиши ўта ибратли ва ҳайратланарли ҳолдир. Боиси, мол-дунёнинг кўпайиши кишини дунё лаззатларига қизиқтиради, катта-катта сарф қилишга, яхши еб-ичишга, қимматбаҳо либослар кийишга ундайди. Бой-бадавлат инсон зоҳид бўлиши учун Аллоҳга юзланиш фиқҳини чуқур эгаллаган бўлиши зарур, шундагина у ўз нафси устидан назоратчи ва кўнгил истакларига ҳукмрон бўлади, унинг кўзига охират ўта улкан, дунё эса ўта майда бўлиб кўринади. Исломдаги энг катта бойлардан бўлган Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ана шундай инсон эди. Унинг иймони қуввати нафс ҳавосидан ғолиб келиб, шу билан энг буюк зоҳидлардан бирига айланди, то қиёмат барча бойлар учун бойлик ва зоҳидликни бир қўлда жамлаш мумкинлигини амалда кўрсатиб берган олий намунага айланди[13].

Шокирлиги

Усмон розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога тилда ҳам, дилда ҳам, бадан аъзолари билан ҳам кўп шукр бажо келтирувчи шахс эди. Бунга биргина мисол билан кифояланамиз. Бир куни унга бир қавмнинг шубҳали бир иш устида жамлангани хабари келгач, уларни қўлга олиш учун отланди. Бориб қараса, у етиб келмасидан олдин тарқалиб кетишган экан. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу мусулмон кишини унинг қўлида шарманда қилмагани учун Аллоҳга шукроналик сифатида бир қул озод қилди[14].

Одамларнинг аҳволидан хабар олиб туриши

Усмон розияллоҳу анҳу раҳмдил ва меҳрибон раҳбар эди. Одамларнинг аҳволини ўрганар, уларнинг муаммоларини сўраб-суриштирар, кўнгилларига таскин берар, беморларининг ҳолини сўрар, етим-есирларнинг кўнглини овлар эди. Имом Аҳмад Мусо ибн Талҳадан ривоят қилади: “Усмон ибн Аффонни минбар устида, одамлардан ҳол-аҳвол сўраётганини, нарх-наволар ва бошқа хабарлар ҳақида сўраб-суриштираётганини кўрдим”[15].

Ибн Саъд “Табақот”да Мусо ибн Талҳадан ривоят қилади: “Усмон ибн Аффонни кўрганман, жума куни эгнига икки сариқ либос кийган ҳолда чиқиб келиб, минбарда ўтирар эди. Муаззин азон айтарди. У одамлар билан сўзлашар, улардан мусофирлари ҳақида, сафардан келганлар ва беморлар тўғрисида сўраб-суриштирар эди”[16].

Раият ишларига эътиборли эди, эҳтиёжманд кишилар билан алоқада бўларди, янги туғилган чақалоқларга байтулмолдан нафақа ажратарди. Урва ибн Зубайр айтади: “Усмоннинг халифалиги даврида кўрганман, ҳар бир мусулмоннинг Аллоҳнинг молида – яъни байтулмолда – ҳаққи бўлар эди”[17].

[1] “Ат-табақотул кубро” (3/76). Заҳабий, “Тарихул ислом” (476-бет). Ибн Касир, “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/214).
[2] “Тафсир Ибн Касир” (4/47).
[3] “Тафсир Ибн Касир” (2/579).
[4] “Улуввул ҳимма” (3/93).
[5] Ибнул Жавзий, “Сифатус софва” (1/302).
[6] “Саҳиҳут тавсиқ фий сийрати ва ҳаяти зиннурайн” (107-бет).
[7] Суютий, “Жомеул аҳодис” (3/103).
[8] “Фазоилус саҳоба” (773), санади ҳасан. Байҳақий, “Ас-сунанул кубро” (4/56).
[9] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (126-бет).
[10] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (127-бет).
[11] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (127-бет).
[12] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (129-бет).
[13] “Ат-тарихул исломий” (17, 18/49).
[14] Саййид Ҳусайн Аффоний, “Салоҳул умма фий улуввил ҳимма” (5/481). Ибн Қаййим, “Уддатус собирийн” (128-бет).
[15] “Фазоилус саҳоба” (812), санади саҳиҳ.
[16] “Табақот” (3/59)
[17] Ибн Шабба, “Тарихул Мадина” (1668).

Изоҳ қолдиринг