Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Алим, Олим ва Аллом исмларининг маъноси

0

Алим, Олим ва Аллом исмларининг маъноси

Аллоҳ таолонинг бу уч гўзал исми “илм” сўзидан олинган. Араб тилида илм сўзи билиш маъносини ифодалайди. Илмли инсонга “олим” (арабчаси аалим) ёхуд алим (алийм), илми ниҳоятда кўп инсонлар эса аллом (аллаам) ёки аллома (аллаама) дейилади.

Аллоҳ таолонинг Алим (алийм) исми Қуръони Каримда 157 марта зикр қилинган. Қуйидаги оятлар шулар жумласидан:

  • Фаришталар: “Субҳаналлоҳ! Биз фақат Сен ўргатганингни биламиз. Ахир, Сен Алим (билувчи) ва Ҳаким (ҳикматли) зотсан” (Бақара: 32);

  • Аллоҳ қалблардаги нарсани билувчи зотдир” (Оли Имрон: 154);

  • Ва албатта Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир” (Моида: 97);

  • Ҳа, албатта Аллоҳ сизлар қилаётган амалларингизни билувчи зотдир” (Наҳл: 28);

  • У хоҳлаган нарсасини яратади. У Алим ва Қодир зотдир” (Рум: 54).

Аллоҳ таолонинг “Олим” исми Қуръонда ўн уч марта, “Аллом” исми эса тўрт марта зикр қилинган.

Табарий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Парвардигоро, Сен таълим олишга муҳтож бўлмасдан барча бўлиб ўтган ва бўлажак ишларни биласан. Ғайбни фақат Ўзинг биласан, уни бирон бир банданг билмайди…

Шак-шубҳасиз, Аллоҳ таоло бандалар қалбида яширин бўлган иймон ёки куфрдан, ҳақ ёки ботилдан, яхши ёки ёмон ишлардан, шунингдек, улар қалбидан кечган ва ҳануз кечиб улгурмаган кечинмаларнинг барчасидан хабардордир”[1].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “У (яъни Аллоҳ таоло) бандалар билолмайдиган барча сир-асрорларни билади. “Албатта Аллоҳ қалбдаги нарсаларни билади” (Луқмон: 23)…”[2].

Ибн Манзур роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло бўлиб ўтган ва бўладиган ишларни бўлишидан олдин билади. Шунингдек, бўлиши керак, лекин ҳануз бўлмаган ишларни бўлишидан олдин билади. Бўлган ва бўладиган ишларни доим билади. Аллоҳ таолога ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса махфий қолмайди. Унинг илми барча нарсаларни, уларнинг зоҳири-ю, ботинини, катта-ю кичигини энг мукаммал кўринишда қамраб олган”[3].

Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳнинг илми ички ва ташқи нарсаларни, яширин ёхуд очиқча қилинадиган ишларни, бўлиши шарт, бўлиши мумкин ва бўлиши имконсиз нарсаларни, остки ва устки оламни (еру осмонни), шунингдек, ўтмиш, ҳозир ва келажакни ҳам ўз ичига олади. Яъни, Аллоҳ таолога ҳеч нарса яширин бўлиб қолмайди”[4].

Аллоҳ таолонинг “Алим”, “Олим” ва “Аллом” исмларидан шуни билиб оламизки, Унинг илми етук, У барча нарсани билувчидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида барча нарсани билишини айтган. Масалан, Тоҳа сурасида (98): “Албатта, сизларнинг илоҳингиз ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳдир. Унинг илми барча нарсани қамраб олган” – деган бўлса, Ғофир сурасида (7): “Менинг илмим ва раҳматим барча нарсани қамраб олган”, Талоқ сурасида (12) эса: “Албатта, Аллоҳнинг илми барча нарсани қамраб олган” – деган. Баъзи файласуфлар Аллоҳ таоло барча нарсанинг тафсилотини билишини инкор этиб, У нарсаларни фақат умумий равишда билади, дейишган. Лекин Аллоҳ таолонинг: “Ғайб (хазиналарининг) калитлари Унинг ҳузурида, уларни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. У қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни билади. (Ҳатто) тўкилаётган баргларни ҳам билади. Ер қаъридаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ нарсалар бўлсин (буларнинг барчаси) очиқ китобда (яъни лавҳул маҳфузда) битилган” (Анъом: 59). Файласуфлар Аллоҳ таолонинг илмини фақат нарсаларни умумий ва мухтасар билишга чеклаши мазкур оятга зиддир. Инсон ўз Парвардигорини билмасликда айблашидан кўра хунукроқ иш бўлмаса керак. Агар файласуфларнинг фикри тўғри бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ёрдам сўрасанг фақат Аллоҳдан сўра. Агар мадад тиласанг фақат Аллоҳдан тила” деб, бизни Аллоҳ таолодан мадад сўрашга буюрмаган бўлардилар. Чунки бандаларига ҳидоят, мадад ва ёрдам берадиган зот уларнинг ҳолатини билиши, уларнинг дуосини эшитиши лозим.

Аҳли суннат ва жамоат эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло барча нарсани батафсил билади. Унинг илми шунчалик етукки, барча бўлиб ўтган, бўлаётган ва келажакда содир бўладиган ишларни билади. Ҳатто бўлмайдиган ишлар содир бўлса қай ҳолатда содир бўлишини ҳам билади. Юқоридаги оятда Аллоҳ таоло ҳатто дарахтдан тушадиган баргларни ҳам билиб туриши айтилди. Қуръонда Аллоҳ таолонинг илми қанчалар етук эканини тушунтириш учун айтилган мисоллар ҳам бежиз айтилмаган. Бугунги кунда фан шуни исботладики, дарахт ўзидан кислород ишлаб чиқарар экан. Ер юзидаги дарахтларнинг барги бизни килород билан таъминлайди. Дарахтнинг барги керагидан ортиқ тўкилиши ёки тўкилмай қолиши кислород мувозанатини ўзгартириб юборади. Бу маълумотларни ўрганиб, Аллоҳ таолонинг: “Биз ҳар бир нарсани тақдир билан яратдик” – сўзига яна бир бор амин бўласан киши.

Аллоҳ таолонинг “Ерга ёхуд ўзларингизга етган барча мусибатлар Биз уни яратишимиздан олдин китобда (яъни лавҳул маҳфузга) битилган. Албатта, бу Аллоҳга осондир” деган сўзи шуни ифода этадики, ерда содир бўладиган тўфон, қаҳатчилик ва шу каби мусибатлар ёки инсон танасига етадиган кассаликлар, буларнинг барчаси шу ишлар содир бўлишидан олдин лавҳул маҳфузда битиб қўйилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ таоло бандаларнинг тақдирини осмону ерларни яратишдан эллик минг йил олдин ёзиб қўйган”, деганлар (Муслим (2653) ривояти).

Саҳобалар даврининг охирларига келиб, Маъбад Жуҳаний номли кимса бошчилигида бир гуруҳ инсонлар қазои қадарни инкор эта бошлашди. Улар ишлар тақдир билан бўлишини, уни Аллоҳ таоло бажарилишидан олдин билишини инкор этишган. Уларнинг фикрига кўра, Аллоҳ таоло бандаларни ибодатга буюрган ва ножўя ишлардан қайтарган бўлса-да, лекин бунга ким итоат қилиш-қилмаслигини билмас эмиш. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бундай кимсалар ҳақида: “Агар уларнинг бирида Уҳуд тоғичалик олтини бўлса-ю, шу олтинни садақа қилса, тақдирга иймон келтирмагунига қадар Аллоҳ таоло ундан бу амалини қабул қилмайди” – деган (Муслим ривояти). Юқорида бу тоифанинг фикрига қарши оят ва ҳадислардан керакли далиллар келтириб ўтилди.

Бандалар ўзлари мустақил равишда Аллоҳ таолонинг зоти ҳақида ҳам, сифатлари ҳақида ҳам ҳеч қандай илмга эга бўлолмайдилар. Аллоҳнинг зоти ва сифати ҳақидаги илм фақатгина пайғамбарлар ёки Аллоҳ таолонинг китоби орқали ўрганилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Аллоҳ уларнинг келажагини ҳам, ўтмишини ҳам билади. Улар Аллоҳни илм билан қамраб ололмайдилар” – дейди( Тоҳа: 110). Бинобарин, биз бирон бир оят ёки ҳадисга асосланмаган ҳолда Аллоҳ таолога маълум бир исм ёхуд сифат тўқиб чиқишимиз асло жоиз эмас.

Бандалар биладиган барча илмларнинг асл манбаи Аллоҳ таолодир. Биз фақат ва фақат Аллоҳ таоло бизга ўргатган илмнигина билишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам фаришталар: “Субҳаналлоҳ! Биз фақат Сен ўргатганингни биламиз. Ахир Сен Алим (билувчи) ва Ҳаким (ҳикматли) зотсан” (Бақара: 32). Биздаги илм ҳар қанча кўп бўлишига қарамай, Аллоҳ таолонинг илми олдида ҳеч нарса эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Сизларга жуда ҳам кам илм ато этилган” – дейди (Исро: 85). Шу билан бирга бизнинг илмимиз ноқис, яъни унутиш, тўлиқ билмаслик каби камчиликларга эга. Аллоҳ таолонинг илми эса етук, У ҳеч нарсани унутмайди ва барча нарсани тўлиқ тафсилоти билан билади. Биз гўдаклигимизда ҳеч нарсани билмаймиз, секин-секин ҳаётимиз давомида илмимиз ривожлана бошлайди. Аллоҳ таоло эса олдин ҳам билган, ҳозир ҳам билади ва унинг илми азалий ҳамда абадийдир. Одамларнинг илми ҳақида Хаттобий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Одамлар олим деб аталса-да, улардаги бу сифат барча илмга эмас, балки муайян бир илмга тегишли бўлади, бу сифат уларда баъзан топилади, баъзан топилмайди. Гоҳида одамлар муайян сабаблар туфайли илмларидан ажралиб қоладилар, ёдлаганларини унутадилар. Кимдир фиқҳда олим бўлса наҳв (араб грамматикаси)ни билмайди, иккаласини ҳам билса ҳисоб, тиббиёт ва шу каби илмлардан бехабар бўлади. Аллоҳ таолонинг илми эса ҳақиқатдан ҳам етукдир. Унинг илми барча нарсани қамраб олган, барча нарсанинг ҳисобини билади”[5].

Ғайбни билиш Аллоҳ таолога хос ишлардан биридир. Бу ҳақда Раббимиз шундай деб марҳамат қилади: “Ғайб (хазиналарининг) калитлари Унинг ҳузурида, уларни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди” (Анъом: 59). Бошқа бир оятда эса: “Айтинг: “Осмону ерда ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди” – дейди (Намл: 65). Кимда ким Аллоҳдан бошқа бирон инсон ғайбни билади, деса мазкур оятга биноан кофир бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, шунингдек, бошқа пайғамбарларга ваҳий орқали баъзи ғайб ишларини билдиргани бундан мустасно. Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли илм ато этсин!

[1] “Тафсирий” (1\175, 11\127).
[2] “Шаънуд дуо” (57).
[3] “Ал-лисон” (4\3082).
[4] “Тайсийрул Карим” (5\299).
[5] “Шаънуд дуо” (57).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг