Келин-куёв ўртасидаги тенглик

2

Келин-куёв ўртасидаги тенглик

Келин-куёв ўртасидаги тенглик фиқҳ китобларида «кафоат» деб таъбир қилинади. Бу сўзнинг луғавий маъноси тенглик демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «(Қасос ва хун каби ишларда) мусулмонларнинг қони тенгдир»[1], деган сўзларида ҳам «кафоат» сўзи ишлатилган.

Уламолар эр-хотин ўртасида рўёбга чиқиши лозим бўлган тенглик қайси жиҳатларда эътиборга олиниши хусусида ихтилоф қилганлар.
1. Диндаги тенглик:

Энг тўғри фикрга кўра, никоҳда шарт қилинган тенглик фақатгина диндаги тенгликдир. Бунга барча уламолар иттифоқ қилишган.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Фақатгина диндаги тенгликни эътиборга олишга уламолар иттифоқ қилишган. Шунга кўра, муслима аёлни кофирга турмушга бериш ҳалол бўлмайди»[2].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмлари тақозо қилган нарса тенгликда фақат динни, яъни унинг аслида бор ёки йўқлиги ҳамда ноқис ёхуд комиллигини эътиборга олишдир. Шунга биноан, муслима аёл кофирга, иффатли аёл эса фосиққа турмушга берилмайди. Қуръон ва суннат никоҳдаги тенглик бобида бундан бошқа нарсага эътибор қаратмаган»[3].

Никоҳда эътиборга олиш шарт бўлган тенглик диндаги тенглик эканига китоб ва суннатда талай далиллар бор.

А) Қуръондан далиллар:

Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёллар покиза эркаклар учун, покиза эркаклар покиза аёллар учундир» [Тавба: 26].

Албатта, Аллоҳнинг наздида энг иззат-икромга сазоворингиз энг тақводорларингиздир” [Ҳужурот: 13].

Фақат мўминларгина ўзаро биродардирлар” [Ҳужурот: 10]. Аллоҳ таоло уйланиш ҳаром қилинган аёлларни зикр қилгач, ортидан “Сизларга ундан бошқа аёллар ҳалол қилинди” [Нисо: 24], дейди. Кўриб турганингиздек, никоҳда эр-хотиннинг насл-насаб ёки мол-давлатда тенг бўлишини шарт қилмади. Яна Аллоҳ таоло айтади: “Ўзларингизга ёққан аёлларга уйланинглар” [Нисо: 3].

  Б) Суннатдан далиллар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Араб ажамдан, ажам арабдан, оқтанли қоратанлидан, қоратанли оқтанлидан фақат тақво билангина афзал бўлиши мумкин. Инсонлар Одамдан тарқалганлар, Одам эса тупроқдан яратилган[4].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бани фалончининг оиласи (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иймон келтирмаган қариндошларига ишора қилинмоқда) менинг дўстларим эмас. Балки қаерда бўлмасинлар тақводорлар менинг дўстларимдир[5]

Абу Ҳотим Ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар сизларга дину диёнати ва ахлоқи манзур бўлган киши қизларингиз (ёки қариндошларингизнинг қизлари)дан бирининг қўлини сўраб келса, албатта қизингизни унга турмушга беринг. Аксинча, қизингизни унга турмушга бермасангиз, (балки фақат бой-бадавлат ёки мансабдор кишиларгагина турмушга берсангиз, у ҳолда, эҳтимол кўпчилик йигитлар хотинсиз, қизлар эса эрсиз қолади ва фаҳш ва бузуқликларга йўл очилади. Охир-оқибат,) ер юзида фитна ва катта фасод юзага келади[6].

Юқоридаги умумий ва мутлақ ҳадислар эр-хотиннинг динда тенг бўлиши лозимлигини баён қилади, ундан бошқа тенгликда инобатга олинадиган бирон талаб қўймайди. Шунга биноан, камбағал йигит бой-бадавлат қизга, ор-номусли мусулмон қул ҳур қизга ёки насл-насаби қурайшлик бўлмаган йигит қурайшлик (эшон – саййидлардан бўлган) қизга уйланиши жоиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замоналаридаги амалий суннат шунга далолат қилади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурайшлик Зайнаб бинти Жаҳшни мавлолари Зайд ибн Ҳорисага турмушга бердилар.

Қурайшлик Фотима бинти Қайсни мавлолари Зайднинг ўғли Усомага турмушга узатдилар[7].

Билол ибн Рабоҳ Абдураҳмон ибн Авфнинг қизига уйланди[8].

Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим Абу Ҳузайфанинг жияни Валид ибн Утба ибн Рабеанинг қизи Ҳиндга уйланди[9].

Асвад ибн Абду Яғуснинг мавлоси Миқдод ибн Асвад Зубайр ибн Абдулмутталибнинг қизи Бани Ҳошим қабиласидан бўлган Зубоаҳга уйланди[10].

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биргина шалвардан бошқа нарсага эга бўлмаган бир фақирни ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиқиш учун бағишлаб келган аёлга уйлантирдилар[11]. Юқорида зикр қилинган барча воқеалар саҳиҳ ҳадисларда ўз исботини топган.

2. Диндан бошқа ишлардаги тенглик:

Жумҳур уламолар динга қўшимча эр-хотин ўртасида бошқа бир қанча жиҳатларда ҳам тенглик бўлишини эътиборга олганлар. Улар насл-насаб, ҳуррият, касб-ҳунар, шунингдек, ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрича, мол-давлат, яъни молиявий ҳолатдан иборатдир.

Моликий мазҳабига кўра, эр-хотин ўртасидаги тенглик дин ва айблардан холи бўлишда акс этади.

Далилларга назар солиш орқали рожиҳлиги маълум бўлган фикр шундан иборатки, эр-хотиннинг диндаги тенглиги никоҳдаги ягона эътиборга сазовор талабдир. Бинобарин, муслима аёл кофирга ёки буткул тавба қилмаган зинокор эркакка турмушга чиқиши, шунингдек, мусулмон эркак тавба қилмаган зинокор аёлга уйланиши жоиз эмас. Энди мол-мулк, насл-насаб ва касб-ҳунарга келсак, бу жиҳатлардан эр-хотин ўзаро тенг ва ўхшаш бўлиши шарт эмас. Шундан келиб чиқиб, бой-бадавлат ва насл-насабли аёл ва унинг яқин валийси аёлнинг камбағал бир қулга турмушга чиқишига рози бўлсалар, никоҳ дуруст бўлаверади.

Бироқ шунга қарамасдан, аёл ва унинг валийлари куёв танлашда унинг динидан бошқа жиҳатларини ҳам суриштириб, бу жиҳатларни ҳам инобатга олишга ҳақлимилар? Яъни, дину диёнат жиҳатидан қизга тенг мусулмон йигит совчи қўйса, улар розилик билдириш ёки рад жавоби бериш учун диндан бошқа жиҳатларни ҳам инобатга олишлари жоизми?

Менимча, қиз томон бу жиҳатларни ҳам инобатга олиши, уни эътибордан четда қолдирмасликлари лозим. Тўғри, никоҳдаги тенгликнинг бирдан бир шарти диндир. Бироқ бу дегани қиз томоннинг ҳар томонлама мукаммал ва муносиб куёв танлаш учун унинг турли жиҳатларини эътиборга олиш ҳаққидан маҳрумдир дегани эмас. Қуйидаги ҳадислар сўзимизга далил бўлади:
(1) Фотима бинти Қайс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига Муовия ва Абул-Жаҳм иккиси унга совчи қўйгани, улардан қай бирига розилик билдириши хусусида маслаҳат сўраб келади. Шубҳасиз, бу икки саҳобада тенглик шарти бўлмиш дину диёнат, боз устига, саҳобалик фазилати ҳам бор. Бироқ шунинг баробарида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай дейдилар: “Муовияга келсак, у мол-давлати йўқ бир камбағал, Абул-Жаҳм эса, хотинларни кўп урадиган одати бор[12].
(2) Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: «Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо Фотимага совчи қўйишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «У ёшдир», дедилар. Кўп ўтмай Али совчи қўйди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотимани унга турмушга бердилар»[13].

Синдий роҳимаҳуллоҳ «Сунани Насоий»га ёзган ҳошиясида шундай дейди: «Ҳадисдаги «Кўп ўтмай Али совчи қўйди», деган сўздан билинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совчи қўйган куёвларга нисбатан Фотима розияллоҳу анҳони кичик деб билганлар. Бироқ Али розияллоҳу анҳуга солиштирганда бундай муаммо қолмаган ва шунинг учун Фотима розияллоҳу анҳони унга турмушга берганлар. Демак, ҳадисдан олинадиган фойда: эр-хотиннинг ёши тенг ёки бир-бирига яқин бўлиши уларнинг ўзаро тил топишиши учун яхшироқ ва шу боис, бу жиҳатга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Тўғри, гоҳида каттароқ манфаатни кўзлаб эр-хотин ўртасидаги ёш тафовутига эътибор берилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ойша розияллоҳу анҳога уйланишлари яққол мисол бўлади, валлоҳу аълам»[14].
(3) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аййим (бева аёл) то ўзи рози бўлиб, буюрмагунча, бокира қиз эса то изни олинмагунча никоҳланмайди[15]. Мазкур ҳадисдан тушуниладики, хотин-қизлар уларга совчи қўйган эркакни ёқтириши лозим экан. Улар совчи қўйган ҳар қандай мусулмонга розилик билдиришлари шарт эмас. Агар кишининг дину диёнатидан бошқа жиҳатларига эътибор қаратиш жоиз бўлмаганида, хотин-қизлар совчи қўйган ҳар қандай мусулмонга розилик билдириши вожиб бўлиб қолар эди. Ҳолбуки, бу фикрни бирор олим айтмаган.

Мавзуга оид мулоҳазалар:
(1) Никоҳдаги тенглик масаласида хулоса қилиб айтиш мумкинки, эр-хотиннинг динда тенг бўлиши никоҳдаги ягона шартдир. Ундан бошқа жиҳатлар никоҳда шарт қилинмайди. Қиз ёки йигитдан ҳар бири ҳамда қизнинг валийлари динга қўшимча оиланинг тинч-тотувлиги, барқарорлиги ҳамда келин-куёвнинг ҳар томонлама бир-бирларига мос бўлиши учун ёрдам берадиган жиҳатларга эътибор беришлари мумкин. Бироқ қиз ва унинг валийлари куёвнинг дини билан кифояланиб, унинг насл-насаби, касби ёки мол-давлатига эътибор қаратмасалар ҳам никоҳ дуруст бўлаверади.
(2) Мусулмон жамиятларида кенг тарқалган ачинарли ишлардан бири одамларнинг мол-давлати ёки мансабига учиб фосиқ куёвларни танлаш, уларни тақводор мусулмонлардан устун қўйишдир. Кўп ҳолатларда бундай куёвлар ишлайдиган касб ва соҳалар шариатда ҳаром қилинган ишлар бўлади. Уларнинг ўзлари тоат-ибодатдан йироқ, Аллоҳнинг буйруқларини бажармайдиган бетавфиқ ва баттол инсонлар бўлади. Албатта, бундай ота-оналар ва қизларнинг валийлари қизларининг умрини хазон қилганликлари, уларни номуносиб куёвларга турмушга берганликлари учун Аллоҳнинг олдида жавоб берадилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло (қиёматда) ҳар бир масъул шахсдан қўл остидагилари ҳақида сўрайди; уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо қилдими ёки зое қилдими? Шу жумладан ҳар бир инсон ўз бола-чақасидан жавобгар бўлади»[16].
(3) Шайх Муҳаммад ибн Исмоил Муқаддим ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Билингки, никоҳда эр-хотин ўртасидаги тенглик масаласида талабчан бўлган ва бу хусусда динга қўшимча бошқа шартларни ҳам қўйган фуқаҳолар шундай дейишади: «Олим киши ҳар қандай аёлга тенг ва муносибдир. Бу борада олим кишининг таниқли насл-насабга эга эмаслиги ёки аёлнинг неча ёшда эканининг аҳамияти йўқ. Негаки, илмнинг шарофати ҳар қандай насаб ва шарафдан юқори туради. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?» [Зумар: 9]. Аллоҳ таоло яна айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд мартабаларга кўтарур» [Мужодала: 11].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Одамларнинг энг улуғи ким?», деб сўралди. У зот «Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим», деб жавоб бердилар. «Биз сиздан буни сўрамадик», дейишди одамлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг энг улуғи энг тақводорроғидир». «Биз сиздан бу ҳақда сўрамадик», дейишди одамлар яна. «Арабларнинг зотлари, насл-насаблари тўғрисида сўраяпсизларми? Агар (мусулмон бўлиб, дин ва шариатни) яхши тушуниб етган бўлсалар уларнинг жоҳилиятдаги энг яхшилари исломда ҳам энг яхшиларидирлар»[17], деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам»[18].
(4) Ибн Рушд роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазҳаб (моликий) уламолари ихтилоф қилишмаганки, агар ота бокира қизини ароқ ичадиган ва умуман олганда фосиқ куёвга турмушга берса, қиз никоҳдан бош тортишга ҳаққи бор. Бу ҳолатда ҳоким ишни кўриб чиқиб, эр-хотин ўртасидаги никоҳни бузади. Ота қизини ҳаромдан пул топадиган ёки талоқ билан кўп қасам ичадиган куёвга турмушга берса ҳам шундай»[19].
(5) Хотин-қизлар гарчи камбағал бўлса ҳам диндор ва ахлоқ-одобли умр юлдош танлашлари лозим. Агар қиз бой-бадавлат бўлса, турмуш ўртоғини дину диёнати учун танлаган бўлса, мол-давлатини Аллоҳнинг динига даъват қилиш йўлида сарфласа, албатта, бу иши учун Аллоҳдан буюк ажр-савоб олади. У бу жиҳатдан худди мўминларнинг онаси Хадича розияллоҳу анҳога ўхшаган ва ундан ўрнак олган бўлади.
(6) Уламолар аёл кишининг рофизий (шиа), жаҳмий ва ҳоказо бидъатчиларга турмушга чиқишини тақиқлаганлар. Дарҳақиқат, шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳдан рофизий ёки «Менга беш вақт намоз ўқиш шарт эмас», дейдиган кишиларга қиз бериш ҳақида сўралганда шундай жавоб берган: «Ҳеч бир кимсага қизини рофизий ёки бенамозга турмушга бериши жоиз эмас»[20].

[1] Саҳиҳ: Абу Довуд (4531), Насоий (8\20) ривоят қилишган.
[2] «Фатҳул Борий» (9/132).
[3] “Зодул маод” (5/159).
[4] Саҳиҳ. Аҳмад (5/411) ривояти. Албоний «Ас-саҳиҳа»да (2700) саҳиҳ деган.
[5] Бухорий (5990) ва Муслим (215) ривоят қилишган.
[6] Шавоҳидлари билан ҳасан ҳадис. Термизий (1085) ривоят қилган. Шунингдек, Термизий (1084), Ибн Можа (1967) ва Табароний “Авсат”да (1/141) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳам юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди. Ҳадисни Албоний “Ат-тарғиб”да (3090) ҳасан деган.
[7] Муслим (1480), Абу Довуд (2284) ва Насоий (6/208) ривоят қилишган.
[8] Дорақутний (3/301) ва Байҳақий (7/137) ривоят қилган.
[9] Бухорий (5088) ва Насоий (6/63) ривоят қилган.
[10] Бухорий (5089), Муслим (1207) ва Насоий  (5/68) ривоят қилишган.
[11] Бухорий (5149) ривоят қилган.
[12] Муслим (1480), Абу Довуд (2284), Термизий (1135), Насоий (6/75) ва Ибн Можа (1869, 2035) ривоят қилишган.
[13] Насоий  (6/62), Ҳоким (2/168) ривоят қилган. Ҳоким ҳадисни саҳиҳ деган бўлса, Албоний «Таҳқиқи Мишкот»да (6095) ҳадис санадини ҳасан деган.
[14] «Ҳошиятус Синдий алан Насоий» (6/62).
[15] Бухорий (5136), Муслим (1419), Насоий (6/86) ва Термизий (1107) ривоят қилишган.
[16] Ибн Ҳиббон (4492) ривоят қилган. Ҳадисни ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да (13/113) саҳиҳ деган. Қаранг: Албонийнинг «Ас-саҳиҳа» китоби (1636).
[17] Бухорий (3353) ва Муслим (2526) ривоят қилишган.
[18] «Авдатул ҳижоб» («Ҳижобнинг қайтиши»), “2/253).
[19] «Бидоятул мужтаҳид» (2/16).
[20] Қаранг: «Мажмуул фатово» (32/61).

Discussion2 fikr

  1. Pingback: Эҳтиёж юзасидан ғайридинга турмушга чиқиш жоизми?

  2. Pingback: Қиз болани неча ёшдан бошлаб турмушга узатиш мумкин?

Изоҳ қолдиринг