Балоғатга етмаган ёш бола намозда имомга ўтса бўладими?

0

Савол:

Балоғатга етмаган ёш бола намозда имомга ўтса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Уламолар бу борада билдирган тўғрироқ фикрга кўра, балоғатга етмаган ёш бола модомики намозни тўкис адо эта оладиган бўлса, балоғатга етган катта кишиларга ёки аёлларга имомга ўтса бўлади.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ мазкур фикрни тўғри деб санаган ва уламоларнинг бу борада билдирган фикрларини қисқача баён қилиб шундай деган: “Ёш боланинг балоғатга етган кишиларга имомга ўтиши борасидаги уламоларнинг фикрлари ҳақидаги бўлим:

Юқорида бизнинг (шофеий) мазҳабимизга кўра, ёш бола имомга ўтиши жоизлигини айтиб ўтдик. Ибн Мунзир зикр қилишича, ушбу фикрни Ҳасан Басрий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ва Абу Саврлар ҳам айтишган.

Ато, Шаъбий, Мужоҳид, Молик, Саврий ва ҳанафий мазҳаби уламолари эса буни макруҳ дейишган. Бу фикр Ибн Аббосдан ҳам нақл қилинган. Авзоий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ёш бола фарз намозига намозхонлар орасида ундан бошқа Қуръон ўқишни биладиган одам бўлмасагина имомга ўтади”. (Имом) Зуҳрий айтади: “Мажбур бўлиб қолишсагина ёш бола имомга ўтади”.

Ибн Мунзир айтади: “Ёш боланинг имомга ўтишини жоиз деб биламан”.

Абдарий айтади: “(Имом) Абу Ҳанифа ва Моликнинг фикрича, ёш бола нафл намозларда имомга ўтса бўлади, фарз намозларда эмас”. Довуд (Зоҳирий) айтади: “Ёш бола на фарз намозда, на нафл намозда имомга ўтиши мумкин эмас”. Аҳмад (ибн Ҳанбал)нинг фикрича, ёш бола фарз намозларда имомга ўтиши дуруст эмас. Нафл намозларда имомга ўтиши ҳақида Аҳмаддан икки хил фикр нақл қилинган.

Қози Абу Тоййиб айтади: “Абу Ҳанифа, Молик, Саврий, Авзоий, Аҳмад ва Исҳоқларнинг фикрича, ёш бола фарз намозларда имомга ўтиши жоиз эмас, нафл намозларда эса жоиз. Баъзи ҳанафий мазҳаби уламолари ёш боланинг намози аслида ҳисобга ўтмайди, дея бунга Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:Уч тоифадан: то уйғонмагунча уйқудаги кимсадан, то эс-ҳушига келмагунча ақлдан озган кимсадан ва то балоғатга етгунига қадар ёш боладан қалам кўтарилган, (яъни уларга гуноҳ ёзилмайди)”[1]. Абу Довуд ва Насоий саҳиҳ санад билан ривоят қилишган. Шунингдек, улар иккиси ушбу ҳадисни Ойша розияллоҳу анҳодан ҳам ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у шундай деган: “Ёш бола то балоғатга етмагунича имомга ўтмайди”.

Ёш бола мукаллаф бўлмагани, яъни шаръий мажбуриятларга буюрилмагани жиҳатидан ҳукмда ақлдан озган кимсага ўхшайди.

Бизнинг (шофеий) мазҳаб уламолари ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун муаллиф (Иброҳим Шерозий) далил қилиб келтирган Амр ибн Саламанинг ҳадисини ҳужжат қилишган. Амр ибн Салама розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Имомликка Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни энг кўп биладиганингиз ўтсин” деган сўзларига биноан у зотнинг даврларида етти ёшимда имомга ўтардим”. Муслим ривояти. Нафл намозларда имомга ўтиши жоиз бўлган одамнинг фарз намозларда ҳам имомга ўтиши жоиз бўлади.

То балоғатга етгунига қадар ёш боладан қалам кўтарилган” деган ҳадисга келсак, бундан ёш боланинг намози дуруст бўлмаслиги эмас, балки унга намоз ўқиш фарз эмаслиги ва шаръий мажбуриятлар юклатилмагани назарда тутилган. Бунга саҳиҳайн (Бухорий ва Муслим)да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқигани ва Анас розияллоҳу анҳу ва бир етим бола у зотнинг ортларида намоз ўқигани ҳақида келган ҳадис ва бундан бошқа саҳиҳ ҳадислар далолат қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган фикрга келсак, агар у шу фикрни чиндан ҳам айтган бўлса, Ойша розияллоҳу анҳодан нақл қилинган “ёш бола имомга ўтса бўлади”, деган фикр бунга зиддир. Маълумки, саҳобалар бир масалада ихтилоф қилишса, улардан бирининг сўзи қолиб, иккинчисининг сўзи ҳужжат бўлмайди.

Ёш бола билан ақлдан озган кимса ўртасида фарқ бор. Негаки, ақлдан озган кимсанинг таҳорати инобатга олинмайди, шунингдек, бундай киши намозни онгли равишда ўқимайди, валлоҳу аълам” [Мажмуъ: 4/249-250].

Ушбу фатво Islamweb веб саҳифасидан таржима қилинди.

[1] Ҳасан саҳиҳ. Абу Довуд (4398), Ибн Можа (2041) ва Аҳмад (6\ 100) ҳасан ровийлар шажараси ила Ойша розияллоҳу анҳодан, Абу Довуд (4399) Ибн Аббосдан,  Абу Довуд (4403) ва Термизий (1423) Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг