Аббосийлар: Халифа Мансур даврида вилоятлар (2)

0
  • Ҳижоз

Ҳижоз волийси Зиёд ибн Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ собиқ халифа Саффоҳнинг тоғаси эди. Ҳижрий 141 йили Мансур уни бўшатиб, волийликни Муҳаммад ибн Холид Қасрийга инъом этди. У 144 йилгача ушбу лавозимда қолди. Сўнг унинг ўрнига Риёҳ ибн Усмон Музаний волий бўлди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг қаршилик ҳаракати унинг волийлик даврига тўғри келди. Исо ибн Мусо ушбу ҳаракатга барҳам бергач, Мадинага Касир ибн Ҳусойнни ноиб қилиб қолдирганди. У бу лавозимда бор-йўғи бир ойча қолди, сўнг Мансур Мадинага волий қилиб Абдуллоҳ ибн Рабеъни юборди. Абдуллоҳ ибн Рабеъ 146 йили бўшатилиб, ўрнига Жаъфар ибн Сулаймон ибн Али волийликка тайинланди. У 150 йилгача ушбу лавозимда қолди. Кейин унинг ўрнига Ҳасан ибн Зайд ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Али ибн Абутолиб волий бўлди. Ҳижрий 155 йили волийлик Абдусамад ибн Алига инъом этилди.

Ҳижознинг бошқа амирликлари амирлари ҳам вақти-вақти билан алмашиб турди. Макка ва Тоифга аввал Суррий ибн Абдуллоҳ волий бўлди, кейин унинг ўрнига Абдусамад ибн Али келди, кейин Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Али волий бўлди.

Ҳижрий 141 йили Яманга Маън ибн Зоида волий этиб тайинланди, 153 йили Язид ибн Мансур волий бўлди.

Қусам ибн Аббос ибн Абдуллоҳ ибн Аббос Баҳрайнга амир бўлди.

  • Миср

 Мисрда одатдагидек осойишта ҳаёт давом этиб турди. Халифа Мансур даврида унда бир неча волий алмашиши юз берди. Унда бирин-кетин Солиҳ ибн Али, Мусо ибн Каъб, Муҳаммад ибн Ашъас, Навфал ибн Фурот, Ҳумайд ибн Қаҳтаба, Язид ибн Ҳотим, Муҳаммад ибн Саид волий бўлиб турдилар.

  • Африка

Африка вилояти амирликлар ичида энг кўп муаммоларга дуч келган вилоят бўлса керак. Сабаби, хаворижлар асосан ўша ерда фаолият юритишди. Қолаверса, бу ўлка халифалик марказидан узоқда бўлиб, ҳукумат эътиборидан четда қолганди. Шу туфайли ҳам хаворижлар худди Абдураҳмон Дохил Андалусни макон тутгани каби, бу ерни ўзларига макон тутишганди.

Африка ибозий ва суфрий хаворижлар билан Уқба ибн Нофеъ хонадонига мансуб нуфуз эгалари ўртасида талаш эди.

Хавориж суфрийлар давлати Тафилалт табиий равишда ўралган минтақада бинога келди. Бу минтақа саҳро четидаги сувли ерда эди. Тафилалт асосан савдо-сотиққа чекланган саҳровий давлат эди. Унинг муассиси Абулқосим Самку ибн Восул бўлиб, у ўзи чўпондан чиққан, ўша ерлик чорвадорлар билан яқин алоқаси ва уларга кучли таъсири бор эди. Уларнинг сони қирқ кишига етгач, барчалари Исо ибн Язид ал-Асвадга байъат бердилар. Бу воқеа 140 йилда содир бўлди. Сўнг Абулқосим қавми Макносани Исо ибн Язиднинг байъатига ва итоатига чорлади. Сижилмоса[1] шаҳрини бино қилдилар, хурмозор ва узумзорлар барпо қилдилар, мева-сабзавот етиштирадиган бўлдилар. Зиз дарёси суви ушбу ободончиликлар учун асос бўлди. Суфрийлар шу шаҳарга оқиб бела бошлади ва унинг аҳолиси сони тез ортди. Унинг аҳолиси асосини суданликлар, андалусликлар, барбарлар ва шу каби суфрий хаворижлар мазҳабига эргашган кишилар ташкил этарди.

Кейин Исо ибн Язид имомликдан четлатилиб, Абулқосим Самку етакчиликни ўз қўлига олди. Сўнг 155 йили Исо ибн Язид ўлдирилди ва Абулқосим 168 йилгача имом-бошлиқ бўлиб қолди. Унинг вафотидан сўнг хаворижларнинг имомат мерос қилинмаслиги ҳақидаги фикрларига хилоф равишда имомлик унинг хонадони вакилларида давом этди.

Абулқосим Самку Қайрувонда аббосий волийлар билан тинч-тотув яшаш битимига эришди. Чунки у керакли даражага чиқа олмаган бундай ҳаракатлардан фойда йўқлигини тушуниб етди. Ибн Халдун ҳам уни аббосийларга тобе деб санаганди. У хутбада Мансур ва Маҳдийга дуо қиларди. Ушбу тинчлик битими хаворижлар давлати бир нави сақланиб қолишига имкон яратди.

  • Андалус

Андалус амири Абдураҳмон Дохил ўзини халифа деб эълон қилмаганди. Чунки у Ислом давлатида бирдан ортиқ халифа бўлиши мумкин эмаслигини яхши биларди. Шундан келиб чиқиб у аббосий халифаларни мўминлар амири сифатида тан олиб, хутбаларида уларга дуо қилар эди, ҳаж мавсумида одамлар учун ҳажга амир тайин қилар эди. Абдураҳмон Дохил то унга нисбатан бир неча ишлар содир этилмагунича шу ҳолда давом этди. Қуйида у ишлардан айримларини келтирамиз:

Маълумки, илгари Андалусда Юсуф ибн Абдураҳмон Феҳрий амир бўлиб, унинг ёнида Сумайл ибн Ҳотим улкан нуфуз эгаси саналарди. Абдураҳмон Дохил бостириб келганида Юсуф билан Сумайл Абдураҳмон ҳужумига дош беролмай, таслим бўлгандилар.

Юсуф ибн Абдураҳмон Феҳрий Сумайл ибн Ҳотимнинг маслаҳати ва йўл-йўриқлари билан ўз нуфузини қайтариб олиш ҳаракатига тушди. Юсуф 142 йили Қуртубадан Моридага[2] қочиб бориб, ўша ерда ўз атрофига лашкар йиғди. Сўнг исён эълон қилди ва Қуртубага уруш очмоққа чоғланди. Шундан сўнг Абдураҳмон унга қарши юриш бошлади, уни мағлубиятга учратиб, ўзини қатл этди. Сумайл ибн Ҳотим Қуртубада зиндонбанд этилди ва зиндонда заҳарланиб ўлди.

Халифа Мансур Абдураҳмонни ўртадан кўтаришга қасд қилди ва Божа[3] шаҳридаги Ало ибн Муғис Жузомийни Абдураҳмонга қарши уруш очишга ва аббосийлар фойдасига даъват қилишга чорлаб, унга аббосийлар байроғини юборди. Ало етарлича куч-қувватга эга бўлганидан сўнг ҳижрий 147 йили исён кўтарди. Абдураҳмон унга қарши юриш бошлади, бироқ у Алони енга олмади. Аксинча, ўзи енгилиб Ишбилия шарқидаги Қармунага[4] йўл солди. Ало унинг ортидан таъқиб қилиб, ўша ерда икки ой қамалга олиб турди. Охир-оқибат Абдураҳмон фидоийлик амалиётига қўл уришдан бошқа чора тополмади ва етти юзта одами билан рақиби қаршисига журъат билан чиқиб борди, ҳолбуки рақиб қўшинининг адади сон-саноқсиз эди. Бироқ у қамални ёриб ўтиб, душман устига кутилмаганда ҳужум уюштиришнинг уддасидан чиқди ва Алони қатл қилиб, калласини Мансурга юборди. Шундан сўнг Мансур Андалусдан бутунлай қўлини тортди. Абдураҳмон Дохил “Қурайш лочини” деган ном билан машҳур бўлди.

Шундан сўнг Абдураҳмон Дохил хутбада аббосий халифаларга дуо қилишни тўхтатди, бироқ ўзини халифа деб эълон ҳам қилмади. Чунки у ислом оламида фақат битта халифа бўлиши ҳақидаги исломий мафкурага содиқ эди. Мансур унга қарши ҳарбий ҳаракат олиб борганига қарамай, у на Мансурга ва на ундан кейин Маҳдийга мухолифлик қилди.

 

[1] Сижилмоса – Мағриб жанубида Суданга яқин жойда жойлашган шаҳар.
[2] Қуртуба ва Морида – ҳозирда Испанияга қарашли Кордоба ва Мерида шаҳарлари.
[3] Божа (Бежа) – Ҳозирда Португалиянинг жанубида жойлашган шаҳар.
[4] Ишбилия (Севиля), Қармуна (Кармона) – Ҳозирда Испанияга қарашли шаҳарлар номи.

Изоҳ қолдиринг