Пайғамбаримиз Меърож кечаси барча пайғамбарларга имомга ўтиши

0

Савол:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Меърож кечаси пайғамбарларга қаерда имомга ўтганлар, Байтул Мақдисдами ёки осмондами?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Меърож кечаси ҳақида келган ҳадислар шуни кўрсатадики, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Меърож кечаси барча пайғамбарлага Байтул Мақдисда имом бўлиб намоз ўқиганлар. Қуйида буни қўллаб-қўллайдиган далил ва уламоларнинг сўзларини келтирамиз:

1 – Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Меърож кечаси) Масжидул Ақсога кириб у ерда намоз ўқидилар. Қарасалар барча пайғамбарлар у зот билан намоз ўқиётган экан[Аҳмад: 4/167]. Ушбу ҳадиснинг санади заиф бўлсада, бироқ бу фикрни қўллаб-қўллайдиган бошқа ҳадислар бор.

2 – Имом Табарий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сўнг биз Байтул Мақдисга етиб келдик ва мен у ерда барча пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқидим[“Тафсири Табарий” 17/332].

3 – Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исро кечаси Байтул Мақдисда барча пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқиганлари (саҳиҳ ҳадисларда) собит бўлган[“Масоил маншура” 26 бет].

4 – Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб пайғамбарлар билан осмонда учрашганлар, сўнг улар билан биргаликда Байтул Мақдисга тушиб, у ерда уларга имом бўлиб намоз ўқиганлар…[“Тафсири Ибн Касир” 5/31].

5 – Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўғрироқ фикрга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларга осмонга кўтарилишларидан олдин Байтул Мақдисда имомга ўтганлар[“Фатҳул Борий”, 7/209].

Валлоҳу аълам.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг