Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари, Бану Соида шийпонидаги тортишув ва Абу Бакрга байъат берилиши (2)

0

Душанба куни одамлар Абу Бакр имомлигида бомдод намозида турган пайтларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужралари пардасини очиб, намозда саф тортиб турган мусулмонларга қарадилар. Ўз даъватларининг ҳосилини, ўз қўллари билан эккан кўчатлари самарасини кўриб, кўзлари қувонди. Намозни муҳофаза қиладиган, намозга пайғамбарлари йўқлигида ҳам худди борликларидагидек аҳамият берадиган уммат етишганига ишонч ҳосил қилдилар. Ушбу умматнинг динига ва ибодатига бўлган алоқаси пайғамбарининг вафоти билан узилиб қолмайдиган давомли алоқа эканига кўнгиллари таскин топди. Қалблари сурурга тўлиб, хурсандликдан юзлари ёришиб кетди.

Анас ибн Молик ривоят қилади: “Душанба куни одамлар бомдод намозида турган эдилар, Абу Бакр имом бўлиб намоз ўқиётган эди. Тўсатдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойшанинг ҳужраси пардасини очиб, бизга қарадилар. Сўнг табассум қилиб жилмайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга чиқсалар керак, деган гумонда Абу Бакр сафга қўшилиш учун ортга тисарилмоқчи бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб хурсанд бўлганимиздан намоздан чиқиб кетаёздик. У зот бизга қараб: “Намозингизни давом эттиринглар” деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар[1].

Шундан сўнг баъзи саҳобалар ишларига кетишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ойша розияллоҳу анҳога: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўринишлари бугун анча яхши”, деди. Сўнг отига миниб, Мадина ташқарисидаги Сунҳдаги уйига кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволлари оғирлашиб, жон талвасасида ётган пайтларида ҳузурларига Усома ибн Зайд кирди. У зот гапиришга мадорлари келмасдан, қўлларини тепага кўтариб, кейин Усоманинг елкасига қўйиб ишора қила бошладилар. Унинг ҳаққига дуо қилаётганларини билишди.

Жон таслим қилиш вақтида Ойша розияллоҳу анҳо у зотнинг бошларини қучоғига олди. У шундай дейди: “Аллоҳнинг менга инъоми бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда, менинг кунимда ва менинг бағримда жон бердилар. Ўлимлари олдида Аллоҳ таоло менинг тупугим билан у зотнинг тупукларини бирлаштирди. Абдураҳмон ибн Абу Бакр кирди, қўлида мисвок бор эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суяб ўтирган эдим. У зотнинг мисвокка қараётганларини кўрдим ва мисвокни яхши кўришларини билиб: “Мисвокни олиб берайми?”, дегандим, ҳа, деб ишора қилдилар. Мисвокни берган эдим, қаттиқлик қилди. “Юмшатиб берайми?”, дедим. Ҳа, деб ишора қилдилар. Мисвокни тишимда эзиб, юмшатиб берган эдим, уни оғизларига юргиздилар (бир ривоятда: яхшилаб мисвок қилдилар). Олдиларида бир идишда сув бор эди, қўлларини сувга теккизиб, сўнг уни юзларига суртиб туриб: “Ла илаҳа иллаллоҳ, дарҳақиқат ўлимнинг сакароти (талвасаси) бор…”, дедилар.[2]

Мисвок қилганларидан сўнг қўлларини тикладилар, кўзлари шифтга боққанича лаблари қимирлай бошлади. Ойша лабларига қулоқ тутганида у зот шундай деяётган эканлар:  “Ўзинг уларга инъом қилган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилгин. Ё Аллоҳ, мени мағфират қил ва раҳматингга ол. Мени Рафиқи аълога етказ”.[3]

Сўнгги калимани уч марта қайтардилар, сўнг қўллари пастга тушди. Шу ҳолда Рафиқи аълога етишдилар.

Вафотларидан бир оз олдин қизлари Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дард чекиб, қийналишларини кўриб: “Воҳ, отам тортган дард-аламлар-а!”, деган эди, у зот: “Бугундан кейин отангга дард-алам етмайди”, дедилар.[4] Вафот этганларидан сўнг Фотима: “Вой отам! Раббининг чорловини қабул қилган отам! Фирдавс жаннатидан жой олган отам! Мусибатингиз хабарини Жаброилга берамиз, отам!”, деб йиғлади.[5] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинганларидан сўнг Фотима розияллоҳу анҳо Анас розияллоҳу анҳуга: “Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам устларига тупроқ тортишга рози бўлдинглар, бунга қандай қўлларингиз борди?!”, деб хитоб қилди[6].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун араб жазирасига ҳоким бўлган ҳолларида вафот этдилар. Бутун дунё ҳукмдорлари у зотдан ҳайиқиб турарди. Асҳоблари жонларини, молларини, бола-чақаларини у зотга фидо қилишга ҳозир эдилар. Шундай зот вафот этарканлар, ортларидан на бир дирҳам пул, на бирор қул-чўри, на бошқа мол-мулк қолдирдилар. Вафотларидан олдин бисотларидаги 6 ё 7 динор пулларини садақа қилдилар, қурол-аслаҳаларини мусулмонларга ҳадя қилдилар. Кечқурун Ойша розияллоҳу анҳо чироқларини бир аёлникига юбориб: “Чироғимизга мой идишингдан озроқ мой қуйиб бериб тургин”, деб сўради.[7] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг совутлари эса бир яҳудий қўлида 30 соъ арпа эвазига гаровда эди.[8]

У зотнинг вафотлари ҳижрий ўн биринчи йил Рабеул-аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни заволдан сўнг содир бўлди[9]. Ўшанда ёшлари олтмиш учда эди[10].

Бу кун мусулмонлар учун энг қора, энг ёқимсиз, энг оғир мусибатли кун бўлди. Мадина аҳлининг кўзига дунё қоронғи бўлиб қолди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга (Мадинага) кириб келган кундан кўра нурафшонроқ ва гўзалроқ кунни кўрмадим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кундан кўра қоронғироқ ва ёқимсизроқ кунни ҳам кўрмадим”.[11]

Яна айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келган куни Мадинанинг ҳамма тарафи ёришиб кетган эди. Вафот этган кунлари ҳамма тарафи қоронғилашиб кетди. У зотни дафн қиларканмиз, қўллар ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлари тупроғини қоқмай туриб, қалбларимиз ҳам ўзгариб, илгаригидек бўлмай қолди”[12].

У зотнинг вафотларидан сўнг Умму Айман йиғлаб: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этишларини билардим, бунинг учун йиғламаяпман. Балки энди биздан ваҳий узилгани учун йиғлаяпман”, деди[13].

 

[1] Бухорий (4448).
[2] Бухорий (2/640).
[3] Бухорий (2/638-641).
[4] Бухорий (2/641).
[5] Бухорий (2/641.
[6] Бухорий (4462).
[7] Ибн Саъд, “Табақот” (2/229).
[8] Бухорий (2068, 2096, 2200, 2251, 2252, 2386, 2509, 2513, 2916, 4167-ҳадислар).
[9] Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя” (4/223).
[10] Муслим (4/825).
[11] Доримий ривояти, “Мишкотул масобийҳ” (2/547).
[12] Термизий (5/588, 589).
[13] Муснади Аҳмад (3/212).

Изоҳ қолдиринг