Исо Масиҳнинг хочга михлаб ўлдирилгани ҳақида насроний билан мунозара

0

 

Савол:

Нима учун мусулмонлар Исо Масиҳ бизнинг гуноҳларимиз ювилиши учун ўзини қурбон қилиб, хочга михланганига ишонгилари келмайди ва умуман хочга михланиш ҳодисасини инкор қилишади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ..

Мусулмонларнинг ушбу тушунчани инкор қилишлари ажабланарли эмас. Зеро, мусулмонларнинг иймон келтирган ва хабарларини тасдиқлайдиган китоблари Қуръони Карим бу ҳодисани мутлақо инкор қилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Яна кофирликлари ва Марям хусусида катта бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари Масиҳ Исо ибн Марямни «бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, хочга михлаганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Исо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир” [Нисо: 157-158].

Масиҳнинг бошқалар гуноҳини ювиш учун ўзини фидо қилиши ва хочга михланиши ҳақидаги тушунча масиҳийларда асосий эътиқодга, хоч шакли эса динларининг рамзига айланган.

Бироқ қизиғи шундаки, масиҳийларнинг ўзларида ҳам бу воқеа тафсилотлари борасида якдиллик йўқ, улар воқеа тафсилотларини баён қилишаркан, анчагина ихтилофларга ва чалкашликларга йўл қўйишади. Бу эса ушбу воқеанинг аслида бўлмаган тўқима эканига ишора қилади.

Хочга михланиш воқеасига тааллуқли гаплар уларнинг инжиллари ва тарихчилари ўртасида баҳс-мунозара манбаси бўлиб келади.

Масалан, улар хочга михланиш воқеаси арафасида бўлган сўнгги таомланиш вақти ҳақида, яна Исо Масиҳни душманларга кўрсатиб берган хоин шогирд кимлиги ҳақида ихтилоф қилишган.

Ўша шогирднинг хиёнати Луқо ривоятида келганидек, сўнгги зиёфатдан камида бир кун илгари бўлганмиди ёки Юҳанно ривоятида келганидек, зиёфат асносида, Масиҳ унга бир бурда нонни берганидан кейин бўлганмиди, бу ҳақда ҳам ихтилоф қилишган.

Юҳанно ривоятида айтилгани каби, Масиҳ хочга михланадиган кишилар одатда қилганидек хочини ўзи кўтариб олганмиди ёки бошқа учта инжилда айтилгани каби унинг хочини кўтариб борувчи Киринеялик Шимўн деган киши бўлганмиди?

Масиҳдан ташқари иккита қароқчи ҳам ўша куни унинг ёнида хочга михланганини, улардан бири Масиҳнинг ўнг томонида, иккинчиси чап томонида бўлганини зикр қилишади. Агар шундай бўлса, хочга михланган бу икки қароқчи Масиҳга нисбатан қандай муносабатда бўлишди, бошқа ҳақоратлаётган кимсаларга қўшилиб, улар ҳам Рабби уни душманлари қўлига топшириб қўйганини ва хочга михланиб ўлдирилаётганини айтиб ҳақоратлашдими ёки улардан бири уни ҳақорат қилганида иккинчиси шеригини бу иши учун тергадими? Инжиллар ўртасида бу ҳақда ҳам ихтилоф бор.

Кейин, Исо Масиҳнинг жон бериши қайси соатда юз берди, Марк ривоятида келганидек кундузи соат учдами, ё Юҳанно ривоятида айтилганидек соат олтидами?

Хочга михланганидан кейин нима воқеалар бўлди, бунда ҳам ихтилофлар бор.

Марк ривоятига кўра, маъбад (ибодатхона) пардаси тепадан пастга қараб йиртилиб кетди. Матто ривоятида эса бунга қўшимча ер ларзага келди, харсанглар ёрилиб кетди, кўпгина авлиёлар қабрларидан тирилиб чиқиб, муқаддас шаҳарга кирдилар ва кўпчиликка зоҳир бўлдилар. Луқо ривоятида айтилишича, қуёш қорайиб кетди, маъбад пардаси қоқ ўртасидан йиртилди, юзбоши бўлган воқеани кўргач Аллоҳни улуғлаб: “Ҳақиқатан бу одам солиҳ экан”, деди. Юҳанно эса буларнинг ҳеч бири ҳақида ҳеч нарса билмаган!!

Хочга михланиш ҳодисаси тафсилотлари борасида инжилларда келган бўш ва асоссиз гаплар фақат шулардангина иборат эмас.

Инжиллардаги ушбу ҳодиса ҳақида келган ривоятларнинг тафсилотларига назар солган киши бир қарашдаёқ улар ўртасида кучли фарқлилик борлигини илғаб олади, бу эса уларга ишонмасликка ё бирини қўйиб, бошқасини тасдиқламасликка асос бўла олади.

Бу нуқсонларни беркитиш ва сохталаштирилган муқаддас китобларнинг айбларини яшириш мақсадида нечоғли ҳаракатлар қилинмасин, бари муваффақиятсиз уринишлар бўлиб қолаверади. Аллоҳ таоло нақадар рост сўзлагувчи зотки, Ўзининг то қиёмат ўзгартиришлардан асралган Китобида шундай дейди: “Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!” [Нисо: 82]. Бундай уринишлар олимларни атом бомбасини маккажўхори сўтасидан ясалган деб ишонтиришга уринадиган содда деҳқонча уринишдан бошқа эмас.

Ўзгартириб юборилган инжиллардаги хабарларга ишониб бўлмайди. Ҳатто масиҳийларнинг ўзлари ҳам Инжилнинг Исога шундай ҳолда тушмаганини, инжиллар унинг ҳаётлик даврида ёзилмаганини эътироф этишади. Қолаверса, хочга михланиш воқеасида асосий гувоҳ сифатида зикр қилинувчи кишиларнинг ҳеч бири бу воқеа устида ҳозир бўлмаганлар. Марк айтанидек: “Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони ташлаб, қочиб кетишди” [Марк: 14/50].

Ҳикоя қилиб бераётганлардан ҳеч бири гувоҳ бўлмаган бу воқеа борасида ҳар ким ҳар хил гапларни гапириб ташлаган.

Исо Масиҳ алайҳиссаломнинг хочга михланиш афсонаси ҳақидаги гапларни инжилларда зикр қилинган Масиҳнинг ўлимдан нажот топиши ҳақидаги ўзи берган хабарлар билан тугаллаймиз:

“Одамлар Исо тўғрисида шундай деб пичирлашаётганини фарзийлар эшитиб қолишди. Шунда бош руҳонийлар билан фарзийлар Исони қўлга олиш учун миршабларни юборишди. Исо деди: “Мен сизлар билан қисқа бир муддат бўлиб, яна мени Юборганнинг олдига қайтиб бораман. Сизлар Мени излайсиз-у, лекин тополмайсизлар. Мен борадиган жойга сизлар боролмайсизлар” [Юҳанно: 32-34].

 Бошқа бир ўринда айтади:

“Исо уларга яна деди: “Мен кетяпман. Сизлар Мени қидирасизлар ва гуноҳкор бўлиб ўласизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”. Наҳотки У ўзини ўзи ўлдирса? “Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”, деб айтяпти-ку, дейишди ўзаро яҳудийлар. Исо уларга шундай деди: “Сизлар бу дунёдансизлар, Мен эса юқориданман. Сизлар бу оламга мансубсизлар, Мен эса бу оламдан эмасман. Шунинг учун сизларга “Гуноҳкор бўлиб ўласизлар”, деб айтдим. Ҳа, агар Ўша мен эканлигимга ишонмасангизлар, гуноҳкор бўлиб ўласизлар”. “Сиз кимсиз?”, деб сўрашди Исодан. Исо шундай деди: “Кимлигимни сизларга бошидан айтиб келяпман-ку! Сизларни айблаб айтадиган гапим жуда кўп. Лекин мени Юборган ҳақдир, мен Ундан нима эшитган бўлсам, ўшани дунёга маълум қиламан”. Улар эса Исо Ўз Отаси ҳақида гапираётганини тушунмадилар. Исо сўзида давом этди: “Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда, Ўша мен эканлигимни билиб оласизлар. Ўшанда мен ўзимча ҳеч нарса қилмаганимни, фақат Отам ўргатган нарсаларни айтганимни тушуниб оласизлар. Мени Юборган доим мен билан биргадир. У мени ёлғиз ташлаб кетмаган. Зеро, мен ҳар доим Унга маъқул бўлган ишларни қиламан” [Юҳанно: 8/21-29].

“Исо маъбаддан чиқиб кетаётганда шогирдлари унинг ёнига келиб, диққатини маъбаднинг биноларига қаратдилар. Исо уларга деди: “Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: булар вайрон бўлади. Биронта тош ўз жойида қолмайди” [Матто: 1/24].

“Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг уй-жойларингиз ҳувиллаб қолади. Сизга шуни айтай: “Эгамиз номи билан келадиган инсон барака топсин”, деб айтмагунингизча мени кўрмайсизлар” [Луқо: 13/35].

“Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг маъбадингиз ҳувиллаб қолади. Сизга шуни айтай: “Эгамиз номи билан келадиган инсон барака топсин”, деб айтмагунингизча мени кўрмайсизлар” [Матто: 23/38, 39]

Масиҳ Аллоҳ уни душманлари қўлига топширмаслигига ва уни ташлаб қўймаслигига ишонарди:

“Шундай вақт келадики, ҳатто келди ҳам, сизлар тарқалиб, ҳар бирингиз ин-инингизга кириб кетасизлар. Мени ёлғиз қолдирасизлар. Бироқ мен ёлғиз эмасман, чунки отам мен биландир. Мен туфайли хотиржам бўлишингиз учун буларни сизларга айтдим. Дунёда қайғу-алам чекасизлар. Лекин дадил бўлинглар, мен дунёни енгдим” [Юҳанно: 16/32-33].

Шунинг учун воқеа олдидан ўтганлар ва Масиҳнинг хочга михланиш ҳодисасига ҳозир бўлган ҳар бир киши Масиҳ устидан кулишарди. Ушбу Инжилнинг ёзувчиси айтганидек:

“Ўтиб кетаётганлар бошларини чайқаб, Исони ҳақоратлашарди: “Эй маъбадни бузиб, уч кун ичида тиклайдиган! Ўзингни ўзинг қутқариб, хочдан тушиб кўр-чи!” Бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари ҳам уларга қўшилиб, Исони масхаралай кетишди. Улар бир-бирига: “У бошқаларни қутқарарди, ўзини эса қутқара олмайди! Исроилнинг шоҳи Масиҳ энди хочдан тушсин, токи биз буни кўриб унга ишонайлик!”, дейишарди. Исо билан бирга хочга михланганлар ҳам уни ҳақоратлар эдилар” [Марк: 29-32]

Лекин кўринадики, ўзгартириб юборилган инжиллар талқинига кўра, Исонинг Аллоҳ у билан биргалигига бўлган ишончига дарз кета бошлайди:

“Шундан кейин Исо шогирдлари билан Гетсимания деган жойга борди. Исо шогирдларига: “Шу ерда ўтириб туринглар. Мен нарироққа бориб, ибодат қиламан”, деди. У ёнига Бутрусни ва Забадийнинг икки ўғлини олди. Исони қайғу-ғам қамради. У шогирдларига: “Юрагимдаги оғир қайғу мени ўлгудай қийнаб юборди. Шу ерда қолинглар-да, кўз-қулоқ бўлиб туринглар”, деди. Сўнг бир оз нари кетиб, ерга мук тушди-да, шундай деб ёлворди: “Эй Отам, агар иложи бўлса, бу азоб косаси мени четлаб ўтсин. Аммо менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин. У шогирдлари ёнига келиб, уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Бутрусга деди: “Мен билан бирга бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмабсизлар-да! Кўз-қулоқ бўлиб туринглар, васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир. Исо иккинчи марта кетиб, шундай деб илтижо қилди: “Эй Отам! Агар бу азоб косасидан қутулишимнинг иложи бўлмаса, майли, мен ўша косадан ичаман. Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин. У қайтиб келиб, шогирдларининг яна ухлаб ётганини кўрди. Уларнинг кўзлари юмилиб кетаётган эди. Исо уларнинг олдидан яна кетиб, аввалги сўзларини такрорлаб, учинчи марта ибодат қилди. Сўнг у шогирдлари ёнига қайтиб келиб, уларга деди: “Ҳалигача дам олиб, ухлаб ётибсизларми?! Мана, вақт-соати келди, Инсон Ўғли гуноҳкорлар қўлига тутиб бериляпти” [Матто: 26/36-45].

Луқо ушбу кўринишни шундай тасвирлайди:

“Исо оғир изтироб ичида жон-жаҳди билан ибодат қилди. Ундан оққан тер эса ерга томаётган қон томчиларига ўхшар эди. Исо ибодатни тугатиб, шогирдлари ёнига келди. Уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Шогирдлар қайғудан ҳолдан тойган эдилар. Исо уларга: “Нега ухлаб ётибсизлар? Қани туринглар, васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар”, деди” [Луқо: 22/44-46].

Масиҳнинг даъвоси ва унинг Аллоҳ у билан биргалиги ва уни асло ташлаб қўймаслиги ҳақидаги ишончи устидан кулиш учун бу драматик саҳнани тўқиб чиқараётган ёзувчи қиссани Масиҳнинг ҳасратини ва Аллоҳнинг у билан биргалиги ҳақидаги ишончига умидсизлик етганини ифода этувчи бир саҳна кўриниши билан якунлаши мантиқий бўларди. Шу туфайли ёзувчи шундай ёзади:

“Тушдан бошлаб соат учгача ҳамма ёқ зулматга чўмди. Соат учларда Исо баланд овоз билан: “Эй Худойим! Эй Худойим! Нега мени тарк этдинг?!”, деб фарёд қилди” [Матто: 27/33-34] .

Ушбу қиссанинг қийматини танқидий мезонда баҳолар эканмиз, бунинг устига қуриладиган бошқалар гуноҳи учун ўзини қурбон қилиш ҳақидаги тушунча ҳам айни мезон билан ўлчанмоғи лозим.

Насронийларнинг Исонинг халоскорлиги ҳақидаги эътиқодлари борасида қуйидаги савол-жавобдан қўшимча маълумот олиш мумкин: http://ixlos.org/?p=5875

Тавфиқ ва ҳидоят Аллоҳдандир, Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир.

Манба: IslamQA

 

Изоҳ қолдиринг