Аббойсийлар давлати: Мансур даврида хаворижлар

0

Халифа Мансур даврида хаворижларнинг фаолияти умуман олганда давом этди. Улар гарчи машриқда муваффақиятсизликка учраган бўлсалар-да, мағриб ўлкаларида анчагина муваффақият қозондилар. Уларнинг ҳаракати машриқда кенг ёйилмади. Бир минтақада қайсидир жамоат ичидан бир йўлбошчи чиқарди-да, тобелари билан бирга халифанинг аскарлари билан урушиб, уларни мағлуб қилар, кейин кўп ўтмасдан халифа ўз қўшинига мадад сифатида қўшимча куч юборар, шундан сўнг хаворижлар бу қўшинга бас келолмай, тирқираб кетар ва бошқа минтақага қочиб ўтиб, сочилиб йўқ бўлиб кетар эди. Афтидан хаворижларнинг машриқдаги ҳаракатлари давлатни ўзлари билан овора қилиб қўйиб, мағрибдаги фаолиятларидан эътиборни чалғитишга ва ўша ерда мустаҳкамланиб олишга ўхшаб кўринарди.

Мулаббад ибн Ҳармала Шайбоний ҳижрий 137 йили Жазирада хаворижлардан иборат мингта аскар билан чиқиб, халифанинг кучларини мағлубиятга учратди. Шундан сўнг унга қарши Ҳумайд ибн Қаҳтаба юриш бошлади, бироқ енгилиб қалъага чекинди. Сўнг Мулаббад билан унинг қамалини очиб юбориши эвазига юз минг танга беришга келишиб сулҳ тузишга мажбур бўлди. Кейин 138 йили Хозим ибн Хузайма хаворижлар устига юриш қилиб, уларни мағлубиятга учратди, Мулаббадни эса қатл қилди.

Суфрий хавориж намоёндаларидан Осим ибн Жамил ҳижрий 139 йили Ҳабиб ибн Абдураҳмонни мағлуб қилди, Ҳабиб Қобусга қочди. Бу эса Осимга Қайрувонга кириб бориш эшигини очиб берди. У Қайрувонга Абдулмалик ибн Абу Жаъдни волий қилиб, ўзи Ҳабиб ортидан юрди. Ҳабиб Аврос тоғлари сари қочиб бориб, у ерда катта куч тўплади, суфрийлар билан кечган жангда ғалаба қозониб, Осимни қатл қилди. Ҳабиб бу ғалабасидан сўнг Қайрувонга йўл олди, бироқ Абдулмалик ибн Абу Жаъддан мағлубиятга учраб, ўзи шу ерда ўлдирилди. Шундай қилиб, Мағриб тўлалигича суфрийлар қўлига ўтди.

Энди ибозийларга келсак, ҳижрий 140 йили уларнинг раҳбарларидан баъзилари Машриқдан қайтиб келиб, бор ҳаракатларини Яқин Мағрибда марказлаштирдилар. Уларнинг издошлари кўпайди ва улар Абул Хаттоб Абдул Аъло ибн Самҳ Маофирийга байъат бердилар. У аввал Траблусни истило қилди, сўнг Қобусга юриш қилиб, уни қўлга киритди. Сўнг Қайрувонга йўл олиб, шаҳар ташқарисида Абдулмалик ибн Абул Жаъд билан тўқнашди ва уни қатл этди, 141 йили Қайрувонни истило қилди ва унга Абдураҳмон ибн Рустамни волий қилиб тайинлади.

Халифа Мансур Муҳаммад ибн Ашъасни Африкага юборди. У Абул Аҳвас ибн Амр бошчилигида қўшин чиқарди. Унга қарши Абул Хаттоб урушга чиқди ва Сирт яқинида тўқнашиб, Абул Аҳвасни мағлуб қилди. Шундан сўнг Абул Ашъаснинг ўзи Абул Хаттоб билан урушишга келди, 144 йили Торуғода тўқнашиб, уни енгди ва ўзини қатл қилди. Кейин Муҳаммад ибн Ашъас Қайрувонга йўл олиб, уни қўлга киритди. Шундай қилиб, Муҳаммад ибн Ашъас Яқин Мағрибда аббосийлар давлати нуфузини мустаҳкамлади ва Қайрувонда ибозийларни таг-туги билан йўқотди.

Суфрийлар Яқин Мағрибда мағлубиятга учраганларидан сўнг уларнинг тарафдорлари Ўрта ва Узоқ Мағрибга бориб жойлашдилар ва Абу Қурра Тилимсон шаҳри яқинида ўз давлатига асос солди. Шунингдек, Абул Қосим Маску ибн Восул Сижилмосада Бани Мидрор давлати пойдеворини қўйди.

Ҳижрий 148 йил Муҳаммад ибн Ашъас Ўрта Мағрибнинг Тилмисон шаҳрига суфрий хавориж Абу Қуррага қарши урушиш учун Ағлаб ибн Солим Тамимий бошчилигида қўшин юборди. Лекин қўшин Ибн Ашъасга қарши исён кўтарди. Шундан сўнг халифа Мансур Ағлабни Африкага юборди. Ағлаб Ўрта Мағрибга қараб юрди ва Зоб яқинида Абу Қурранинг қўшини билан тўқнашди. Абу Қурра Тилимсонга чекинди, Ағлаб унинг ортидан таъқиб қилди. У ўз юришини Узоқ Мағрибгача давом эттириш ниятида эди, бироқ аскарлари йўл  машаққатига бардош беролмай, Ағлабга қарши қўзғолон кўтариб, уни ўлдирдилар. Бу ҳодиса ҳижрий 150 йилда содир бўлди.

Амр ибн Ҳафс Муҳаллабий Синд волийлигидан бўшатилиб, Қайрувонга волийлика тайинланди. Қайрувон сари келар экан, у йўлида Траблусни қайтариб олди, уни хавориж Абу Ҳотим Малзузий 150 йили эгаллаб олган эди. Амр ибн Ҳафс Қайрувонга келиб ўрнашгач, кўп ўтмай суфрийларга қарши уруш қилиш учун Ўрта Мағрибга юриш бошлади ва Зобга бориб, Тубнада ўрнашди. Унинг йўқлигидан фойдаланиб Абу Ҳотим Қайрувонга келиб, уни қамалга олди. Бироқ тез орада қамални бекор қилиб, Амр ибн Ҳафс ортидан Тубнага йўл олди. Хаворижлар ҳар тарафдан унга мададга етиб келишди. Ундан ташқари унга Абу Ҳотим ва Абдураҳмон ибн Рустам бошчилида ибозийлар ҳам эргашдилар. Яна унга Абу Қурра, Абдулмалик ибн Сакардид ва Жарир ибн Масъуд бошчилигида суфрийлар ҳам келиб қўшилдилар.

Абу Қурра суфрийлар билан Тубна қамалидан воз кечди. Шундан сўнг Амр ибн Ҳафс Абу Ҳотим ва Абдураҳмон ибн Рустам бошчилигидаги ибозийларни мағлубиятга учратди. Ибозийлар Қайрувон томонга йўл олишди, бироқ Амр улардан олдинроқ бориб Қайрувонга кирди. Ибозийлар келиб уни қамалга олдилар ва қамал асносида Амр ўлдирилди. Унинг ўлимидан сўнг қўшин амирлигини унинг она бир укаси Жамил ибн Сахр қўлга олди. Ибозийлар бошлиғи Абу Ҳотим у билан сулҳга келишди ва бунинг ортидан Қайрувонга кирди. Бу воқеа 154 йилда бўлди.

155 йили Язид ибн Ҳотим Африкага волий бўлиб келди. Ибозийларнинг Қайрувондаги пешвоси Абу Ҳотим унга қарши урушиб, унинг қўшини олдинги сафларини чекинтиришга муваффақ ҳам бўлди, бироқ охирида мағлуб бўлиб, Нуфуса тоғидан паноҳ топди. Язид ибн Ҳотим Қайрувонга кирганидан сўнг ибозийлар иккинчи марта Яҳё ибн Фунос амирлигида қўзғолон кўтардилар. Лекин бу қўзғолон тезликда бостирилди ва унинг бошлиғи ҳам, яқин шериклари ҳам қатл этилди. Бу воқеа 156 йилда бўлди.

Язид ибн Ҳотим ўғли Муҳаллаб ва Ало ибн Саидлар ёрдамида Яқин Мағрибда ибозийлар устидан, Ўрта Мағрибда эса суфрийлар устидан узил-кесил ғалабага эришди. Шундай қилиб, Язид ибн Ҳотим Мансур халифалигининг сўнгги даврларида Мағрибда аббосийлар нуфузини мустаҳкамлашга қодир бўлди. Язид ибн Ҳотим то 170 йилгача ҳоким бўлиб қолди.

Изоҳ қолдиринг