Талоқ кўринишлари

0

Иккинчидан: талоқ кўринишлари

Талоқнинг уч хил кўриниши бор:

  • Дарҳол тушадиган талоқ;

  • Шартли талоқ;

  • Қасам шаклидаги талоқ[1].

  1. Дарҳол тушадиган талоқ

Талоқнинг бу кўринишида эркак киши шу заҳоти талоқ туширишни қасд қилади. Масалан, эр хотинига “талоқсан” деса, шу заҳоти талоқ тушади. Бу ҳақда ўтган мақоламизда сўз юритган эдик. Бу кўринишдаги талоқнинг ҳукми, модомики талоқдаги шартлар вужудга келган бўлса, талаффуз қилиниши билан тушган бўлади.

  1. Қасам шаклидаги талоқ

“Фалон ишни қилмасам хотиним талоқ бўлсин” ёки “фалон ишни қилсам хотиним талоқ бўлсин” кўринишидаги талоқ қасам шаклидаги талоққа мисол бўлади. Инсон одатда бу шаклда қасам ичиш ортидан ўзини ёки ўзгани бирон ишни қилишга ёхуд аксинча, бирон ишдан тийилишга, ё бўлмасам бирон хабарни тасдиқлаш ёки рад этишга тарғиб қилишни мақсад қилади.

Рожиҳ фикрга кўра, қасам шаклида айтилган талоқ билан талоқ тушмайди. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, бу шаклда айтилган талоқ қасам ҳисобланади. Қасамида турмаган кимса қасам каффоратидаги каби каффоратни адо этиши лозим. Яъни, ё ўнта мискиннинг қорнини тўйғазади, ё уларни кийинтиради, ё бир қулни озод қилади. Агар мазкур ишлардан ҳеч бирига қодир бўлмаса, у ҳолда уч кун рўза тутиб беради.

  1. Шартли талоқ

Шартли талоқ дегани “агар ҳовлига кирсанг талоқсан” мисолидаги каби талоқнинг тушиши бирон шартга боғлиқ қилинган талоқдир.

Шартли талоқнинг икки ҳолати бор:

Биринчиси: бу ҳолатда эр ўзини ёки ўзгани бирон ишни қилишга, ё тарк қилишга ундаш учун қасам ичишни қасд қилади. Шу боис фуқаҳолар бу турни “қасам шаклидаги шартли талоқ” дейишади. Бу ҳолатда эр талоқ қилишни хоҳламайди, аксинча, талоқ қилишни ёмон кўради. Бинобарин, бу ҳолатда талоқ тушмайди ва у қасам шаклидаги талоқ ҳукмида бўлади.

Иккинчиси: бу ҳолатда эр шарт вужудга келган пайтда талоқ тушишини қасд қилади. Бундай ҳолатда шарт вужудга келиши биланоқ худди дарҳол тушадиган талоқдаги каби талоқ тушади.

Эрнинг хотинига “Агар қуёш чиқса талоқсан” деган сўзи мазкур ҳолатга мисол бўлади. Бу кўринишдаги талоқ тушиши аниқ бўлсада, бироқ баъзилар уламоларнинг фикрича, бундай талоқ шу заҳоти тушади, бошқа бир уламоларнинг фикрича, қуёш чиққанда талоқ тушади.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Уламолар юқорида зикр қилинган шартли талоқ ҳукмида ихтилоф қилишган. Баъзи уламоларнинг фикрича, бу турли талоқда инсон қасамини бузиб қўйса ёки белгиланган шарт вужудга келса талоқ тушади. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, шартли талоқ ҳар қандай ҳолатда ҳам тушмайди. Чунки Китоб ва суннатда бундай талоқ йўқ, бинобарин, бу тарзда талоқ қилиш Аллоҳ белгилаган ҳудудларга тажовуз қилишдир.

Учинчи бир гуруҳ уламолар биз юқорида зикр қилган тафсилотга кўра ўртача йўл тутганлар. Яъни, шартли талоқ билан шарт вужудга келган пайтда талоқ тушиши қасд қилинган бўлса, тушади, борди-ю, у билан бирон ишдан қайтариш ёки бирон ишга ундаш қасд қилинган бўлса, у ҳолда талоқ тушмайди. Бу фикрни шайхулислом Ибн Таймия ва шогирди Ибн Қаййим роҳимаҳумаллоҳ рожиҳ деб билишган.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу масаладаги тўғри фикр шу, далиллар ҳам шуни тақозо қилади. Бу шайхулислом Ибн Таймиянинг ихтиёридир»[2].

(2) Шуни яхши билиш лозимки, бу бобда саҳобалардан бирон фикр нақл қилинмаган. Чунки уларнинг замонасида бунингдек талоқ шакли бўлмаган. Шу боис мусулмонларга насиҳатимиз талоқ лафзи билан қасам ичмасинлар.

(3) Агар талоқ бирон шартга боғлиқ қилинса ва бу пайтда аёл талоқ қилишга яроқли бўлмаса, талоқ тушмайди. Агар инсон бир аёлга қарата: «Агар сенга уйлансам, талоқсан», деб, сўнг унга уйланса, талоқ тушмайди. Чунки эр бу сўзни айтган чоғда аёл талоққа яроқли бўлмаган.

(4) Агар эр талоқ тушишини бирон шартга боғлаб, сўнг бир муддат ўтиб шартни бекор қилишни хоҳласа, бунинг имкони йўқ, балки талоқ шартга боғлиқлигича қолаверади.

Масалан, эр хотинига «агар фалончи билан гаплашсанг, талоқсан», деса ва ҳақиқатда у билан гаплашса талоқ қилинишини қасд қилган бўлса, сўнг орадан бир муддат ўтиб «шартни бекор қилмоқчиман, бўлди, хотиним фалончи билан гаплашаверсин», деса, энди бу гапи фойда бермайди, балки шарт вужудга келиши билан талоқ тушади.

(5) Агар эр талоқ айтган пайтда ичида талоқни шартга боғлиқ қилганини даъво қилса, диёнатан (банда билан Аллоҳнинг ўртасида) сўзи қабул қилинса-да, бироқ бундай даъво ҳукмда – қозининг ҳузурида қабул қилинмайди.

Масалан, хотинига «сен талоқсан» деса-ю, сўнг «агар Зайд билан гаплашсанг» деган шартни дилимда ният қилган эдим», деб даъво қилса, қаралади: агар хотини қозига мурожаат қилган бўлса, талоқ тушади. Аммо хотини қозига мурожаат қилмай, эрининг дину диёнатига таяниб унинг гапини тасдиқласа, то ниятидаги шарт вужудга келмагунча талоқ тушмайди.

(6) Шунингдек, эр бирон сабабга таяниб талоқ қилган бўлса, сўнг бу сабабнинг нотўғри экани маълум бўлса, бу ҳолатда ҳам диёнатан талоқ тушмайди.

Айтайлик, бир кишига «хотининг фалон гуноҳ ишларни қилади», дейилса ва бундан аччиқланган эр уйига бориб хотинига «талоқсан» деса, сўнг хотинининг бу гуноҳ ишни қилмагани маълум бўлса, диёнатан талоқ тушмайди. Бироқ мазкур ҳолатда хотин қозига мурожаат қилса, талоқ инобатга олинади.

(7) Шартли талоқда шарт вужудга келса, талоқ дарҳол тушадими ёки бир муддат ўтиб тушадими?

Буни аниқлаш учун эрнинг нияти ёки масалага ойдинлик киритувчи ҳолат ва белгиларга мурожаат қилинади.

Масалан, эр хотинига «агар ҳовлидан чиқсанг талоқсан» деган бўлса, сўнг хотин ҳовлидан чиқса, талоқ тушадими, йўқми?

Агар эр хотинининг ҳовлидан чиқиши биланоқ талоқ қилинишини ният қилган бўлса, чиқиши заҳоти талоқ тушади. Борди-ю, эр муайян вақтда ҳовлидан чиқишни ният қилган бўлса, унда ўша вақтда талоқ тушади. Аммо шартли талоқ айтилган ҳолат хотинининг муайян юмуш сабабли, муайян жойга бориш ёки муайян вақтда ҳовлидан чиқишига далолат қилса, у ҳолда мазкур ишлар юз берган пайтда талоқ тушади.

(8) Шартли талоқда шарт такрорланган сари қасам бузилган саналиб, талоқ тушаверадими? Яъни, эр хотинига «агар ҳовлидан чиқсанг талоқсан», деса ва аёл ҳовлидан чиқиши натижасида талоқ тушса, сўнг эр хотинини қайтиб олса, қайтиб олгач хотин яна ҳовлидан чиқса, яна талоқ тушадими?

Рожиҳ фикрга биноан қасам бузилиши такрорланавермайди, бинобарин, қайтадан талоқ тушмайди. Балки қайтадан талоқ тушиши учун эр қайта қасам ичган бўлиши лозим.

(9) Агар инсон унутиб, билмасдан, мажбурланиб, хато қилиб, уйқуда, таъвил қилиб, фатво берган кишининг гапига кириб қасам бузилмайди деган эътиқодда, ақлдан озган ҳолида ёки «хотинимга талоқ тушиб бўлган, энди у менга бегона» деган гумонда қилмасликка қасам ичган ишини қилиб қўйса, рожиҳ фикрга кўра, мазкур ҳолатларнинг барчасида қасамини бузган саналмайди. Шунингдек, бирон нарсага «албатта шундай бўлиши керак» деган гумонда қасам ичса-ю, сўнг воқеликда бунинг акси бўлиб чиқса ҳам қасамини бузган бўлмайди.

(10) Агар эр талоқни бирон сабабга боғласа-ю, сўнг у сабаб барҳам топса, қасам ичилган иш содир бўлиши билан қасами бузилган саналмайди. Масалан, хотинига «Агар манави ҳовлига кирсанг талоқсан», деса ва бундай дейишига сабаб уйда фалончи эркак ёки аёл борлиги бўлса, сўнг ҳовлини бошқа биров сотиб олса ва шундан сўнг хотини бу ҳовлига кирса, қасамини бузган бўлмайди. Шунингдек, эр хотинига «агар фалончи аёл билан гаплашсанг талоқсан» деса ва бундай дейишига сабаб у аёлнинг фосиқлиги бўлса, аёл тавба қилиб, солиҳа аёлга айлангач хотини у билан гаплашса, талоқ тушмайди.

(11) Агар эр хато қилиб талоқ сўзини талаффуз қилиб қўйса, талоқ тушмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар)» [Аҳзоб: 5]. Бироқ эр талоқ лафзини хатодан талаффуз қилмаган, балки талоқни қасд қилганига гувоҳлар бўлса, у ҳолда эрнинг «хато қилдим» деган даъвоси қабул қилинмайди ва талоқ тушган саналади.

(12) Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар эр бирон нарсага қасам ичишни қасд қилиб «талоқсан, агар…» деса-ю, сўнг қасам ичиш ниятидан қайтса, талоқ тушмайди. Чунки у хотинини талоқ қилишни хоҳлаган эмас»[3].

Кўриниб турибдики, эр шартли равишда хотинини талоқ қилмоқчи бўлган-у, бироқ «Талоқсан, агар…» деб гап ўртасида фикридан қайтган, «…агар фалон ишни қилсанг» деган шартни айтмаган. Бинобарин, бундай қилган кишининг талоғи тушмайди.

[1] Қаранг: «Мажмуул фатово» (33/44).
[2] «Шарҳул мумтеъ» (5/510).
[3] Ибн Ҳазм «Муҳалло»да (11/521) имом Моликдан нақл қилган.

Изоҳ қолдиринг