Умар розияллоҳу анҳу: Умар Форуқнинг халифаликка ҳақлилигига ишора этувчи шаръий далиллар (2)

0
  • “Сунан”да Абу Бакрадан шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирон киши туш кўрдими?”, деб сўрадилар. Шунда бир киши: “Мен тушимда гўё осмондан бир тарози тушганини кўрдим. Унда сиз билан Абу Бакр тортилган эдинглар, сиз Абу Бакрдан оғир келдингиз. Кейин Абу Бакр билан Умар тортилган эди, Абу Бакр оғир келди. Кейин Умар билан Усмон тортилган эди, Умар оғир келди. Кейин тарози яна осмонга кўтарилиб кетди”, деди. Унинг бу тушидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кайфиятлари бузилгандек кўринди. Сўнг у зот: “Пайғамбарликнинг халифалиги, кейин эса Аллоҳ мулкни истаган кишисига беради”, дедилар[1].

Ушбу ҳадисда уч буюк саҳобанинг афзалликдаги тартибига ишора бор, уларнинг энг афзали Абу Бакр, сўнг Умар, сўнг Усмондир (барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин). Ушбу ҳадисда яна Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақлилигига ва унинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлишига ишора бор. Ҳадисдаги “Унинг бу тушидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кайфиятлари бузилгандек кўринди” деган ибора маъносига келсак, бу у зотнинг тарозининг кўтарилиб кетишини ишларнинг даражалари пасайишига ва Умарнинг халифалигидан кейин фитналар зоҳир бўлишига таъвил қилганлари учун эди[2].

  • Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Мен бу кеча тушимда бир булутни кўрдим, ундан сариёғ ва асал ёғилаётган экан, одамлар ундан ҳовучлаб олишди, кимдир кўпроқ, кимдир озроқ олди. Қарасам, ердан осмонга етиб турган бир арқон бор экан. Сиз уни ушлаб, юқори кўтарилдингиз. Сиздан кейин яна бир киши ҳам уни ушлаб, юқори кўтарилди. Кейин яна бир киши уни ушлаб, юқори кўтарилди. Кейин яна бошқа бир киши ушлаган эди, узилиб кетди. Кейин у яна уланиб қолди”, деди. Шунда Абу Бакр: “Ё Расулуллоҳ, отам сизга фидо бўлсин, Аллоҳга қасамки, менга қўйиб берсангиз, уни мен таъбир қилсам”, деди. “Майли, таъбир қилинг”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Бакр: “Булут – Ислом, ёғаётган асал ва сариёғ – Қуръон, унинг ҳаловати ёғилади. Одамлар ҳовучлаб олиши – Қуръондан кимдир кўпроқ, кимдир озроқ олади. Осмондан ерга уланиб турган арқон эса сиз келтирган ҳақдир. Сиз уни тутасиз ва Аллоҳ у билан сизни олийликка кўтаради. Сўнг сиздан кейин уни бир одам тутади ва у ҳам юқори кўтарилади. Кейин уни бошқа бир одам тутиб, у ҳам юқори кўтарилади. Кейин яна бир одам уни тутганида у узилиб кетади. Сўнгра арқон у учун уланади ва у ҳам юқори кўтарилади. Ё Расулуллоҳ, отам сизга фидо бўлсин, менга айтингчи, тўғри топдимми ё хато қилдимми?”, деди. “Бир қисмини тўғри топдингиз, бир қисмида хато қилдингиз”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Бакр: “Аллоҳга қасамки, нимада хато қилганимни айтиб берасиз”, деган эди, у зот: “Қасам ичманг!”, дедилар[3].

Ушбу ҳадисда ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақлилигига ишора бор. Чунки “Сиздан кейин яна бир киши ҳам уни ушлаб, юқори кўтарилди” дейилганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу кўзда тутилганди. “Кейин яна бир киши уни ушлаб, юқори кўтарилди” дейилганда эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кўзда тутилди[4].

  • Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мени Бани Мусталиқ қавми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юбориб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрагин, у кишидан кейин закотларимизни кимга бераркинмиз”, дейишди. Мен у зот ҳузурларига бориб сўраган эдим: “Абу Бакрга”, деб жавоб бердилар. Уларга бориб, айтган эдим: “Яна бориб сўрагин-чи, Абу Бакрга бирон кор-ҳол бўлса, кимга бераркинмиз”, дейишди. Бориб сўраган эдим, у зот: “Умарга”, деб жавоб бердилар[5].

Бу ҳадисда ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақлилигига ва Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин мусулмонлар ишига у бош бўлишига ишора бор.

  • Саҳобалар энг афзал ва энг яхши кишиларни муқаддам ўринга қўйишлари ҳамда Абу Бакр ва Али розияллоҳу анҳумонинг қуйидаги гувоҳликлари ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақлилигига далил бўлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафотидан олдин ўз ўрнига Умар розияллоҳу анҳуни тайинлар экан, Умарнинг қаттиққўллиги туфайли эътироз билдирган кишиларга жавобан “Мен Раббимга: “Ё Аллоҳ! Мен уларга энг яхши бандангни халифа қилиб келдим”, дейман”, деганди[6]. Али розияллоҳу анҳунинг гувоҳлиги ҳақида эса Имом Бухорий унинг ўғли Муҳаммад ибн Ҳанафиядан шундай ривоят қилади: “Мен отам (Али ибн Абу Толиб)дан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг яхши одам ким?”, деб сўраган эдим, “Абу Бакр”, деб жавоб бердилар. “Ундан кейин ким?”, деб сўрадим. “Умар”, дедилар. Ундан кейин Усмон дейишларидан қўрқиб: “Кейин сизми?”, деб сўраган эдим: “Мен мусулмонлардан оддий бир кишиман, холос”, деб жавоб бердилар.[7]

 

[1] “Сунан Абу Довуд” (2/512). “Сунани Термизий” (4/540).
[2] “Авнул маъбуд шарҳ сунан аби довуд” (13/387).
[3] Муслим ривояти (4/1777, 1778).
[4] “Ақидату аҳлис сунна вал-жамоа” (2/638).
[5] Ҳоким, “Мустадрак” (3/77), санади саҳиҳ.
[6] “Табақот кубро” (3/74).
[7] Бухорий (3671).

Изоҳ қолдиринг