Ғаниматдан ўмарган кишининг ҳукми

0

Ғаниматдан ўмарган кишининг ҳукми

Шариатимизда бундай ишга “ғулул” дейилади. Ғулул деганда жангда қўлга киритилган ғаниматлардан бирон нарсани яшириш, халифа ёхуд унинг ноиби ғаниматларни тақсимлашидан олдин уни ўзиники қилиб олиш назарда тутилади. Ғаниматдан ўмариш гуноҳи кабиралардан бўлган ҳаром ишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳеч бир пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, қиёмат кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» [Оли Имрон: 161].

Ҳадисда собит бўлишича, «жангда мусулмонлардан бирига камон ўқи келиб тегади ва шу сабабли ҳалок бўлади. Шунда саҳобалар: «Шаҳидлик унга қутлуғ бўлсин, эй Расулуллоҳ!», дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Йўқ, Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, ғаниматдан ўмарган шамла[1]си эгнида олов бўлиб алангаланмоқда. У шамлани ҳануз тақсимланмаган ғаниматлар ичидан олган эди». Одамлар бу гапдан қўрқиб кетдилар. Бир киши бир ёки иккита поябзал боғини кўтариб келди. «Хайбар жангида (тушган ғаниматлар ичидан) олган эдим», деди у. «Оловдан бўлган ип ёки оловдан бўлган иккита ип», деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам»[2].

Агар инсоннинг ғаниматдан бирон нарса ўмаргани ўз исботини топса, унга жазо сифатида сафарда ўзи билан олиб юрган барча нарсалари ёқиб юборилади. Уламолар бундан қурол-аслаҳа, мусҳаф ва жонворларни истисно қилишган. Ғаниматга хиёнат қилган кишининг нарсаларини ёқишдан мақсад уни жазолаш ва бошқаларга ибрат бўлишидир. Бироқ бундай қилиш шариатда вожибми ёки ҳокимнинг ижтиҳодига боғлиқ масалами?

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ бундай қилиш халифанинг ижтиҳодига боғлиқ деган фикрни рожиҳ деб билган. Агар халифа ғаниматга хиёнат қилган кимсанинг сафардаги нарсаларини ёқиб юборишни манфаатли деб билса, ёқтириб юборади, ёқмасликни фойдали деб билса, қолдиради.

Масала:

Агар мусулмонлар куч ишлатиб фатҳ қилинган бирон ерни ғаниматга олсалар, халифа лозим топса бу ерни ғанимат олган жангчиларга тақсимлаб беради ёки мусулмонларга вақф қилиб беради. Халифа уни мусулмонларга вақф қилиб берган тақдирда ерга давомли тарзда тўлаб бориладиган хирож солади. Хирож мазкур ердан фойдаланган кишилар давлатга тўлаши лозим бўлган маълум миқдор тўловдир.

Айтайлик, халифа ушбу ернинг ҳар гектарига йиллик маълум миқдор хирож – тўлов белгилайди ва бу тўловни ердан фойдаланган киши давлатга тўлаб боради. Одамлар бундай ерлардан турли мақсадларда, масалан, уй-жой барпо қилиб ёки деҳқончилик қилиб фойдаланишлари мумкин. Борди-ю, уларнинг хирож тўлашга қурби етмаса, у ҳолда ерни бошқаларга ижарага беришлари ёки давлатга қайтаришлари лозим.  Бироқ модомики хирож тўлаб борса ер унинг тасарруфида бўлади, ҳаттоки хирож ери сифатида фарзандларига мерос қолади.

Бундай ерлардан олинган хирож худди зиммийлардан олинган жизя каби мусулмонларнинг умумий манфаати йўлида сарфланади.

[1] «Шамла» – жўндан тўқилган кийим.
[2] Бухорий (4234), Муслим (115), Абу Довуд (2718), Насоий (7/24) ривояти.

Изоҳ қолдиринг