Али розияллоҳу анҳу: Аҳзоб ғазотидан Пайғамбар вафотларигача бўлган даврдаги фаолияти (4)

0

Али розияллоҳу анҳу ислоҳчилик вазифасини бажаргани

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий саккизинчи йил Макка фатҳидан кейин Холид ибн Валидни бир гуруҳга бош қилиб, Бани Жузайма қабиласига, улар билан урушиш учун эмас, исломга даъват қилиш учун юбордилар. У улар ҳузурига етиб бориб, исломга даъват қилди. Улар ўз динларидан чиқиб, исломни қабул қилганларини англатиш мақсадида “Исломга кирдик”, деб айтиш ўрнига “собеъ бўлдик, собеъ бўлдик” (яъни, собеийлик динига кирдик), дея бошлашди. Шунда Холид уларнинг мақсадларини англамасдан, уларни ўлдиришга ва асир олишга буюрди. Сўнг олинган асирларни ҳам ўлдиришни буюрди. Баъзи саҳобалар буйруққа бўйсунишдан бош тортишди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтгач, бўлган воқеани айтиб берганларида у зот қўлларини кўтариб, икки марта: “Эй Парвардигор! Мен Сенга Холиднинг қилган ишидан норозилигимни билдираман”, дедилар.[1]

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толибни бир қанча пул-мол билан ўша қабилага юбордилар. У бориб, ўлдирилган кишиларнинг хун пулини ва улар кўрган талафотларни тўла-тўкис тўлади. Тўловлардан фориғ бўлгач: “Хун пули олмаган яна бирон киши қолдими?”, деб сўради. Улар: “Йўқ, қолмади”, дейишди. “Шундай бўлса ҳам, билмасдан бирон кишининг ҳаққи берилмай қолган бўлса, эҳтиётдан мен манави қолган молларнинг ҳаммасини сизларга қолдираман”, деди ва қолган молларни уларга топширди. Қайтиб келиб, қилган ишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтганида у зот: “Тўғри қилибсан, яхши қилибсан”, дедилар[2].

Ушбу топшириқни муваффақиятли амалга ошириш билан Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни елкаларидаги оғир юкдан ва дилларини ғамдан халос этди. Шундай доно пайғамбарона йўл билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Жузайманинг кўнглини олдилар, қалбларидаги хафаликни аритдилар. Холиднинг Бани Жузаймани ўлдиртириши нотўғри таъвил ва хато ижтиҳоддан келиб чиққанди. Шу туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бу қилган иши учун жазоламадилар.

Али розияллоҳу анҳу Ҳунайн ғазотида

Али розияллоҳу анҳунинг шижоатини кўрсатиб берадиган ва жанг санъатидан яхши хабардорлигига далил бўладиган жиҳодий ишларидан бири ҳижрий 8 йили бўлиб ўтган Ҳунайн ғазотида намоён бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида сабот билан турган муҳожир ва ансорлар сафида бўлди. Уруш қизигандан қизиркан, Алининг зийрак назари Ҳавозин лашкари орасидаги бир кишини илғади. У қизил туяга миниб олган, қўлидаги найзаси билан дуч келган кишига зарба берар, найзасини баланд кўтарган пайтида эса сочилиб-тарқалиб кетган аскарлар унинг атрофига йиғилиб келарди. Уруш кўравериб кўзлари пишиб кетган Али унинг Ҳавозин лашкарига таъсири кучли қўмондонлардан бири эканини англади. Шундан сўнг Али ансорлардан бир киши ҳамроҳлигида ўша киши томон йўл олди ва икковлашиб уни эгардан қулатишга ва бошини танидан жудо қилишга муваффақ бўлдилар. Шундан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай, душман барқарорлигини йўқотиб, атрофга тирқираб сочилиб кетди ва мусулмонлар ғалабага эришдилар[3].

Али ибн Абу Толиб бошчилигида Той қабиласининг Фулс номли бутини вайрон қилиш учун сарийя юборилиши  

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Байтул Ҳаромни бутлардан батамом тозалаганларидан сўнг атрофдаги диёрларни узоқ даврлардан бери жоҳилият белгиси бўлиб келган бутхоналардан тозалашга ва қабилаларнинг бутларини бузишга киришдилар. Той диёридаги Фулс номли бутни вайрон қилиш вазифаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу зиммасига юклатилди. Тўққизинчи ҳижрий рабеул-аввал ойида Али розияллоҳу анҳу бошчилигидаги бир юз эллик кишидан иборат сарийя-гуруҳ юзта туя ва элликта отга минган ҳолда йўлга чиқишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга битта қора ва битта оқ байроқ тиктирдилар. Ушбу сарийя тонг пайти ўз саховатпешалиги ва қўли очиқлиги билан донг таратган ўша машҳур Ҳотам Тоий маҳалласига кириб бориб, бутни вайрон қилдилар ва асирлар, қўй-эчли ва туяларни қўлга киритдилар. Асирлар ичида Адий ибн Ҳотамнинг опаси ҳам бор эди, Адийнинг ўзи эса Шомга қочиб кетди[4].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотида Алини Мадинада қолдирганлари

Ҳижрий 9 йилда бўлган Табук ғазоти ислом тарихидаги энг муҳим ғазотлардан бўлиб, унинг мусулмонлар ва араблар қалбига, шунингдек ислом тарихидаги ҳодисалар оқимига жуда катта таъсири бўлди. Ушбу ғазотга йўл оларканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни Мадинада, ўз аҳли оилаларига бош қилиб қолдирдилар. Мунофиқлар буни ўз ичларида яширин нафратларини изҳор қилишга қулай фурсат деб кўрдилар. Ҳар хил фисқу фасод тарқатиб, Алининг кўнглига озор етказадиган пичинг гаплар қилишди. Бу ишлари уларнинг мунофиқликларига очиқ далил эди. Зеро, саҳиҳ ҳадисда келганки, Али розияллоҳу анҳу шундай деган: “Уруғни ёриб, ўсимликни чиқарган ва жонзотларни яратган Зотга қасамки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мен ҳақимда айтган гаплари шуки, мени фақат мўмин яхши кўриб, фақат мунофиқ ёмон кўради”[5]. Шундан сўнг Али ҳам йўлга чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб олди ва у зот билан бирга урушга бориш истагини билдириб: “Ё Расулуллоҳ, мени ёш болаларга ва хотин-халажга бош қилиб қолдирасизми?!”, деди. Шунда у зот: “Менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан ўрнида бўлишга рози бўлмайсанми?! Фақат (ўртадаги фарқ шуки), мендан кейин пайғамбар келмайди”, дедилар[6]. Сўнг уни яна Мадинага қайтариб юбордилар.

 

[1] Бухорий (4339).
[2] Ибн Ҳишом, “Сийра набавия” (4/72).
[3] Абу Яъло, “Муснад” (3/388), санади саҳиҳ.
[4] Заҳабий, “Тарихул ислом” (624-бет).
[5] Муслим (78).
[6] Бухорий (2404).

Изоҳ қолдиринг