Қиблага юзланиш боби (2)

0

Олтмиш олтинчи ҳадис

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما قَالَ: ((بَيْنَمَا النَّاسُ بِقُبَاءَ فِي صَلاةِ الصُّبْحِ إذْ جَاءَهُمْ آتٍ فَقَالَ: إنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَدْ أُنْزِلَ عَلَيْهِ اللَّيْلَةَ قُرْآنٌ وَقَدْ أُمِرَ أَنْ يَسْتَقْبِلَ الْقِبْلَةَ فَاسْتَقْبِلُوهَا. وَكَانَتْ وُجُوهُهُمْ إلَى الشَّامِ فَاسْتَدَارُوا إلَى الْكَعْبَةِ))   .

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:  “Одамлар Қубо масжидида бомдод намозини ўқиб туришган эди, бир киши келиб: “Бугун кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятлари нозил қилинди. У зот Каъба томонга юзланишга буюрилдилар, сизлар ҳам у томонга юзланинглар”, деди. Улар Шом томонга юзланиб туришган эди, шу заҳоти Каъба томонга бурилдилар[Бухорий:  4491 ва Муслим:  526].

Шарҳ:

Олдинги ҳадис шарҳида айтиб ўтганимиздек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб борганларида у ерда кўплаб яҳудийлар истиқомат қилишар эди. Аллоҳ таоло исломнинг аввалида Ўзининг буюк ҳикмати ила ўтган пайғамбарлар қибласи бўлган Байтул Мақдисни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар қилбаси этиб тайин қилган эди. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар ҳижратдан сўнг ўн олти ой, баъзи ривоятга кўра,  ўн етти ой Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқидилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиблани Каъбаи Мушаррафа тарафга ўзгартирилишини қаттиқ хоҳлар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Биз юзингизни қайта-қайта осмонга қаратишингизни кўриб турамиз.  Албатта Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни Масжид-ал-ҳаром (Макка) томонга буринг![Бақара:  144].

Ушбу оят нозил бўлганидан сўнг бир саҳоба Мадина ташқарисидаги Қубо масжидага боради. Қараса, у ерда одамлар Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиш бекор қилинганидан бехабар, ҳамон ўша томонга қараб намоз ўқишётган экан. Шунда у уларга қибла ўзгаргани, бу ҳақда Қуръон ояти нозил бўлгани (юқорида зикр қилинган оятга ишора қилмоқда) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни Каъба томонга қараб ўқиганлари ҳақида хабар беради. Саҳобалар фаҳм-фаросатлари ўткир, ғоят зийрак кишилар эди. Улар ўша заҳоти, намозда турган ҳолларида аввалги қиблалари Байтул Мақдисдан янги қиблалари Каъба Мушаррафа томонга қараб бурилдилар.

Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар: 

1 – Мусулмонлар қибласи ҳижратнинг бошида Байтул Мақдис эди. Кейин Каъба томонга ўзгартирилди.

2 – Каъба Мушаррафа мусулмонларга қибла этиб тайин қилинган. Каъбани кўриб турган одам унинг ўзига юзланиши, ундан узоқда бўлган одам эса у томонга юзланиши фарз.

3 – Ер юзидаги энг афзал жой Маккаи Мукаррама саналади. Негаки, у ислом умматига қибла этиб тайинланган. Зотан, улуғ пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг севимли умматига фақат энг яхши нарсалар насиб бўлгандир.

4 – Шариатда бирор ҳукм бекор қилиниши мумкинлигини инкор қилувчи яҳудлар ва уларни қўллаб-қувватлайдиган одамларга хилоф ўлароқ, биз шариатда бирор ҳукмнинг бекор қилинишини мумкин деб биламиз.

5 – Ким қибла деган ўйда бир томонга қараб намоз ўқиётган бўлса, сўнг намоз асносида қибла бошқа томонда эканини аниқ билса, турган жойида ўша томонга қараб бурилади, намозини бузиб ўтирмайди. Қиблага бурилгунча қанча ракаат ўқиган бўлишидан қатъий назар намози дуруст саналаверади, уни қайта ўқиши шарт эмас.

6 – Бирор мажбурият то у ҳақда бандага хабар етмагунча унинг зиммасига юклатилмайди. Қибла бошқа томонга ўзгартилгандан кейин ҳам Қубо аҳли то бу ҳақда уларга хабар келгунча Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқишган эди. Бироқ улар бу хусусда хабар етгандан кейин намозларини қайта ўқишга буюрилмадилар.

7 – Ишончли бир киши етказган хабар, агар уни қабул қилишга далолат қиладиган аломатлар бўлса, унга ишонилади ва амал қилинади. Гарчи бу хабар аниқ ишонч билан маълум бўлган ҳукмни йўққа чиқарса ҳам.

8 – Намозда турганда намознинг фойдасига хизмат қиладиган ҳаракатлар қанча кўп бўлса ҳам қилиш жоиз ва у намозга путур етказмайди.

9 – Ҳадисдан олинадиган яна бир ҳукм шуки, телефон ва рация орқали рамазон ойи киргани ёки чиққани ҳақида берилган хабарга ишониш ва уни қабул қилиш, шунингдек, бундан бошқа шаръий ҳукмлар шу каби жизоҳлар орқали етказилса уларни тасдиқлаш жоиз. Гарчи бу бир кишининг бир кишига етказган хабари бўлса-да, унда бу хабарнинг рост эканини қувватлайдиган ва унга бемалол ишониш мумкинлигини билдирадиган аломат-белгилар бўлса, уни олинаверади. Шунингдек, йиллар мобайнида орттирилган тажриба ҳам шуни тасдиқлайди.

10 – Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтади:  “Ҳадис шунга далолат қиладики, ким бирон амалнинг фарз эканини билмаса ва унга бу ҳақда хабар етмаган бўлса, у ҳолда бу амални бажариш унга фарз эмас ва у бунинг учун жавобгар бўлмайди”.

Усулул фиқҳ уламолари: “Шунингдек, бирон фарз амал банда зиммасига юклатилиши учун у ушбу амални тушуниши шарт” деб қўшимча қилишган. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан бу масала хусусда икки хил фикр нақл қилинган бўлиб,  улардан бири ушбу зикр қилинган фикрга мувофиқдир.

Изоҳ қолдиринг