Намозда саф тортиш ҳақидаги боб (1)

0

Олтмиш саккизинчи ҳадис

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ – رضي الله عنه – قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -: ((سَوُّوا صُفُوفَكُمْ فَإِنَّ تَسْوِيَةَ الصُّفُوفِ مِنْ تَمَامِ الصَّلاةِ)) .

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сафларингизни текислангиз. Зеро, сафларни текислаш намознинг комил бўлиш сабабларидан биридир[Бухорий: 723 ва Муслим: 433].

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо ислом умматини икки дунё бахт-саодатига элтувчи амалларга йўллаб келганлар. Ушбу ҳадисда у зот умматларини шайтон уларга турли ўй-хаёлларни васваса қилиб, уларнинг намозига путур етказмаслиги учун сафлар орасидаги бўшлиқни тўлдириб, қиблага бир текисда ростланган ҳолда туришга буюрдилар. Шунингдек, сафларни текислаш ортидан келадиган айрим фойдаларни зикр қилдилар. Жумладан, намозда сафнинг бир текисда бўлиши намознинг комил эканига аломат бўлса, унинг қинғир-қийшиқ бўлиши эса намознинг ноқислигидан даракдир.

  Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар:

1 – Шариатимиз намозда сафларни текислашга буюрган. Яъни бир сафда турган намозхонларнинг айримлари олдинроқда, айримлари эса орқароқда турмасдан барчалари бир текисда саф тортиб туришига буюрган.

2 – Ҳадисда сафни текислаш намознинг комил бўлиш сабабларидан бири экани айтилди. Бу эса унинг мустаҳаб амал эканига далолат қилади. Бу жумҳур уламоларнинг фикри. Баъзи уламолар “Ё сафларингизни текислайсизлар, ё Аллоҳ (сафда қинғир-қийшиқ турганингиз каби) қалбларингизни турлича қилиб қўяди[1] ҳадисига биноан намозда сафларни текислаш фарз, дейишган.

3 – Сафнинг қинғир-қийшиқ ҳолда бўлиши макруҳ бўлиб, намознинг тўкис бўлишига путур етказади.

4 – Жамоат намозининг фазилати. Зеро, сафни текислаш сабабли ҳосил бўладиган ажр-савоб фақат жамоат намозидагина бўлади.

5 – Айтилишича, намозда бир текисда саф тортишдан кўзланган ҳикмат фаришталар каби саф тортишдир. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Сизлар фаришталар Раббиларининг ҳузурида саф тортгандек саф тортсангизлар бўлмайдими?”, дедилар. Биз: “Ё Расулуллоҳ, фаришталар Раббиларининг ҳузурида қандай саф тортишади”, деб сўрадик. У зот: “Улар дастлаб олдинги сафларни тўлдиришади ва сафда жипс бўлиб туришади[2], деб жавоб бедилар.

[1] Бухорий: 717 ва Муслим: 436
[2] Муслим: 430, Абу Довуд: 661, Ибн Можа: 992 ва Аҳмад: 20456 ривояти

Изоҳ қолдиринг