Усмон розияллоҳу анҳу: Усмон халифалиги даврида молиявий тузилмалар (4)

0

Ўлжаларнинг бешдан бири байтулмолга берилгани

Жиҳодлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бошланиб, Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб ва улардан кейин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумнинг халифалик даврларида давом этди. Улар натижасида ислом тарқалди, ислом давлати ерлари кенгайиши юз берди. Усмон ибн Аффон даврида юз берган кўплаб фатҳлар  туфайли байтулмолга улкан даромадлар оқиб келди. Бу асосан урушларда тушган ғаниматларнинг бешдан бири ҳисобига бўлди. Қолаверса, фатҳ этилган ўлкаларда яшовчи аҳли китобларнинг ўз динларида эркин яшаб қолишлари эвазига тўлайдиган жизялари ҳам байтулмолга келиб тушарди. Демакки, исломий фатҳлар билан байтулмол ўртасида жуда катта боғликлар бор эди. Усмон ибн Аффон даврида байтулмол ушбу фатҳ юришларини маблағ билан таъминларди, аскарларга тўланадиган маошлар бўлсин, қурол аслаҳалар сотиб олиш ва бошқа чиқимлар бўлсин, асосан байтулмол ҳисобидан бўларди. Бир ўлка фатҳ этилгач, исломни қабул қилмаган аҳли китобларга жизя солиғи солинарди, истило қилинган ерлардан хирож олинарди, диёр аҳолиси исломни қабул қилса, нисобга етган молларидан закот берардилар. Буларнинг бари ислом давлатининг умумий даромадлари ошишига олиб келарди. Аллоҳ таоло урушлардан келадиган ғаниматларни мусулмонларга ҳалол қилди, ўлжаларнинг бешдан тўрти жангчиларга тақсимланар, бешдан бири эса мусулмонларнинг байтулмолига топшириларди.

Усмон розияллоҳу анҳу давридаги фатҳлардан бирида тушган ғаниматлар миқдори ва байтулмолнинг ундан улуши

Абдулмалик ибн Маслама Абу Увайсдан ривоят қилади: Биз Абдуллоҳ ибн Саъд билан Африкага ғазот қилдик. Ўшанда ғаниматлардан бешдан бирини байтулмолга ажратилганидан сўнг қолганини бизнинг ўртамизда тақсимлади. Отлиққа 3000 динор (отига 2000, суворийга 1000 динор) улуш тегди, пиёдага эса 1000 динор улуш тегди. Аскарлардан бири вафот этганди, унинг оиласига 1000 динор берилди[1].

Усмон ибн Солиҳ ва бошқалардан ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Саъднинг бу қўшини 20000 аскардан иборат эди. Маълумки, ғаниматларнинг бешдан бири Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига биноан байтулмолга берилади: “Агар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақнинг) ажралиш кунида икки жамоа тўқнашган кунда, бандамиз (Муҳаммадга) нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон келтирувчи бўлсангизлар, билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири Аллоҳ учун, пайғамбар учун ва у зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар учундир. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир” [Анфол: 41].

Юқоридаги икки ривоятдан келиб чиқиб, ушбу ғазотда тушган умумий ғаниматларнинг ва улардан байтулмолга тегишли бешдан бирининг ҳисобини чиқариш мумкин. Отлиқ аскарлар умумий қўшиннинг ўндан бирини ташкил қилиб, қолганлари пиёдалар деб фараз қилганимизда ўлжалар тақсимоти қуйидагича бўлгани келиб чиқади:

2000 отлиқ × 3000 динор = 6 000 000 динор;

18 000 пиёда × 1000 динор = 18 000 000 динор.

Жангчиларга тақсимланган ғаниматнинг миқдори жами 24 000 000 (йигирма тўрт миллион) динор бўлди. Бу эса умумий ғаниматнинг бешдан тўрти миқдоридир. Байтулмолнинг ҳаққи бўлган бешдан бирга тенг 6 000 000 динорни қўшсак, умумий ғанимат 30 000 000 (ўттиз миллион) динор бўлгани маълум бўлади[2].

Ғаниматларнинг байтулмолга берилган қисми умумий эҳтиёжларга ишлатилгани

Ғаниматларнинг бешдан бири ояти карима ҳукмига кўра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг қариндошлари, етимлар, мискинлар, мусофир йўловчилар ҳаққи ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг у зотнинг ва қариндошларининг улуши байтулмолга қолдирилиб, ундан қурол-аслаҳа ва от-уловлар сотиб олишга ишлатиладиган бўлди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бу борада айни шу йўлни тутди.

[1] «Футуҳу миср ва ахборуҳа” (125-бет).
[2] “Ас-сиёсатул молия ли усмон ибн аффон” (95-бет).

Изоҳ қолдиринг