Намозда саф тортиш ҳақидаги боб (4)

0

Етмиш биринчи ҳадис

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما: قَالَ: ((بِتُّ عِنْدَ خَالَتِي مَيْمُونَةَ. فَقَامَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّي مِنْ اللَّيْلِ. فَقُمْتُ عَنْ يَسَارِهِ. فَأَخَذَ بِرَأْسِي فَأَقَامَنِي عَنْ يَمِينِهِ)) .

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен холам Маймунанинг уйида тунаб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси намозга турдилар. Мен (намозда) у зотнинг чап томонларига турган эдим, бошимдан ушлаб ўнг томонларига турғизиб қўйдилар[Бухорий: 6316 ва Муслим: 763].

Шарҳ:

Улуғ саҳобий, ислом умматининг буюк олими, муфассирлар имоми Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо илм таҳсил қилишда бор куч ва имкониятларини сафрлар эди. У илмга бўлган иштиёқи баландлигидан Пайғамбаримиз таҳажжуд намозини қай тартибда ўқишларини ўз кўзи билан кўриш учун холаси, айни дамда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқалари Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйида тунайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси туриб намоз ўқийдилар. Ибн Аббос ҳам Пайғамбаримизга қўшилиб намоз ўқиш мақсадида у зотнинг чап томонларига туради. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бошидан ушлаб ўнг томонларига турғизиб қўядилар. Зеро, ўнг томон чап томонга нисбатан шарафлироқ ҳисобланади. Қолаверса, муқтадий бир киши бўлса, имомнинг ўнг томонида туради.

Уламолар ихтилофи:

Имом Аҳмад мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, муқтадий имомнинг чап томонига туриб намоз ўқиса ва имомнинг ўнг томонида ҳеч ким бўлмаса, ўқиган намози ботил бўлади.

Жумҳур уламолар, жумладан уч имом: Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеийнинг фикрича, шунингдек, имом Аҳмаддан келган бир ривоятга кўра, имомнинг ўнг томонида ҳеч ким турмаса ҳам чап томонда туриб ўқилган намоз дуруст саналаверади. Баъзи ҳанбалий мазҳаби уламолари ҳам шу фикрни ихтиёр қилган. Улар ўз фикрларига шарҳланаётган мазкур ҳадисни далил қилиб келтиришган. Ҳадис уларнинг фикрини қўллаб-қувватлаши очиқ кўриниб турибди. Лекин ушбу фикр эгалари муқтадий бир киши бўлса, имомнинг ўнг томонида туриши афзал эканини бир овоздан айтишган.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Муқтадий ёлғиз ўзи бўлса, имомнинг ўнг томонида тургани афзал.
2 – Муқтадий имомнинг чап томонида туриб намоз ўқиса ва имомнинг ўнг томонида ҳеч ким бўлмаса, намози дуруст саналаверади. Негаки, Пайғамбаримиз Ибн Аббосни у зотнинг чап томонида туриб ўқиган намозини қайта ўқишга буюрмадилар.
3 – Ҳадиснинг баъзи ривоятларида баён қилинганидек, муқтадий намоз бошида имомнинг чап томонига туриб олган бўлса-ю, сўнг имомнинг ўн томонига ўтмоқчи бўлса, имомнинг ортидан ўтади.
4 – Намоз асносида намоздаги камчиликни тузатиш мақсадида қилинган амал намозга путур етказмайди.
5 – Балоғатга етмаган ёш болалар катталар билан бир сафда ўқиган намози дуруст саналади.
6 – Таҳажжуд намозини ўқиш мустаҳаб.
7 – Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо динни аниқ ва чуқур ўрганишга ўта ҳарис ва интилувчан зот эди.
8 – Намозда имомлик қилиш учун намозни бошлашдан олдин имомликни ният қилиш шарт эмас.

Изоҳ қолдиринг