Аббосийлар давлати: Халифа Маҳдий давридаги урушлар ва фатҳлар

0

Маҳдий халифаликни эгаллаганидан сўнг Аббос ибн Муҳаммадни қўшинга бош қилиб Рум диёрига юборди, бошқа бир қўшинни Ҳинд ўлкасига юборди. Умуман олганда у ҳарбий юришларини асосан Рум ўлкаларига қаратди. Ёзги ҳарбий юришлар тўхтамай давом этиб турар, чегара минтақаларидан Рум ерларига ҳужумлар қилинар, гарчи катта фатҳлар юз бермаган ва катта шаҳарлар Ислом давлатига қўшиб олинмаган бўлса-да, бу юришларда доимо  ғалабаларга эришилар, катта ўлжалар, кўплаб асирларга эга бўлинар эди. Чегара зоналари Турус тоғларида бўлиб, Тарсусдан тортиб Ўрта Ер денгизи соҳиллари бўйлаб шимолий шарқ томонга чўзилган ва Арзирумга етган эди.

Ҳасан ибн Қаҳтаба ҳижрий 162 йили Рум мамлакатининг анча ичкарисига кириб борди ва катта ғалабани қўлга киритди. Кейин халифанинг ўғли Рашид бошчилигида фатҳлар бўлди, у Хуросон қўшинига бош бўлиб чиққанди. У билан бирга Холид ибн Бармак бор эди. У катта ғалабаларга эришди. Шундан сўнг Ислом давлатининг ғарбида Анбордан Андалусгача бўлган минтақалар волийсига айланди.

Абдулкабир ибн Абдулҳамид ибн Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Хаттоб бошчилигидаги қўшин ҳижрий 164 йили Рум диёрига юриш қилди. Бу урушда у катта ўлжаларни қўлга киритди ва румликлардан кўпларини асирга олди.

Бир йилдан кейин Ҳорун Рашид юриш бошлаб, Мармара денгизи соҳилларига етиб борди. Шу юришда у Леоннинг аёли Августа билан сулҳ тузди, у рум қироличаси эди. Сулҳ икки йил давом этди, сўнг 168 йили румликлар сулҳни буздилар. Уларга қарши Жазира волийси Язид ибн Бадр ибн Баттол жанг олиб бориб, ғалабага эришди.

Исён ҳаракатлари

Мансур ўғли Маҳдийга давлатни яхши вазиятда қолдирганди, ҳамма бирдек итоатда эди. Шунинг учун халифа Маҳдий даврида кенг кўламдаги исён ҳаракатлари кузатилмади. Шундай бўлсада, айрим кичикроқ кўринишда маҳаллий қўзғолон ва ҳаракатлар бўлиб ўтди:

  • Юсуф ибн Иброҳим қўзғолони. У ҳижрий 160 йили Хуросонда бош кўтариб чиқди. Унга қарши Язид ибн Мазид бошчилигида қўшин юборилди. У Юсуф ибн Иброҳим қўшинини мағлубиятга учратиб, ўзини асирга олди ва аъёнларини ҳам қўшиб, Маҳдий ҳузурига юборди, сўнг ҳаммаси қатл қилинди.

  • Муқанна қўзғолони. У Хуросоннинг Марв атрофидаги қишлоқларидан биридан чиқди. Исми Ато эди, руҳларнинг кўчиб ўтишига эътиқод қиларди. Унинг даъвосича, Аллоҳ дастлаб Одам суратида зоҳир бўлди, шунинг учун малоикалар унга сажда қилишди, кейин Нуҳ суратида зоҳир бўлди, кейин бирин-кетин бошқа пайғамбарлар суратида зоҳир бўлди, пайғамбарлардан кейин Абу Муслим суратида, ундан кейин охирида унинг суратига кирди, шунинг учун у ўзини худо деб даъво қилди. У ғилай ва ўта бадбашара кимса эди, юзини тилла ниқоб билан тўсиб юрарди, шу боис Муқанна (ниқобланган) деб аталганди. У 161 ҳижрийда бош кўтариб чиқди. Маҳдий унинг устига бир неча қўмондонларини юборди, охирида Саид ибн Ҳаршийни унга қарши юборди. Муқанна қочиб Кеш қалъасига яширинди, жуда кўп миқдорда озиқ-овқат жамғариб олган ва қалъани маҳкам беркитиб олган эди. Қамал кучайиб кетгач, мағлуб бўлишига аниқ кўзи етгач, ўзи ҳам заҳар ичиб, аҳли оиласига ҳам заҳар ичириб, ҳаммаси ўлди. Бу ҳижрий 163 йилда бўлди.

  • Абдусалом ибн Ҳошим Яшкурий Жазирада бош кўтариб чиқди. Унинг иши кучайиб, Маҳдийнинг бир неча қўшинига ғолиб келди. Охири Шабиб ибн Вож Марварузий унинг устига юриш қилди, лекин у ҳам мағлуб бўлди. Кейин Шабибга мадад кучлари етиб келгач, у ғалабага эришди. Абдусалом Қансаринга қараб қочди. Шабиб унинг ортидан таъқиб қилди ва 165 йили уни қатл қилишга муваффақ бўлди. Мазкур Абдусалом суфрий хаворижлардан эди.

  • Деҳя ибн Мусъаб ибн Асбағ ибн Абдулазиз ибн Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 165 йили исён кўтариб, Мисрдаги Саид ўлкасининг кўп қисмини эгаллаб олди. Саидда аббосийлар давлати инқирозга учрашига оз қолди. Шундан сўнг халифа Маҳдий 167 йили Мисрдаги волийси Иброҳим ибн Солиҳ ибн Али Аббосийга ғазаб қилиб, уни волийликдан бўшатди, ўрнига Мусо ибн Мусъаб ибн Рабеъ Хасъамийни волий қилиб юборди. Бироқ у ҳам исёнчиларни бостиришда муваффақиятсизликка учради. Волий бўлиб тураркан, у аҳолига қаттиқ зуғум ва жавр зулм ўтказди. Шундан сўнг лашкар унинг итоатидан чиқди ва уни қўзғолончиларга қўйиб берди. Қўзғолончилар уни ўлдирдилар. Ундан кейин Ҳисом (Ассома) ибн Амр Маофирий волий бўлиб келди, у ҳам исённи бостиришда муваффақиятсизликка учради. Ушбу қўзғолон то Ҳодий давригача давом этди.

 

 

Изоҳ қолдиринг