Нусайрийлар: эътиқодларини ўргатишдаги услублари

0

Аёллар таълими

Соф нусайрий мазҳабидаги аёл дунёда ўз эътиқодини билмайдиган энг жоҳил аёл саналади. Негаки, нусайрийлик эътиқодига кўра, бу фирқанинг сирларини, яъни эътиқодларини аёл кишига фош қилиш асло ва асло жоиз эмас. Чунки нусайрийларнинг фикрича, аёл ақли ва иродаси заиф бўлиб, эркакка қараганда ҳийла-найрангга уста, маккор бўлади. Нусайрийлар назарида барча ёмонликларга аёл сабабчи экани уларнинг муқаддас китоби бўлмиш “Ал-ҳафтуш шарийф” китобида очиқ-ойдин айтилган. Улар аёлнинг илмсизлигини унинг учун илм деб ҳисоблашади. Бошқачароқ қилиб айтганда, нусайрий аёл ўз динини тўлиқ билмаслиги табиий ҳол. Мазкур китобда аёллардан эҳтиёт бўлишга оид бир неча насиҳатлар ҳамда аёллар тарафидан содир этиладиган хатолар айтиб ўтилган. Шунингдек, эркак киши ҳаёти давомида мўмин, яъни нусайрий бўлмаса ёки нусайрий биродарларига нисбатан кўп ножўя ишлар қилган бўлса ёки шайхларни ҳурмат қилмаса ёхуд уларга ҳадялар улашиб турмаса, жазо сифатида кейинги ҳаётида аёл бўлиб дунёга келиши ҳам айтилган. Чунки улар инсон вафот этганидан сўнг унинг руҳи қайтадан дунёга келади, деб эътиқод қилишади.

Муфаззал Жуъфий айтади: “Жаъфар Содиқ нусайрийлик мазҳабини сир тутиш лозимлиги ҳақида шундай деди: “Шунингдек, кофирлар эркаклик мартабасидан тушириб юборилади. Ҳатто улар кофир аёлларнинг асосий қисмини ташкил этадиган бўлиб қолишади”. Мен сўрадим:

– Мавлоно, отангиз аёллар эркакларга нисбатан ёмон ва маккор бўлади, деган эканлар.

– Муфаззал, ҳар қандай ёмонликнинг негизи аёлдир. Бизнинг отамиз Одам жаннатдан чиқарилишига ҳам Ҳавво сабабчи бўлган. Чунки у Одамни дарахтдан ейишга ундаган. Қобил ҳам Ҳобилни аёллар сабабли ўлдирган. Аллоҳ таолонинг Нуҳ ва Лут алайҳиссаломлар хотинлари ҳақидаги гапини, улар қандай қилиб эрларига хиёнат қилишганини эшитмаганмисан?! Яҳё алайҳиссалом ҳам бир фоҳиша аёл сабабли қатл қилинган…, деб жавоб берди”.

 Ҳикояда Одам алайҳиссалом ҳақида “бизнинг отамиз” деб таъкидланиши бежиз эмас. Чунки нусайрийлар еттита Одам яшаб ўтган, уларнинг ҳар бири бир умматнинг отаси бўлган, саккизинчи Одам бизнинг отамиз бўлади, деб эътиқод қилишади.

Мазкур ҳикоя Жаъфар Содиқ номидан тўқилган уйдирмалардан бири бўлиб, у нусайрийларнинг аёлларга қанчалар паст назар билан қарашини ёритиб беради. Аёллик нусайрийлар наздида шунчалар хорликки, ҳатто кофирлар аёл бўлиб қайта дунёга келиш билан жазоланади, деб эътиқод қилишади. Шу боисдан, улар аёллардан ўз динларини сир тутишади.

Исломда эса аёлнинг мартабаси олий саналади. Дин масаласида аёлу эркак тенг. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Каримда аёл ёки эркак бўлишидан қатъий назар, солиҳ амал қилган барча банданинг савобини ортиғи билан беришини ваъда қилган. Шунингдек, дин топшириқларида эркак-аёл ўртаси ажратилмаган. Аёлларга хос баъзи истиснолар ҳам бор, албатта. Аёлларнинг эътибори баланд бўлгани учун ҳам уларга диндаги энг муҳим вазифа: келажак авлодни тарбиялаш иши топширилган. Аёл муқаддас бўлгани учун ҳам онасини норози қилганлар жаннатдан маҳрум қилинган.

Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда эркаклар нусайрийлик динини қай тарзда ўрганишлари ҳақида сўз юритамиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг