Ташриқ кунлари деб қурбон ҳайитидан кейинги уч кун, яъни зулҳижжа ойининг 11, 12, 13 кунларига айтилади.
Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Бу кунлар (яъни ташриқ кунлари) рўза тутиладиган кунлар эмас. Бу кунлар еб-ичиш ва зикр қиладиган кунлардир”[1].
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ отаси Амр ибн Оснинг ҳузурига кирса, у таом еяётган экан. Абдуллоҳ айтади: “Отам мени таомга даъват қилдилар. Мен “рўзаман”, дедим. Отам айтдилар: “Бу кунлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутишдан қайтарган ва еб-ичишга буюрган кунлар”[2].
Шунга кўра, бу кунларда рўза тутиш ҳаромдир. Фақат ҳаж қилаётган киши қурбонлик топмаган тақдирда бу кунларда рўза тутади. Аллоҳ таоло айтади: «Кимда ким қурбонлик топмаса, у ҳолда уч кун ҳажда ва уйига қайтгач етти кун рўза тутсин» (Бақара, 196).
Ойша ва Ибн Умар разияллоҳу анҳум шундай дейишган: «Ташриқ кунларида фақат қурбонлик топмаган ҳаж қилаётган кишиларга рўза тутишга рухсат берилган»[3].
Бу кунларда фарз рўзанинг қазоси ёки назр рўза тутиш хусусида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Рожиҳ фикрга кўра, ташриқ кунларида фарз рўзанинг қазоси ёки назр рўза тутиш ҳам дуруст бўлмайди. Чунки Ойша ва Ибн Умар разияллоҳу анҳумнинг сўзига кўра, бу кунларда фақат ҳаж қилаётган кишигагина рўза тутиш учун рухсат берилган. Зеро, саҳобаларнинг бу мазмундаги сўзлари худди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳукмида бўлади. Қолаверса, юқорида зикр қилинган ҳадисда «еб-ичишга буюрган кунлар», дейилди. Умумий тарзда айтилган бу сўз ташриқ кунларида тутилган ҳар қандай рўзага тааллуқлидир.
[1] Саҳиҳ: Аҳмад (1/92), Ибн Хузайма (2147) ривояти. [2] Саҳиҳ: Абу Довуд (2418), Аҳмад (4/197), Ибн Хузайма (2149) ривояти. [3] Бухорий (1997, 1998), Ибн Абу Шайба (3/155) ривояти.