Усмон розияллоҳу анҳу: Усмон халифалиги даврида молиявий тузилмалар (5)

0

Усмон розияллоҳу анҳу даврида жизяга оид тартиб-қоидалар

Жизяга оид ҳукмлар, тартиб-қоидалар, уларни татбиқ этиш тизими Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида қарор топиб бўлганди. Шунинг учун Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида байтулмолнинг вазифаси аҳли зиммалар билан жизялар қийматига келишиш ва келган жизяларни қабул қилиб олишдан иборат бўлди. Шунингдек, Ислом давлатининг илгари келишган сулҳ битимларини эътироф этиш ва янги сулҳ битимлари тузиш, жизя тўлаб турган кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатга олиш ҳам давлатнинг вазифаларидан бўлди[1].

Байтулмолга жизядан келган баъзи киримлар:

  • Усмон ибн Аффон халифалиги даврида Кўфа амири Валид ибн Уқба Озарбайжонга ғазот қилди ва бу диёр аҳли 800 000 дирҳам жизя бериш шарти билан сулҳга эришди [2].

  • Усмон розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Саъдни Африкага юборганида Африка патриархи Георгий 2 520 000 динор тўлашга рози бўлиб, сулҳ битимига келишди[3].

  • Қибрисликлар мусулмонларга 7000 динор жизя бериш шарти билан сулҳ битими туздилар[4].

  • Саид ибн Солиҳ Журжон аҳолиси билан сулҳга келишди, улар жизя сифатида баъзан 100 000, баъзан 200 000, баъзан 300 000 келтиришар эди[5].

  • Абдуллоҳ ибн Омир Нишопурга ғолиб бўлиб, Сарахсга қараб юрди. Шунда Марв аҳли сулҳ талаб қилиб элчи юборишди, у улар билан сўзлашувга Ибн Ҳотамни чиқарди, Марв ҳокими 2 000 000 тўлашга рози бўлди[6].

  • Аҳнаф ибн Қайс Балхга юриш қилиб, уни қамалга олди. Шунда Балх аҳли 400 000 жизя бериш эвазига сулҳ битимига эришдилар[7].

Усмон ибн Аффон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Нажрон аҳлига берган васиқаларига амал қилади

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажрон аҳли билан бир неча шартлар асосида битим тузган ва уларга бу ҳақда бир васиқа ёзиб берган эдилар. Унда битилган шартлар ичида улар тўлаб турадиган жизя миқдори ҳам белгилаб берилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг нажронликлар Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига келишди, Абу Бакр ҳам айни шартлар билан васиқани янгилаб берди. Сўнг Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида унинг ҳузурига келишди. Бу даврга келиб Умар розияллоҳу анҳу улар тарафидан мусулмонларга зарар етишидан хавфсираб, уларни Яман Нажронидан Ироқ Нажронига сургун қилганди. Умар ҳам уларга бир васиқа ёзиб берди. Умар вафот этиб, Усмон ибн Аффон халифа бўлгач, улар Мадинага, Усмон ҳузурига келишди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу ўз омили Валид ибн Уқбага улар ҳақида шундай мактуб ёзиб юборди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси, мўминлар амири Усмондан Валид ибн Уқбага. Сенга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Аллоҳга ҳамду санодан сўнг… Ироқдаги Нажрон аҳли ҳузуримга келдилар, менга шикоят қилдилар ва менга Умарнинг уларга қўйган шартини кўрсатдилар. Мен уларга мусулмонлар тарафидан оғирлик етган деб билдим. Мен уларнинг жизяларидан ўттиз ҳуллани енгиллатдим, мен Умар уларга Ямандаги ерлари ўрнига берган ерларини тўлалигича ўзларига қолдирдим. Сен уларга яхшилик қил, улар зимма аҳлидир…”[8].

Аҳли китоблар модомики жизя тўлаб туришаркан, мусулмонлар ҳимояси остида бўладилар

Амр ибн Ос Искандарияда ғалаба қилганидан сўнг уруш асносида атрофдаги қишлоқлардан қўлга киритилган ўлжаларни йиғдирди. Шунда мазкур қишлоқлар ичидан сулҳ битимини бузмаган қишлоқлар аҳли келиб, биз сизлар билан келишган сулҳда турдик, анови қароқчилар (яъни румликлар) бизнинг қишлоқдан ўтаётиб, мол-ҳолларимиз ва матоларимизни  тортиб олишганди, улар ҳозир сенинг ҳузурингда турибди, ўшаларни бизга қайтариб беришингни сўраймиз, дейишди. Шундан сўнг Амр уларнинг молларидан ўзлари таниган ва ўзлариники эканини исботлаб берган ҳамма нарсани қайтариб берди. Баъзилари Амр ибн Осга, бизга нисбатан қилган ишинг тўғри бўлмади, сен бизни ҳимоя қилиб уришишинг керак эди, чунки биз жизя тўлаб келаётган эдик, аҳдимизни бузмаган эдик. Ким битимни бузган бўлса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, дедилар[9]. Дарҳақиқат, жизя тўлаб турган ғайридинларни давлат ўз ҳимояси остига олиши керак эди. Жизя ғайридинлар Ислом давлати остида эмин-эркин ўз динларида яшаб туришлари ва бошқа ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлишлари учун тўланарди. Шу боис Амр ибн Ос уларнинг ҳақларини эътироф қилди ва мол-мулкларини қайтариб берди.

[1] “Ас-сиёсатул молия ли усмон ибн аффон” (103-бет).
[2] Тарихи Табарий (5/246).
[3] Аввалги манба.
[4] Аввалги манба (5/261).
[5] Аввалги манба.
[6] Аввалги манба (5/318).
[7] Аввалги манба.
[8] “Ас-сиёсатул молия ли усмон ибн аффон” (105-бет).
[9] Аввалги манба (106-бет).

Изоҳ қолдиринг