Али розияллоҳу анҳу: Аҳзоб ғазотидан Пайғамбар вафотларигача бўлган даврдаги фаолияти (6)

0

Али розияллоҳу анҳу, Нажрон намоёндалари ва мубоҳала ояти

Ҳижрий 9 йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажронга мактуб юбордилар. Нажрон Макка билан Яман оралиғидаги бир ўлка эди. Мактубда шундай дейилганди: “Аммо баъд, мен сизларни бандаларга сиғинишдан ягона Аллоҳга сиғинишга, бандаларни дўст тутишдан ягона Аллоҳни дўст тутишга даъват қиламан. Агар кўнмасанглар, жизя тўлайсизлар. Бунга ҳам кўнмасанглар, мен сизларга уруш эълон қиламан. Вассалом”[1]. Мактуб етиб боргач, бош руҳонийлари одамларни йиғиб, мактубни ўқиб берди ва уларнинг бу ҳақдаги фикрини сўради. Улар маслаҳатлашувлардан сўнг 14 кишидан иборат зодагонларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига вакил қилиб юборишга қарор қилдилар. Бир ривоятга кўра,  олтмиш отлиқни  юбордилар, ичларида энг улуғ ва обрўли кишиларидан уч киши бор эди. Улардан бири амирлари ва маслаҳат кенгашлари раиси Оқиб, иккинчиси сафарбошилари Саййид, учинчиси бош руҳонийлари Абул Ҳорис эди.  Нажрон насронийлари намоёндалари Мадинага етиб келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келишдан олдин сафар кийимларини ечиб, эгниларига қимматбаҳо либослар кийиб, қўлларига тилла узуклар тақдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотга салом берган эдилар, алик олмадилар. Узоқ вақт у зотнинг оғизларини пойлаб ўтиришди, у зот уларга гапирмадилар. Кейин улар Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон Авфни қидириб кетдилар, сабаби тижорат ишлари билан Нажронга кўп бориб юришгани учун икковларини яхши танирдилар. Уларни топиб: “Эй Усмон ва Абдураҳмон, сизларнинг набийингиз бизга мактуб юборган экан, биз унга ижобат қилиб келдик, ҳузурига кириб салом берсак алик олмади, оғзини пойладик, лом-мим деб оғиз очмади. Нима дейсизлар, қайтиб кетаверайликми?”, дедилар. Улар шу ерда ҳозир бўлган Али ибн Абу Толибга юзланиб: “Сиз нима маслаҳат берасиз, эй Абулҳасан?”, деб сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу: “Менинг маслаҳатим шуки, булар эгниларидаги ипак кийимлари ва тилла узукларини ечиб, сафар кийимларини кийишсин, кейин у зот ҳузурларига боришсин”. Улар Али айтганидек қилдилар, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига кириб салом беришганди, у зот саломларига алик олдилар ва улар билан сўзлашдилар. Ўртада савол-жавоб ва мунозаралар бўлиб ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Исломга даъват қилганларида улар: “Биз сизлардан олдин иймон келтириб, мўмин бўлганмиз”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч нарса сизларни Исломдан тўсади: хочга сиғинишларинг, чўчқа гўшти ейишларинг ва Аллоҳнинг боласи бор деб даъво қилишларинг”, дедилар. Ўрталарида баҳс-мунозара анча давом этди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Қуръон оятларидан ўқиб берар ва ботил гапларини кучли далил-ҳужжатлар билан парчалаб ташлар эдилар. Гап орасида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Нега сиз бизнинг соҳибимизни камситиб, уни Аллоҳнинг қули, деб айтасиз?!”, дейишди. “Ҳа, у Аллоҳнинг қули, пайғамбари, бокира Марямга туширган Сўзидир”, деб жавоб бердилар у зот. Улар ғазабланиб: “Агар Исо Аллоҳнинг боласи бўлмаса, унда унинг отаси ким?! Отасиз туғилган инсонни кўрганмисиз ҳеч?!”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло уларга раддия ўлароқ ушбу оятларни нозил қилди:

Исонинг (отасиз вужудга келиши) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабики, уни тупроқдаи яратиб, сўнгра “Бўл!”, деб амр этганида у (тирик инсон) бўлди. Бу Раббингиз тарафидан келган ҳақ сўздир. Сиз асло шубҳа қилувчилардан бўлманг!” [Оли Имрон: 59-60].

Ҳикмат билан қилинган баҳс-мунозара ва чиройли панд-насиҳат уларга кор қилмагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятдаги амрига бўйсуниб, уларни мубоҳалага (лаънатлашувга) чорладилар: “Энди Сизга келган мана шу ҳақ маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, ундай кимсаларга: “Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлайлик, сўнг Аллоҳга тазарру билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўрайлик”, деб айтинг!” [Оли Имрон: 61].

Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайнни олиб, Фотима ва Али ҳамроҳлигида чиқдилар, уларга: “Мен дуо қиламан, сизлар “омийн” деб турасизлар”, дедилар.

Нажронликлар ўзаро маслаҳатлашиб, жизя тўлаб туришга келишдилар. Чунки улар у зотнинг ҳақ пайғамбарлигини билдилар, агар пайғамбар дуо қилса албатта ижобат бўлишини билганларидан ҳалок бўлиб кетишдан қўрқдилар. Шу туфайли  лаънатлашувга чиқишдан бош тортиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Майли, сизнинг ҳукмингизга розимиз”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳар йили икки минг ҳулла (либос) жизя тўлашга ҳукм қилдилар, мингтасини ражаб ойида, мингтасини сафар ойида тўлайдиган бўлдилар[2].

[1] “Бидоя ва ниҳоя” (5/48).
[2] Абу Шаҳба, “Сийра набавия” (2/547).

Изоҳ қолдиринг