Пайғамбаримиз намозларининг кўриниши (1)

0

Муаллиф роҳимаҳуллоҳ бу бобда Пайғамбаримизнинг намоз ўқиш тартиби ҳақида келган айрим саҳиҳ ҳадисларни зикр қилади. Дарҳақиқат, Пайғамбаримизнинг намозлари ҳар қандай камчилик ва нуқсондан холи энг мукаммал намоздир. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатимиздаги барча ишларни кўрсатиб берувчи зотдир. Демак, у зотга эргашишимиз ва у зотнинг суннатини ҳар қандай сўз ёки фикрдан устун қўйишимиз фарз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида шундай деб марҳамат қиладилар: “Мени қандай намоз ўқиганимни кўрсангизлар, худди шундай намоз ўқинглар[Бухорий: 631]. Демак, биз у зотнинг намоз ўқиш тартибини ўрганишимиз ва у зот кўрсатиб бергандек намоз ўқишимиз лозим экан. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз намозлари ила Аллоҳ таоло фарз қилган намоз тартибини баён қилиб берганлар. Бу эса Пайғамбаримиз намозда кўрсатиб берган ҳар бир амал фарз эканини тақазо қилади. Ким Пайғамбаримиз кўрсатиб берган намоз амалларидан бирини фарз эмас деса бу сўзига далил келтириши лозим.

Етмиш тўққизинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – قَالَ: ((كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – إذَا كَبَّرَ فِي الصَّلاةِ سَكَتَ هُنَيْهَةً قَبْلَ أَنْ يَقْرَأَ , فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ , بِأَبِي أَنْتَ وَأُمِّي , أَرَأَيْتَ سُكُوتَكَ بَيْنَ التَّكْبِيرِ وَالْقِرَاءَةِ: مَا تَقُولُ؟ قَالَ: أَقُولُ: اللَّهُمَّ بَاعِدْ بَيْنِي وَبَيْنَ خَطَايَايَ كَمَا بَاعَدْتَ بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ. اللَّهُمَّ نَقِّنِي مِنْ خَطَايَايَ كَمَا يُنَقَّى الثَّوْبُ الأَبْيَضُ مِنْ الدَّنَسِ. اللَّهُمَّ اغْسِلْنِي مِنْ خَطَايَايَ بِالْمَاءِ وَالثَّلْجِ وَالْبَرَدِ)) .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга қулоқ қоққанларидан сўнг қироат қилишдан олдин бироз жим турардилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин! Такбир билан қироат ўртасида жим турганингизни кўрдим, шу вақтда нимани ўқийсиз?” – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳумма бааид байний ва байна хотоойаая камаа бааъадта байнал машриқи вал мағриб. Аллоҳумма наққиний мин хотоойаая камаа юнаққос савбул абязу минад данас. Аллоҳуммағсил хотоойаая билмааи вассалжи валбарод” – деб айтаман” дедилар” [Бухорий: 744 ва Муслим: 598].

Дуонинг ўзбекча маъноси қуйидагича: “Аллоҳим, машриқ билан мағриб ўртасини узоқ қилганингдек мен билан хатоларим ўртасини йироқ қил! Аллоҳим, мени хатоларимдан худди оқ кийим кирлардан тозаланганидек покла! Аллоҳим, хатоларимни қор, сув ва дўл билан юв!”

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга такбиратул эҳром айтганларидан сўнг “Фотиҳа” сурасини ўқишдан олдин оз муддат жим турар эдилар. Саҳобалар Пайғамбаримизнинг бу орада нимадир ўқишини билишар эди. Шу боис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу у зотдан шундай деб сўради: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин! Такбир билан қироат ўртасида жим турганингизда нимани ўқийсиз?”. У зот шундай деб жавоб бердилар: “Аллоҳумма бааид байний ва байна хотоойаая камаа бааъадта байнал машриқи вал мағриб. Аллоҳумма наққиний мин хотоойаая камаа юнаққос савбул абязу минад данас. Аллоҳуммағсил хотоойаая билмааи вассалжи валбарод”.

Мазкур дуо бундай шарафли мақом ва муножот ўрнига ўта муносиб дуодир. Ушбу ўринда айтиладиган дуо истифтоҳ дуоси деб номланади. Намозхон ушбу дуо ила Аллоҳ таолодан қилган гуноҳларини ўчиришини, машриқ билан мағриб бир-бири билан ҳеч қачон тўқнашмагани каби қилган гуноҳи билан уни ҳеч қачон тўқнаштирмаслигини, кир бўлган оқ кийим ювилгандан кейин кири кетиб топ-тоза бўлгани аниқ равшан кўринганидек, уни хато-гуноҳларидан тозалашини, гуноҳларини кетказишини ва гуноҳ оташи ва ўтини қуйидаги муздек покловчи моддалар – сув, қор, дўл билан поклашини сўрайди.

Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар:

1 – Намозда истифтоҳ дуосини айтиш мустаҳаб.

2 – Истифтоҳ дуоси ҳар намознинг биринчи ракаатида такбиратул эҳромдан сўнг “Фотиҳа” сурасини ўқишдан олдин айтилади.

3 – Намозхон истифтоҳ дуосини жаҳрий намозда ҳам, махфий намозда ҳам ичида ўқийди.

4 – Истифтоҳ дуоси чўзиб юборилмагани мақсадга мувофиқ. Хусусан жамоат намозларида.

5 – Саҳобалар (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча хатти-ҳаракатларини синчковлик билан кузатишар эди.

6 – Инсон дуо қилар экан, Аллоҳдан сўраётган нарсасини қайта-қайта, гарчи бир-бирига яқин маънодаги сўзлар билан бўлса-да, ёлвориб сўраши лозим. Ҳадисда зикр қилинган дуодаги барча сўзларнинг маъно-мазмуни бир нарсага – гуноҳларни кечиришга ва улардан сақлашга қаратилган. Сув, қор ва дўлнинг маънолари бир-бирига яқин, ундан кўзда тутилган мақсад битта: бандани қилган гуноҳларининг оташини ушбу муздек моддалар билан сўндириш.

Биринчи фойда:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам истифтоҳ дуосини бир неча кўринишда ўқиганлари саҳиҳ ҳадисларда келган. Улардан бири юқорида ҳадисда айтиб ўтилди. Қуйида ушбу дуолардан бошқа баъзиларини зикр қиламиз.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турсалар ушбу дуони ўқир эдилар: “Важжаҳту важҳия лиллазий фаторас-самавоти вал арза ҳанийфан ва маа ана минал мушрикийн. Инна солатий ва нусукий ва маҳйая ва мамаатий лиллаҳи раббил ааламийна лаа шарийка лаҳ. Ва бизалика умирту ва ана минал муслимийн. Аллоҳумма антал малик, лаа илааҳа иллаа анта. Анта раббий ва ана абдук. Золамту нафсий, эътарофту бизанбий, фағфир лий зунубий жамиан. Иннаҳу ла яғфируз зунуба илла анта. Иҳдиний ли аҳсанил ахлаақ. Ла яҳдий ли аҳсаниҳа илла анта. Васриф анний саййиаҳа, ла ясрифу анний саййиаҳа илла анта. Лаббайка ва саъдайка. Вал хойру байна ядайка. Вашшарру лайса илайка. Ана бика ва илайка. Таборакта ва таалайта. Астағфиру ва атубу илайка[Муслим: 1762].

Дуонинг маъноси: “Осмонлару ерни яратган Зотга ихлос ила юзимни қаратдим ва мен Унга шерик келтирувчилардан эмасман. Намозим, қурбонлигим, ҳаётим ва мамотим бутун оламлар Раббиси, шериги йўқ Аллоҳ учундир. Мен шунга буюрилганман ва мен мусулмонларданман. Эй Аллоҳ! Сен Маликсан, Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен Роббимсан, мен эса Сенинг қулингман. Мен ўзимга жавр қилдим ва гуноҳларимни тан оламан. Гуноҳларимни барчасини афв эт! Зеро, гуноҳларни фақатгина Ўзинг мағфират қилурсан. Мени энг гўзал ахлоқларга етакла! Чунки энг гўзал ахлоққа фақатгина Ўзинг йўллайсан! Мендан ёмон хулқларни кетказгин! Зеро, ёмон хулқларни Ўзинггина кетказасан. Эй Аллоҳ! Сенинг итоатингда турувчи ва Сенинг итоатингда бўлувчиман. Барча яхшилик Сенинг қўлингдадир. Ёмонлик эса Сенга нисбат берилмас. Мен Сенинг мададинг ила борман ва Сенга инобат қилурман. Сен баракотли ва олийдирсан. Сенга истиғфор айтиб, тавбалар қиламан”.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда намозга турсалар, намозга такбир айтиб сўнг ушбу дуони айтар эдилар: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва таборакасмука ва таала жаддука ва лаа илаҳа ғойрука[Термизий: 242].

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ! Сен айбу нуқсондан поксан, Сенинг ҳамдинг ила Сенга тасбеҳ айтдим. Сенинг исминг муборакдир, улуғлигинг олийдир ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир”.

Зикр қилинган ушбу дуоларнинг барчаси саҳиҳ ҳадисларда келгани боис намозхон қай бирини айтса ҳам жоиз. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ охирги “Субҳанакаллоҳмма ва биҳамдик…” деб бошланадиган дуони ихтиёр қилган. Негаки, бу дуо ўзида Аллоҳни улуғлаш, мақташ ва яккалашни мужассам этади. Умар розияллоҳу анҳу одамларга ўргатиш учун бу дуони жаҳрий айтар эди. Киши истифтоҳ дуоларидан фақат биттасига чекланиб қолмаслиги лозим. Балки Пайғамбаримизга тўлиқ эргашаман деса, баъзан унисини, баъзан бунисини айтгани мақсадга мувофиқ. Масалан, жамоат намозида қисқа дуони, тунги таҳажжуд намозида узун дуони айтсин.

Иккинчи фойда:

Маълумки, иссиқ сув муздек сувга нисбатан кирларни яхшироқ кетказади. Дуода эса гуноҳларни кетказиш учун муздек сув зикр қилинган. Ҳолбуки, сув, қор ёки дўлдан гуноҳларни кетказиш назарда тутилган бўлса, буни қандай тушунамиз?

Уламолар бу борада бир қанча фикрлар билдиришган бўлиб, улар орасида энг яхшироғи Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ шайхулислом Ибн Таймиядан зикр қилган фикрдир. Унга кўра, гуноҳларнинг ҳарорати бўлади. Ушбу ҳароратни кетказиш учун муз, дўл, қор каби муздек тозаловчи моддалар зикр қилиниши ўта муносиб.

Изоҳ қолдиринг