Қўшничилик ҳаққи

0

Алҳамдулиллаҳ! Халқимиз орасида “қўшнинг ёмон бўлса кўчиб қутиласан” деган машҳур мақол бор. Араблар эса “уйдан олдин қўшни танла” дейишади. Қўшниларнинг яхши-ёмонлигига қараб уйга баҳо берилади. Яхши қўшни учратиш бахт саналади.

Ислом дини қўшнининг ҳаққига риоя қилишга қаттиқ эътибор қаратган. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида Аллоҳга ширк келтиришдан қайтариб, ота-онага, қариндошларга, етим ва мискинларга яхшилик қилишга буюрганидан сўнг ортидан узоқ ва яқин қўшниларга яхшилик қилишни фарз қилган. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўшнига яхши муомалада бўлишга буюравергани сабабли у зот шариатда меросдан қўшнига ҳам улуш ажратилади, деб ўйлаб қолганлар. Бу эса қўшнининг ҳаққи қанчалар улуғ эканини яна бир бор таъкидлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнига яхши муносабатда бўлишга қанчалар ундаганларига бир назар солинг: у зот қўшнига яхшилик қилиш ва уни ҳурмат-иззат қилишни Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиришга боғлаб: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурмат қилсин” – деганлар. Муслим ривоятида “қўшнисига яхшилик қилсин” дейилган. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнига яхшиликни раво кўриш иймондан эканини айтиб: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, банда ўзига раво кўрганини кўшнисига раво кўрмагунича мўмин бўлмайди” – деганлар. Ҳатто қўшнисига яхшилик қилган инсон энг яхши инсонлар қаторидан ўрин олган. Бу ҳақда ҳадиси шарифда: “Шерикларнинг энг яхшиси ўз шеригига яхши муносабатда бўлгани, қўшниларнинг энг афзали эса ўз қўшнисига яхши муносабатда бўлганидир” – дейилган.

Қўшни деганда ким назарда тутилади?

Сиз билан ёнма-ён бўлган ҳар қандай инсон қўшни деб аталади. Бу борада унинг мусулмон ёки кофирлигининг аҳамияти йўқ. Қўшни деган сўзга уламолар ҳар хил таъриф берганлар. Буларнинг ичида энг тўғрироғи шуки, инсонларнинг урф-одатида қўшни деб эътиборга олинганлар қўшни ҳисобланади, валлоҳу аълам.

Қўшниларнинг бир неча мартабаси бор. Энг яқин қўшни мусулмон ва қариндош қўшни бўлса, кейинги мартабада бегона ва мусулмон қўшни, ундан кейингисида қариндош ва кофир қўшни ва ниҳоят бегона ва кофир қўшни туради. Қўшничилик ҳақ-ҳуқуқларининг баъзилари барча мартабадаги қўшниларга тегишли бўлса, баъзилари фақат муайян мартабадаги қўшниларга хос.

Қўшничилик турлари

Баъзилар қўшничилик деганда фақат ён-атрофида яшайдиганларни тушунади. Аслида эса бу қўшничиликнинг бир тури саналади, холос. Бундан ташқари ишда, бозорда, далада, партада ва бундан бошқа нарсаларда ҳам қўшни бўлиш мумкин. Қўшничилик маъноси кўпчилик ўйлагандан кўра кенгроқ доирани ўз ичига олади.

Қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари

Қўшнининг бир қанча ҳақлари бор. Қуйида шулардан баъзиларини санаб ўтамиз:

Салом бериш ёки алик олиш: бу ҳақ ҳар бир мусулмонга тегишли бўлса-да, қўни-қўшнилар ўртасида янада таъкидлироқ саналади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, саломни ёйиш жамиятда бирлик ва ўзаро меҳр-муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Озор бермаслик: қўшниларга озор бермаслик уларнинг энг асосий ҳақларидан бири саналади. Тўғри, бировга озор бериш мутлақо ҳаром, лекин қўшниларга озор беришнинг гуноҳи янада улкандир. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли хил услубда ва бир неча ўринларда қўшнига озор беришдан қайтарганлар. Қуйидаги ҳадислар сўзимизнинг исботидир:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч маротаба: “Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди” – деб такрорладилар. Саҳобалар: “Кимни айтаяпсиз, ё Расулуллоҳ?” – деб сўрашганида: “Қўшниси унинг озорларидан қутула олмайдиган кимса” – деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Расулуллоҳ, фалончи кечаси нафл намозлар ўқийди, кундузи нафл рўзалар тутади. Лекин тили билан қўшниларига озор беради” – дейилганида у зот: “Унда ҳеч қандай яхшилик йўқ, у дўзахга киради” – деб жавоб берганлар.

Қўшнининг озорига сабр қилиш: бу ҳақиқий ҳурматга сазовор, олий ҳимматли кишиларга хос сифатдир. Негаки, қўшнисига зарар бермаслик кўпчиликнинг қўлидан келса-да, қўшниси тарафидан келган озорга Аллоҳдан савоб умид қилган ҳолда сабр қилишни ҳар ким ҳам уддалай олмайди. Аллоҳ таоло: “Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаринг” – деган. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: “Қўшнига яхшилик қилиш унга озор бермаслик эмас, балки унинг озорига сабр қилиш демакдир”.

Ҳол-аҳвол сўраб, юмушларига кўмаклашиб туриш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёнида қўшниси оч эканини била туриб тўқ тунаган киши менга иймон келтирмабди” – деганлар. Салафи солиҳларимиз доим қўшниларидан ҳол-аҳвол сўраб туришган. Саҳобалар қўшнисига ҳадя чиқарар, қўшниси ҳам ўз навбатида бу ҳадяни қўшнисига узатар ва ҳоказо ҳадя қўлдан-қўлга ўтиб, баъзан уни дастлаб ҳадя қилган саҳобанинг ўзига қайтиб келар эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо қўй сўйганида қулига: “Агар тарқатишни бошласанг яҳудий қўшнимиздан бошла” – деган эканлар. Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Икки қўшним бўлса, қай бирига ҳадя чиқараман” – деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эшиги яқинроғига” – деб жавоб берганлар.

Айбини яшириш: бу ҳақ юқорида айтиб ўтилган ҳуқуқларнинг энг муҳими десак муболаға бўлмайди. Қўни-қўшничиликда инсон ўз қўшнисининг баъзи хато ва камчиликларидан хабардор бўлиб қолиши табиий ҳол. Шундай ҳолатларда қўшнининг айбу нуқсонларини одамларга ошкор қилмасдан, беркитиш керак. Унутмайлик, агар биз бировнинг айбини беркитсак, Аллоҳ таоло дунёда ҳам, охиратда ҳам бизнинг хатоларимизни беркитади. Агар унинг хатосини айтиб, одамлар олдида шарманда қиладиган бўлсак, қилмишимизга яраша жазо олишимиз тайин.

Мақоламиз сўнгида яна бир бор таъкидлаб ўтамизки, жамиятда бахт-саодат, ўзаро ҳамжиҳатлик ва шахслар ўртасидаги меҳр-муҳаббат аъло даражада бўлиши учун шариат белгилаб берган шу ва шунга ўхшаш ҳақ-ҳуқуқларга қатъий риоя қилиш лозим. Бироқ минг афсуслар бўлсинки, аксаримиз бу ҳақ-ҳуқуқларга умуман риоя қилмаймиз, ҳатто ўзининг ён қўшнисининг исмини ҳам билмайдиганлар орамизда йўқ эмас. Қўшнисининг ҳаққини ейдиган, қўшнисига хиёнат қиладиган, ҳатто қўшнисининг номуси билан ўйнашадиган инсон қиёфасидаги ҳайвонлар ҳам йўқ эмас. Қўшнининг номуси билан ўйнашиш энг катта гуноҳлардан бири саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг катта гуноҳларни санар эканлар, инсон қўшнисининг хотини билан зино қилишини ҳам шулар қаторига қўшганлар.

Аллоҳ таолодан  бу ҳуқуқларга риоя қилишда бизга ёрдам беришини сўраймиз. Оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз, у зотнинг аҳли-оилалари ҳамда саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!

Мақола IslamWeb саҳифасидан олиниб, баъзи ўзгартиришлар билан таржима қилинди.

Изоҳ қолдиринг