Аёлнинг маҳрамларига нисбатан аврати

0

Савол:

Аёл киши отаси, ака-укалари каби маҳрамлари олдида баданининг қаерларини очиб юрса бўлади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Аёл ўз маҳрамлари олдида юзи, сочи, бўйни, билаклари ҳамда болдирини очиб юриши мумкин. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Аёллар тақинчоқларини эрлари ёки оталари ёки эрларининг оталари ёки ўғиллари ёки эрларининг ўғиллари ёки ака-укалари ёки ака-укаларининг ўғиллари ёки опа-сингиллариниг ўғиллари ёки мўмина аёллардан бошқаларга асло кўрсатмасинлар” [Нур: 31] деган сўзи далил бўлади. Уламолар мазкур оятдаги “тақинчоқлари” сўзини “баданнинг тақинчоқ тақиладиган аъзолари” деб тафсир қилганлар. Шунга биноан, аёллар узук тақиладиган аъзо – қўл, билагузук тақиладиган аъзо – билак, сирға тақиладиган аъзо – қулоқ, мунчоқ тақиладиган аъзо – бўйин, ҳамда халхол тақиладиган аъзо – болдирларини оятда айтиб ўтилган маҳрамлари олдида очиб юришлари мумкин. Аёл маҳрамлари олдида жуда ҳам енгил кийиниши, масалан, ичи кўринадиган юпқа, тиззадан юқори турадиган калта, тирсакдан юқори турадиган қисқа енгли ёки енгсиз ёки кўкраклари кўриниб қоладиган даража олди очиқ кийимлар кийиши асло мумкин эмас.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, оятда айтилмаган эркаклар, жумладан, почча, қайин ака ёки қайин ука каби инсонларга бизнинг урф-одатимизда енгил қаралса-да, аслида уларнинг аёл киши учун бегона эркакдан мутлақо фарқи йўқ. Аёл киши юқорида айтиб ўтилган аъзоларини фақат ва фақат оятда санаб ўтилган маҳрамларигагина кўрсатиши мумкин. Бу маҳрамлар ичида ҳам аёлга кўз олайтирадиган пасткашлари бўлса, унинг олдида мазкур аъзолар очиб юрилмайди. Балки фитнанинг олдини олиш учун имкон қадар унинг олдида барча авратларини беркитиб юради ва у билан ёлғиз қолмайди.

Биз мусулмон ўлароқ, аёллар аврати масаласига беэътибор қараганимиз учун ҳам бугунги кунда қайнота билан келин, қайин ака-укалар билан янга ва келинлар ўртасида ва ҳоказо оила аъзолар ичида ўзаро зино қилиш каби нохуш хабарлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Шуни унутмайликки, инсон маданиятга ҳар қанча интилмасин, шариатга амал қилмас экан, тобора тубанлашиб бораверади. Зеро, маданиятга эришишнинг ягона йўли шариат ҳукмларига тўлиқ амал қилишдир. Биз қалбимиз тоза эканини далил қилиб, номаҳрамлар билан аралашишимиз жуда катта хатодир. Бизнинг ўша “тоза” қалбимизни яратган Холиқимиз аёлларнинг аврат масаласини ҳеч қандай шубҳа қолмайдиган даражада батафсил ёритиб берган. Шу ҳукмга амал қилмас эканмиз, турли-туман жирканч воқеаларнинг гувоҳи бўлиб бораверамиз, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг