Қайтар дунё: Ғулом Аҳмад Қодиёний

0

Менга бир неча маротаба инглиз тилида ваҳий келди. Охирги марта “I can do what i will” деган ваҳий келди. Лаҳжаси ва гапиришидан бошимнинг устида бир инглиз гапиргандек ҳис қилдим” (Ғулом Аҳмад).

Ушбу мақоламизда пайғамбарликни даъво қилган, қодиёнийлик динининг асосчиси, ҳинд дажжоли Мирзо Ғулом Аҳмад Қодиёний ҳақида сўз юритамиз. Аҳмадийлар номи остида ўзини мусулмон қилиб кўрсатаётган бу оқимни аксар мусулмонлар яхши танимайдилар, уларнинг бузуқ эътиқодларини билмайдилар. Шунинг учун ўзини пайғамбар деб даъво қилган бу инглиз жосусининг ҳаёти қандай якун топгани ҳақида сўз юритишдан олдин қуйида унинг эътиқод масаласидаги баъзи фикрларини келтириб ўтамиз.

Бу каззоб ўзининг “Бушро” номли китобида (2\97) Аллоҳ таоло ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ менга: “Мен намоз ўқийман, рўза тутаман, уйғоқ ҳам тураман, ухлайман ҳам” – деди”.

“Тавзийҳул маром” китобининг 75-бетида эса шундай дейди: “Биз Аллоҳ таолонинг вужудини фараз қила оламиз: унинг кўп оёқ-қўллари бор. Аъзолари кўплигидан уларни санаб бўлмайди. Унинг бўйи ва эни бепоён. У саккизоёққа ўхшайди, унинг кўп томирлари бор. У томирлар бутун дунё бўйлаб ёйилган”.

Аҳмадийлар номли бу муртадлар Аллоҳ таоло Ғулом Аҳмад билан жинсий яқинлик қилган ва унинг оқибатида Ғуломнинг ўзи дунёга келган, деб эътиқод қилишади. Бу ҳақда Қози Ёрмуҳаммад Қодиёний ўзининг “Зоҳийятул ислом” китобида (34-бет) шундай дейди: “Мусулмонларга ваъда қилинган Масиҳ (бу билан Ғулом Аҳмадни назарда тутмоқда) ўзининг аянчи аҳволи ҳақида айтиб берди. Унинг айтишича, у ўзини аёл шаклида эканини кўрган, Аллоҳ унга ўзининг эркаклик қувватини кўрсатган”.

Бу ҳақда Қодиёнийнинг ўзи шундай дейди: “Аллоҳ мени Исога ҳомила бўлган Марям деб атади. Таҳрим сурасининг “Номусини сақлаган Марям бинти Имронни айтинг. Биз унга ўз руҳимиздан пуркадик” оятидаги Марямдан мен назарда тутилганман” (“Ҳомишу ҳақиқатил ваҳй” китоби, 337–бет). “Бушро” китобида (1\49) эса: “Алло менга: “Эшит, эй ўғлим” – деб гапирди” – деган. Бу каззобнинг айтишига қараганда Аллоҳ таоло унга: “Сен мендансан, мен эса сенданман. Сенинг кўтарилишинг менинг кўтарилишим демакдир” – деган (“Ваҳюл муқаддас” китоби, 650-бет). Аллоҳ таоло бу муртадларнинг барча гапларидан пок зотдир.

Мақоламиз бошида бу дажжолни инглиз жосуси деб атаганимизнинг сири шундаки, у умри давомида инглиз ҳукуматининг манфаати йўлида хизмат қилгани етмаганидек, Аллоҳ таоло у билан инглиз тилида гаплашганини, унга шу тилда ваҳий нозил бўлганини даъво қилган. Бунга “Бароҳийну Аҳмадийя” китобидаги (480-бет) қуйидаги гаплари далил бўлади: “Менга бир неча маротаба инглиз тилида ваҳий келди. Охирги марта “I can what i will do” деган ваҳий келди. Лаҳжаси ва гапиришидан бошимнинг устида бир инглиз гапиргандек ҳис қилдим”.

Ғулом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги пайғамбар бўлганларига ишонмайди. Унинг қуйидаги гаплари шунинг исботидир: “Руҳим қўлида бўлган зотга қасам ичиб айтаманки, у мени юборди ва мени пайғамбар деб атади. Мени ваъда қилинган Масиҳ деб чақирди. Гапим тўғри эканини исботлаш учун мўъжизалар туширди. Бу мўъжизаларнинг сони уч юз мингтага етади”.

Ўзининг “Татимматул ваҳй” китобида шундай дейди: “У ҳақ илоҳ. Мени Қодиёнга пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳ Қодиённи ҳимоя қилади ва уни вабодан сақлайди, агарчи бу вабо етмиш йил давом этса ҳам. Чунки Қодиён Аллоҳ пайғамбарининг турар жойидир. Бу иш бутун умматларга мўъжиза бўлади”.

Аллоҳ таоло барчадан устон зот, ҳеч ким Унга қарши чиқа олмайди. Унинг номидан ёлғон гапирганларни Жабборнинг Ўзи шарманда қилади. Аллоҳ таолонинг тақдири билан вабо нафақат Қодиён ва унинг яқинидаги қишлоқларга, ҳатто Ғуломнинг уйига ҳам кириб келди. Аллоҳ номидан ёлғон гапиришнинг оқибати мана шундай бўлади.

Қодиёнийлар Ғуломни барча пайғамбарлардан устун деб билади. Чунки у ўзи ҳақида: “Пайғамбарларга берилган нарсанинг барчаси менинг ёлғиз ўзимга берилди” – деган (“Дуррус самийн” китоби, 287-бет). Бу бадбахт ўзига алоҳида китоб нозил бўлганини ва бу китобнинг номи “Ал-китобул мубийн” эканини издошларига уқдирган. У ўзини барча пайғамбарлардан устун қўйгани етмаганидек, Одам, Нуҳ, Юсуф алайҳиссаломлар каби бир қанча пайғамбарларни номма-ном айтиб, ўзини улардан афзал эканини таъкидлаган.

Одам алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: “Одам хору зор бўлиб қолган эди. Аллоҳ таоло шайтонни енгишим учун мени яратди” (“Мал фарқу байна Одам ва Масиҳ” китобидан).

Нуҳ алайҳиссалом ҳақида эса шундай дейди: “Аллоҳ таоло менинг гапим тўғри эканини исботлаш учун шунчалик очиқ-ойдин мўъжизалар бердики, агар бу мўъжизалар Нуҳга берилганида унинг қавмидан ҳеч ким ғарқ бўлмаган бўларди” (“Татимматул ваҳй” китоби, 137-бет).

Юсуф алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: “Бу умматнинг Юсуфи, яъни мен ожиз банда Бани Исроил Юсуфидан афзалман. Негаки, менинг поклигимга Аллоҳ таолонинг ўзи бир неча мўъжизалар билан гувоҳлик берган. Юсуф эса одамларнинг гувоҳлигига муҳтож бўлган” (“Бароҳийну Аҳмадийя” китобидан).

Исо алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ таоло бу умматдан ҳам бир Масиҳни пайғамбар қилиб юборди. Бу Масиҳ (ўзини назарда тутмоқда) олдинги Масиҳдан (яъни Исо алайҳиссаломдан) бир неча маротаба афзал. Руҳим қўлида бўлган Аллоҳга қасам, агар Исо мен яшаётган замонда бўлганида мен қилган ишларни уддалай олмасди” (“Ҳақиқатул ваҳй” китоби, 148-бет).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан афзал эканини айтиб, шундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга уч мингта мўъжиза берилган. Менга берилган мўъжизаларнинг сони эса миллиондан ортди” (“Тазкиратуш шаҳодатайн” китоби, 41-бет). “Эъжозун Аҳмадий” китобида эса: “Ислом янги ойдек бошланган эди. Сўнг бугунги асримизда тўлин ой шаклини олди. “Дарҳақиқат, Аллоҳ сизларга Бадрда ёрдам берди” оятида Аллоҳ таоло шунга ишора қилган” – дейди. Араб тилида “бадр” сўзи тўлин ой маъносида эканидан фойдаланиб, бу дажжол оятни ўзига мослаб тафсир қилган.

Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичишдан асло қўрқмайдиган бу каззоб Исо алайҳиссалом ҳақида: “Мен Исо ароқ ичишдан ўзини эҳтиёт қилган деб ўйламайман” – дейди.

Қодиёнлик бу ҳинд дажжоли билан суҳбат ўтказган барча уламолар бир овоздан уни кофир деб эълон қилишган. Аллома Саноуллоҳ ҳам Ғулом билан бўлиб ўтган бир қанча тортишувлар натижасида уни кофир деб фатво берган. Мазкур фатвога чидай олмаган Ғулом Аллома Саноуллоҳга мактуб йўллайди. Мактубда агар Ғулом ҳақиқатдан пайғамбар бўлса, Аллоҳ Саноуллоҳни вабо ёхуд холера касаллиги билан ҳалок қилишини, агар Ғулом ёлғончи бўлса, ўзини ҳалок қилишини сўраб дуо ёзади. Бу мактубни йўллаганидан роппа-роса ўн уч ой ўтиб, Ғулом холера касаллигига чалиниб вафот этади.

Ўша вақтдаги ҳинд газеталаридаги хабарга қараганда, умри давомида Аллоҳ номидан ёлғон гапириб, одамларни диндан чиқарган, ўзини пайғамбарлардан афзал кўрсатгани етмаганидек, маъсум пайғамбарларга тил теккизган бу бадбахт оғзидан ахлати келиб вафот этган. Умри давомида оғзини нажосат сўзлардан тиймаган дажжол оғзидан ахлати келиб вафот этди. Ё Аллоҳ, қилмиш қидирмиш, деб шуни айтсалар керак! Аллоҳ таолодан унга охиратда ҳам қилмишига яраша жазо беришини сўраб қоламиз!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг