Усмон розияллоҳу анҳу: Усмон халифалиги даврида молиявий тузилмалар (6)

0

Халифа Усмон даврида зиммийлар давлат юкини кўтаришда ҳисса қўшгани

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида иккинчи Искандария фатҳи асносида Ахна ҳокими Толма исмли кимса Амр ибн Ос ҳузурига келиб: “Бизнинг зиммамизга қанча жизя юклайсан?” деб сўраганида Амр черков устунига ишора қилиб: “Агар ердан шифтигача берсанг ҳам жизянинг аниқ миқдори қанчалигини айтмайман. Сизлар бизнинг хазинамиз (омборимиз), агар аҳволимиз оғирлашса кўпроқ жизя соламиз, енгиллашса сизлардан ҳам енгиллатамиз”, деб жавоб берди. Шунда Толма ғазабланиб, Румга отланди ва румликларни бошлаб келди. Аллоҳ уларни мағлуб этди, ҳокимнинг ўзи асир олинди. Уни Амр ҳузурига келтирилди. Амр уни ўлдирмади, балки яхши муомала қилиб, истасанг яна шунча қўшинни етаклаб келавер, деди. Шундан сўнг у жизя тўлашга рози бўлди. Толмага: “Рум подшоҳи ёнига борсанг бўларди”, дейилганида у: “Агар унинг ёнига борсам, аскарларимнинг ўлимига сабаб бўлдинг деб, мени ўлдиради”, деди[1].

Амр ибн Оснинг “Сизлар бизнинг хазинамизсиз, агар ҳолат тақозо қилса, сизларга ҳам кўпроқ жизя соламиз, енгиллик бўлса, камайтирамиз”, деган сўзларини таҳлил қилсак, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида ғайридинларга нисбатан молиявий сиёсатнинг баъзи қирраларини қуйидагича хулоса қилишимиз мумкин:

а) Зиммийлар тўлайдиган жизялари билан байтулмолга ҳисса қўшишади, улар байтулмол учун хазина вазифасини ўтайдилар, байтулмол зарур бўлганда уларнинг молларидан жизя суратида олиб туради;

б) Аҳли зимманинг молларидаги байтулмолнинг бу улуши давлат устига келаётган қийинчиликларга қараб белгиланади, агар юк оғирлашса жизя қиймати ҳам кўтарилади, юк енгиллашса жизя қиймати ҳам енгилашади.

в) Жизя қийматининг бу тарзда кўтарилиб, пасайиб туриши давлатнинг барча ватандошлари давлат юкини кўтаришда шериклиги принципидан келиб чиқади. Бунда ҳар бир киши ўз имкониятидан келиб чиқиб, оғирликларни тақсимлашда адолатга путур етмайдиган даражада ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиммийларга яхши муомала қилиш борасидаги васиятлари доирасида шерик бўлади[2].

Халифа Усмон даврида хирож ва тижорат солиғидан келган тушумлар

Хирож:

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида ислом давлати территорияси узоқ масофаларга чўзилди, фатҳлар натижасида деҳқончилик қилинадиган жуда катта ер майдонлари давлат ҳудудига кирди. Умар розияллоҳу анҳу бундай ерларни мусулмонлар учун файъ (ўлжа) деб эътибор қиларди ва аҳли китоб бўлган ва ўз динида қолишни ихтиёр қилган ер эгаларини агар истасалар ўз ерларида деҳқончилик қилиб, ҳосилидан байтулмолга хирож тўлашга ҳукм қиларди.

Бинобарин, хирож ерлари деб қуйидаги икки турдан бирига айтилади:

Аҳолиси билан сулҳ қилиш йўли билан фатҳ қилинган ва ер аҳолиси қўлида қолган ерлар.

Куч ишлатиш йўли билан фатҳ қилинган ва халифа уни файъга айлантирган (яъни давлат мулкига қўшган) ерлар. Бу ҳолатда ернинг асл эгалари ерга хусусий эгалик қилишдан маҳрум қилинсалар-да, бироқ фойдаланиб туриш учун ер уларнинг қўлида қолдирилади.

Бундай ер эгалари ердан фойдаланиб турганликлари эвазига халифа томонидан белгиланган хирож – маълум миқдор солиқ тўлайдилар.

Усмон розияллоҳу анҳу даврига келиб, исломий фатҳлар ортиши сабабли ушбу ерлардан келадиган хирожлар байтулмолнинг тушумлари ортишида жуда катта ҳисса қўшди.

Тижорат солиғи:

Умар Форуқ даврида тижорат солиғи Умар розияллоҳу анҳу ўрнатган тартиб-қоидалар асосига қурилган эди. Ушбу тартиб-қоидаларга кўра, кофир ва ғайридин савдогарлар ислом давлатига келтирган тижорат молларидан солиқ олинарди. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттобга “Бизнинг мусулмон савдогарлар ҳарб (куфр) ерига борсалар, улар ўн фойиз солиқ олишади” деб ёзиб юборганида Умар розияллоҳу анҳу: “Сен ҳам уларнинг савдогарларидан ўн фойиз солиқ ол”, деб жавоб йўллаганди[3].

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврига келиб, фатҳлар натижасида ислом давлати ҳудудлари кенгайгани сабабли ва одамларнинг қўлларида бойликлар ортиши натижасида байтулмолнинг тушумлари ҳам ортди, бунда тижорат солиғининг ҳам жуда катта ҳиссаси бўлди. Айниқса, Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг барқарорлик ҳукм сурган дастлабки даврида умуман олганда, одамларда харид қуввати ошди. Харид қувватининг ортиши эса табиийки, товарларга бўлган талабни оширади, товарга бўлган талабнинг ортиши эса четдан кўпроқ товар келтиришга ва чет эллик савдогарларнинг тижорат билан келишларига сабаб бўлади, бу ўз навбатида тижоратдан олинадиган солиқлар миқдори зиёда бўлишига олиб келади[4].

[1] “Футуҳ Миср ва ахборуҳо” (102-бет).
[2] “Ас-сиёсатул молия ли Усмон” (107-бет).
[3] Абу Юсуф, “Ал-харож” (145-бет).
[4] “Ас-сиёсатул молия ли Усмон” (123-бет).

Изоҳ қолдиринг