Бобийларнинг муқаддас китоби ва уларинг йўқ бўлиб кетиши

0

Бобийларнинг муқаддас китоби

Али Муҳамад Шерозий ўзининг “Ал-баёнул арабий” номли китобини ёзганидан сўнг бу китоб Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган, самовий китобларнинг энг афзали бўлмиш ушбу китоб Қуръонни бекор қилади, деб даъво қилди ва инсу жинларни худди шундай бир китоб ёзишга беллашувга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг муқаддас китобида шундай дейди: “Мана бу менинг китобим, Аллоҳнинг ҳузуридан нозил бўлган. У Лавҳул-маҳфузда экани ҳақ, унинг ҳақ эканига гувоҳлик берилган. Агар инсу жинлар бунга ўхшаш китоб ёзишга бирлашсалар, ёза олмасликлари ҳақдир”. Бошқа бир ўринда эса: “Агар ер юзи аҳолиси ва яна худди шунча инсон ҳаққа қарши бўлса, Ҳақ Раббинга қасамки, улар бу китобнинг баъзи ҳарфларини ҳам ёза олмайдилар, унинг баъзи сирларини заррача тафсир ҳам қилолмайдилар” – дейди.

У Қуръони Каримдан устун қўйган бу китоб ўзи тарафидан тўқилган экани шундоқ аён бўлиб турибди. Бунга ортиқча далил келтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, ундаги баъзи гапларни мисол тариқасида келтириб ўтамиз.

  • “Биз сени улуғларга улуғ қилдик. Биз сени буюкларга буюк қилдик. Биз сени нуронийларга нур қилдик. Биз сени раҳмлиларга меҳрибон ва раҳмдил қилдик. Биз сени комилларга комил қилдик… Айт, биз сени эгаларга эга қилдик. Айт, биз сени устунларга устун қилдик. Айт, биз сени хушхабарчиларга хушхабарчи қилдик”;

  • “Аллоҳ кибрланган мутакаббирнинг кибридан улуғдир. Аллоҳ ғурурланган мағрурнинг ғуруридан улуғдир. Аллоҳ фахрланган фахрланувчининг фахридан улуғдир…”.

Юқоридаги гапларни ўқиган инсон бу китоб бефаҳм инсон тарафидан тўқилган эканини дарҳол англаб олади.

Бобийларнинг йўқ бўлиб кетиши

Шерозий вафот этганидан сўнг бобийлар ўртасида бошлиқликни ким эгаллаши борасида тортишувлар бошланди. Тортишувлар беаёв жангларга айланди. Бошлиқликка асосий даъвогарлар эса Ҳусайн Али Мозандароний билан Яҳё Субҳул Азал исмли ака-укалар эди. Бобийларнинг пешволари Яҳё Субҳул Азал томонида эдилар. Чунки у Шерозийнинг васияти билан бобийларга бошлиқ этиб тайинланган эди. Шунга қарамай Мозандароний бошчилигида пайдо бўлган баҳоийлар бобийларни тору мор этди. Яҳудлар баҳоийларга ёрдам бериши уларнинг бобийларни енгишларида муҳим рол ўйнади.

Ҳусайн Мозандароний Шерозийнинг Яҳёга қолдирган васиятини ўғирлади. Одамларга ўзини илоҳликнинг бир кўриниши деб таништирди, акасига қолдирилган васиятни эса Шерозийга ўзи ваҳий қилганини айтиб, акасини бу васиятга ўзгартириш киритиб, уни ўзлаштириб олганликда айблади. Худоликни даъво қилган Ҳусайн ўзидан олдинги барча динларни бекор қилганини таъкидлаган. Унинг издошлари эса Шерозий томонидан қолдирилган васиятни Мозандаронийни ҳимоя қилиш учун одамлар эътиборини чалғитиш мақсадида қилинган бир режага йўйишган.

Фамагуста ярим оролига қувғин қилинган Яҳё 1912 йил, саксон икки ёшида вафот этгунига қадар Мозандаронийнинг ёлғонини фош этишга уринди. Бироқ бу уринишларининг ҳеч бири ўз самарасини бермади. Ўлимидан олдин Яҳё бошлиқликни ўғли Мирзо Муҳаммад Ҳодийга васият қилди. Бироқ васият қилиб қолдирилган бошлиқликдан асорат ҳам қолмаган эди. Яҳёнинг вафотидан сўнг унинг издошлари ҳам бир неча гуруҳларга бўлиниб кетишди. Ҳусайн Мозандароний Яҳёнинг издошларини топиб, ҳаммасини бирма-бир қиличдан ўтказди. Шу тариқа бобийлик дини йўқолиб кетди. Ҳозиргача берилган маълумотлар хулосаси шуки, баҳоийлар бобийлардан пайдо бўлган. Бобийлар эса руштийлардан, руштийлар эса шайхийлар тарафидан тузилган дин бўлган. Келгуси мақолаларимизда баҳоийларнинг хатари, уларнинг пешволари ва асосий фикрлари ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг