Умавийлар давлати: Муовия розияллоҳу анҳу Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида (2)

0

Халифа Усмон даврида Муовиянинг қуруқликда олиб борган жанглари

Муовия розияллоҳу анҳу румликлар тарафидан мусулмонларга бўлаётган хатар ва таҳдидларни бутунлай бартараф этиш учун Рум урушини тўхтатмаслик, Шом ва Жазиранинг суғурларида (душман ҳужум қилиши хавфи бўлган ҳудудларида) давомли равишда жиҳод ҳаракатини кучайтириш, уларни муробитлар (чегарачилар) билан узлуксиз таъминлаш ва улардан давомий бохабар бўлиб туриш зарурлигини яхши англарди. У ўзининг Усмон розияллоҳу анҳу халифалиги давридаги волийлик пайтида бу ишлар учун жуда кўп вақт ва куч-ҳаракат сарфлади. Ҳижрий 25 йили Муовия Шом суғурига[1] ҳарбий юриш бошлади. Бу юришида у Антокия ва Тарсус оралиғидаги қалъаларнинг аскардан холи эканини кўриб, то ғазотларидан қайтиб келгунича Шом, Жазира ва Қансарин аҳлидан бир жамоани улар олдида қолдирди. Шундан сўнг бир-икки йил Язид ибн Ҳур Абасийни ёзги юришларга чиқарди ва уни ҳам худди ўзига ўхшаш ҳаракат қилишга буюрди.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳижрий 31 йили Масиса тарафдан ғазот бошлаб, Диравлиягача[2] кириб борди.

Ҳабиб ибн Маслама Феҳрий билан Сафвон ибн Муаттал Суламийни Шамшотга юбориб, уни фатҳ қилдирди.

Ҳабиб ибн Масламани Малатияни иккинчи бор фатҳ қилишга юборди. У бу шаҳарни куч билан эгаллади.

Бу орада Муовия розияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам Рум ерига ичкарироқ кириб бориш мақсадида юриш бошлади. Малатиядан ўтиб бораркан, уни Шом, Жазира ва бошқа диёрлар аҳлидан бўлган аскарлар билан кучайтирди. Сабаби, Малатия ёзги ҳарбий юришлар йўли устидаги шаҳар бўлиб, унинг хавфсизлигини сақлаб туриш зарур эди.

Ҳижрий 32 йили Муовия розияллоҳу анҳу бош бўлган лашкар Румнинг ичкарисига кириб, Қустантиния бўғозига етиб борди[3].

Муовия Усмондан (розияллоҳу анҳумо) денгизда жанг олиб боришга рухсат беришини илтимос қилади

Муовия розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳудан денгизда жанг олиб боришга рухсат сўраб кўп бор илтимос қилган, Румнинг Ҳимсга жуда яқинлигини, румликларнинг итларининг ҳуриши ва хўрозларининг қичқириғи Ҳимсдаги қишлоқлар аҳлига бемалол эшитилишини айтиб, румликлар хатаридан огоҳлантирувчи мактублар йўллаганди. Унинг бу гапларидан хавотирланиб, Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Осга: “Менга денгиз ва кемалар ҳақида маълумот бер, бир фикрга келишим қийин бўляпти”, деб ёзиб юборди. Амр унга шундай жавоб йўллади: “Мен кўрганимни айтаман: улкан мавжудотга митти мавжудотлар миниб олган, лапанглаб туриши юракни қинидан чиқараман дейди, ҳаракатланиши ақлдан оздиргудек бўлади, унга минганларда тирик қолишга ишонч камайиб, шак-шубҳа ортади, ундагилар ёғочга ёпишган қуртдек, оғиб кетса ғарқ бўлади, нажот топса шод бўлади”. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг мактубини ўқиганидан сўнг Муовия розияллоҳу анҳуга: “Йўқ! Муҳаммадни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен унга биронта ҳам мусулмон минишини истамайман. Аллоҳга қасамки, битта мусулмон мен учун бутун Рум аҳлидан кўра суюмлироқ. Менга қарши чиқа кўрма!”, деб ёзиб юборди. Шу билан Муовия Умар ибн Хаттобга бу ҳақда қайтиб мурожаат қилмади, бироқ бу фикр унинг фикри-зикрини банд қилиб келарди. Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, Муовия розияллоҳу анҳу унга ҳам шу ҳақда мактуб ёзиб, қайта-қайта мурожаат қилди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Сенинг Умар раҳимаҳуллоҳдан денгизда жанг қилишга рухсат сўраб ёзган мактубинг келганида мен унинг олдида эдим, мен ҳам сенга айни шу жавобни бераман” деб жавоб йўллади. Кейин ҳам Муовия Усмонга шу ҳақда қайта-қайта айтавергач ва уни Қибрисга кемага миниб боришнинг у қадар хатарли иш эмаслигига ишонтиргач, Усмон ибн Аффон унга шундай жавоб ёзиб юборди: “Агар аёлинг ҳам сен билан бирга кемага минса, майли, сенга изн бераман, акс ҳолда рухсат йўқ”. Усмон розияллоҳу анҳу унга яна қуйидагиларни шарт қилди: “Одамларни танлаб олма, улар ўртасида қуръа ташлама, ўз ихтиёрларига қўй, ким ўз ихтиёри билан чиқмоқчи бўлса, ўзинг билан ол ва унга ёрдам кўрсат!”[4]. Муовия халифа Усмоннинг мактубини ўқигач, денгиз жанги олиб бориш учун Қибрисга йўл олишга тайёргарлик ишларини бошлаб юборди. Соҳиллар аҳлига мактуб йўллаб, уларни кемаларни тузатиш ва Акка соҳили яқинига келтиришга буюрди. Мусулмонлар Қибрис жангига айни шу соҳилдан йўл оладиган бўлдилар[5].

[1] Шом ва Жазира суғурлари (душман ҳужум қилиши хавфи бўлган чегара ҳудудлари) ислом давлатининг Византия давлати билан чегарадош шимолий чегаралари бўйлаб чўзилиб кетган қалъа ва қўрғонлардан иборат узун лента (чизиқ) бўлиб, бу лента Малатиядан бошланиб, Юқори Фурот, ундан Ўрта Денгиз яқинидаги Тарсусгача чўзилганди. Ушбу қалъалар чизиғи икки мажмуага бўлинган. Биринчиси Жазира суғури бўлиб, у ушбу чизиқнинг шимолий шарқий қисмидаги Малатия, Забтара, Мансур қалъаси каби бир неча қалъаларни ўз ичига олган. Иккинчиси Шом суғури бўлиб, у чизиқнинг жанубий ғарбий қисмидаги Айни Зарба, Адана, Тартус ва Ҳарқала қалъаларидан ташкил топган.

[2] Масиса ва Диравлия – Шом чегарасига яқин жойлар номи

[3] “Тарихи Табарий” (4/304).

[4] “Тарихи Табарий” (5/260).

[5] “Ал-идоратул аскария фид-давлатил усмония” (2/538).

 

Изоҳ қолдиринг