Усмон розияллоҳу анҳу: Усмон халифалиги даврида молиявий тузилмалар (7)

0

Усмон ибн Аффоннинг ер бўлиб бериш сиёсати

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлаштириладиган ерларни одамларга бўлиб бериш борасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сиёсатларини давом эттирган эди. Масалан, у Зубайр ибн Аввомга Журф ва Қанот оралиғидаги қўриқ ерни хатлаб берган, Мажоа ибн Мирорага Ямомадаги Хазрамани хатлаб берган, Зубруқон ибн Бадрга бир ерни бермоқчи бўлганида Умар розияллоҳу анҳунинг эътирози туфайли тўхталган, шунингдек Уяйна ибн Ҳисн билан Ақраъ ибн Ҳобисга уларнинг сўровларига кўра бир шўрхок ерни хатлаб бермоқчи бўлганида унда ҳам Умар розияллоҳу анҳу эътироз билдиргач, бу фикридан қайтган эди. Ўшанда Умар розияллоҳу анҳу ўз эътирозини изоҳлаб, энди уларнинг дилларини исломга мойил қилишга ҳожат қолмаганини айтган ва у иккисига хитоб қилиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом ҳали заиф-ночор бўлган вақтларда сизларнинг қалбларингизни мойил қилиш учун марҳамат кўрсатганлар, эндиликда Аллоҳ исломни азиз қилди, боринглар, ишларингни қилинглар!”, деган эди.

Шубҳасиз, Умарнинг эътирози қўриқ ерларни одамларга бўлиб берилиши ғоясига эмас, балки фақат айрим шахслар борасида бўлганди. Зотан, Умар розияллоҳу анҳунинг ўзи ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўриқ ерларни ўзлаштириш мақсадида одамларга бўлиб бериш сиёсатларини изчиллик билан давом эттирган, “Эй одамлар, ким бир ўлик ерни тирилтирса (яъни қўриқ ерни ўзлаштириб, обод қилса) ўша ер уники” деб эълон қилган[1]. Умар розияллоҳу анҳу Хаввон ибн Жубайрга бир қўриқ ерни хатлаб бергани, Зубайр ибн Аввомга Ақиқни хатлаб бергани, Али ибн Абу Толибга Янбуъни хатлаб бергани, сўнг ўша ердан мўл-кўл сув чиқиб қолгач, Али уни камбағалларга вақф садақасига айлантиргани ҳақида саҳиҳ хабарлар келган.

Баъзи заиф хабарларга кўра, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хатлаб берилган ерлар агар уч йил мобайнида ўзлаштирилмасдан ётган бўлса, уларни қайтариб олиб қўйишга буюрган экан[2].

Усмон розияллоҳу анҳу халифаликка келгач, ерларни, хоссатан фатҳ қилинган минтақалардаги ерларни одамларга хатлаб бериш иши яна ҳам кенгайди. Чунки айрим мулкдорлар ерларини ташлаб қочиб кетишар ва ер қаровсиз ҳолда қолиб кетарди. Ундан ташқари, жуда катта масофада ўзлаштирилмаган қўриқ ерлар ҳам мавжуд бўлиб, уларни ўзлаштириш мақсадида кишиларга хатлаб берарди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қаровсиз ва қўриқ ерларни одамларга хатлаб бериши ва уларнинг ўзлаштирилиши натижасида улардан чиққан ҳосилларнинг закоти байтулмолнинг тушумлари сезиларли даражада ортишига салмоқли ҳисса қўшди. Усмон розияллоҳу анҳу даврида давлатнинг Ироқдаги мулкларидан келган даромадлари Умар розияллоҳу анҳу даврида бўлган 900 000 (тўққиз юз минг) дирҳамдан 50 000 000 (эллик миллион) дирҳамга етди[3].

Усмоннинг давлатга қарашли яйловлар ҳақидаги сиёсати

Гап давлатга қарашли, закотга берилган чорва моллари ва жиҳодлар учун тайёрланаётган от-уловлар боқиладиган яйловлар ҳақида бўлиб, Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳум даврларида Нақеъ водийси шундай яйлов сифатида фойдаланилар эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бу ерни садақа моллари учун яйловга ажратгандилар[4]. Ушбу ер майдони 80 километрдан иборат бўлиб, Мадинанинг жанубида 40 километр узоқликдаги масофада эди. Умар розияллоҳу анҳу даврига келиб давлатга қарашли чорва моллари ва жиҳод учун ҳозирлаб қўйилган от-уловлар сони кўпайгани учун яйловлар майдони ҳам кенгайтирилди. Закот туялари учун ажратилган Рабза яйлови шу жумладан бўлиб, унга ўз мавлоси Ҳунайни масъул қилиб қўйган ва бой-бадавлат бўлмаган, оз сонли туя эгаларига туяларини боқишга ижозат беришини тайинлаган эди.

Усмон розияллоҳу анҳу яйловлар масаласида ўзидан олдинги халифалар йўлини тутди. Ислом давлати территорияси кенгайиши ва фатҳ қилинган ерлар ортиши натижасида закот чорва моллари ҳам кўпайгани учун яйловлар сони ҳам ортди. Зотан, ҳожат туфайли бир ишнинг асли жоиз бўлса, албатта ҳожат ортган пайтда ўша нарсанинг зиёда бўлиши жоиздир.

[1] Умарий, “Асрул хилофа” (221-бет).
[2] Аввалги манба.
[3] “Ас-сиёсатул молия ли Усмон” (118-бет).
[4] “Асрул хилофатир рошида” (225-бет).

Изоҳ қолдиринг