Пайғамбаримиз ювилган сув ҳақида

0

Савол:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак жасадлари ювилган сувни кейин нима қилишган?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Бу борада бирон бир саҳиҳ хабар топа олмадик. Агар саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ювганларидан қолган сувни маълум бир мақсадда ишлатганларида ёки бу сув осмонга кўтарилиб кетганида эди, буларнинг барчаси саҳиҳ хабарларда айтилган бўларди. Шунинг учун мусулмон киши бу каби бефойда гап-сўзлар билан машғул бўлиш ўрнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан ўзига тегишли ибратларни олиб, у зотнинг суннатларига эргашиш ва қолдирган йўлларидан чиқмасликка эътибор қаратиши лозим.

Шу масалага оид бир заиф ҳадис бўлиб, унда айтилишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ювишганида у зотнинг қовоқларида тўпланиб қолган сувни Али розияллоҳу анҳу ҳўплаб ичган экан (Имом Аҳмад ривояти). Бироқ юқорида айтганимиздек, бу ҳадис заиф, яъни ҳужжатликка ярамайди.

Мазкур ҳадис саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қовоқларидаги сувни табарркук деб ичган бўладилар. Энди шунга асосан бошқа солиҳларни ювишда ҳам бу каби сувларни табаррук дейиш мумкин эмас. Чунки инсон ҳар қанча солиҳ бўлмасин, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тенг бўла олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқаларнинг ичган суви, еган овқати, таҳорат суви каби қолдиқларини ёки тирноқ, соч, тук, тупук каби баданидан чиққан чиқиндиларини табаррук билиб, улардан барака умидида фойдаланиш бидъат-хурофот саналади, валлоҳу аълам.

Фатвони тайёрлашда IslamWeb саҳифасининг фатволаридан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг