Қурбонлик куни фазилатлари

0

Савол:

Зулҳижжа ойи ўнинчи кунининг ўзига хос фазилатлари борми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Мадина аҳлининг ўйин-кулги билан ўтказадиган иккита байрам кунлари бор эди. У зот: “Аллоҳ таоло бунинг ўрнига сизларга ундан кўра яхшироқ икки кунни – фитр ва қурбон ҳайити кунларини алмаштириб берди”, дедилар (Абу Довуд (1134) ривояти, Албоний “Ас-саҳиҳа”да (2021) саҳиҳ деган).

Аллоҳ таоло бу умматга ўйин-кулги қилинадиган икки кун ўрнига зикр, шукр, мағфират ва афв кунлари бўлмиш икки кунни алмаштириб берди.

Умуман олганда, мўминларнинг учта байрам кунлари бор.

Биринчиси ҳар ҳафта такрорланадиган, қолган иккитаси эса йилда бир бор келадиган байрамлардир.

Ҳар ҳафта такрор келадиган байрам жума куни, йилда бир марта келадиган байрамлар эса фитр (рамазон) ва қурбон ҳайитларидир.

Фитр ҳайити Исломнинг учинчи рукни бўлмиш рамазон рўзаси тугаши ортидан қилинадиган байрамдир. Мусулмонлар ўзларига фарз қилинган рўзани адо этганларидан сўнг Аллоҳ уларга бир байрамни жорий қилди. Улар бу кунда Аллоҳнинг шукри, зикри ва такбири устида йиғиладилар, Аллоҳ уларга бу байрамда ийд намози ва фитр садақасини жорий қилди.

Иккинчи байрам қурбон ҳайити бўлиб, у зулҳижжанинг ўнинчи кунидир. У икки ҳайитнинг каттароғи ва афзалроғидир. Қурбон ҳайити ҳаж ибодати тўла-тўкис бўлганидан сўнг мусулмонларнинг гуноҳлари кечирилгани муносабати билан қилинадиган катта байрамдир.

Ҳаж арафа куни Арафотда туриш билан тўла амалга ошади, чунки ҳажнинг энг катта рукни шудир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ҳаж арафадир” (Термизий ривояти (889). Албоний “Ирвоул ғалил”да (1064) саҳиҳ санаган).

Арафа куни дўзахдан озод бўлиш кунидир. У куни Аллоҳ таоло Арафотда турган ва турмаган саноқсиз мусулмонларни дўзахдан озод қилади. Шунинг учун арафанинг эртаси бутун дунёдаги ҳажда ҳозир бўлгану бўлмаган мусулмонлар учун ҳайитга айланди ва қурбонлик қилиш билан Аллоҳга тоат-ибодат қилиш шариат қилинди.

Ушбу куннинг бир қанча фазилатлари мавжуд:

  • У Аллоҳ наздида кунларнинг энг яхшисидир;

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Зод ал-маод” китобида (1/54) шундай дейди: “Аллоҳ наздида кунларнинг энг яхшиси наҳр (қурбонлик) кунидир. Бу кун “ҳажжи акбар” (катта ҳаж) кунидир. Абу Довуд “Сунан”да (1765) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган: “Аллоҳ наздида кунларнинг энг улуғи қурбонлик кунидир” (Албоний “Саҳиҳи сунани Абу Довуд”да саҳиҳ санаган).

  • У катта ҳаж кунидир.

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажда наҳр (қурбонлик бўғизлаш) куни жамаротлар оралиғида турдилар ва: “Катта ҳаж куни шудир”, дедилар (Бухорий ривояти, 1742).

Сабаби, ҳажнинг энг кўп амаллари шу куни қилинади. Бу куни ҳожилар жамаротда тош отадилар, қурбонлик сўядилар, сочларини олдирадилар ёки қисқартирадилар, тавоф қиладилар, саъй қиладилар.

  • У мусулмонларнинг ҳайит байрами кунидир.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Арафа куни, қурбонлик сўйиш куни ва ташриқ кунлари биз Ислом аҳлининг байрамимиздир. Бу кунлар еб-ичиш кунларидир” (Термизий (773) ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган).

Валлоҳу аълам.

Манба: IslamQa саҳифаси

 

Изоҳ қолдиринг