Умар розияллоҳу анҳу: Одиллиги

0

Мусулмон жамиятини барпо этишда муҳим рол ўйнайдиган исломий қоидаларни ўрнатиш ислом ҳукуматининг энг асосий мақсадларидан бўлиб, улардан энг муҳими адолат ва тенгликдир. Умар Форуқ умматга қилган хитобида ушбу асосларни эътироф этди, унинг адолат ва тенглик ҳақидаги кўзқараши халифалик мансабига ўтирган куни халққа йўллаган хитобида ўз ифодасини топган эди. Шубҳасиз, Форуқнинг фикрига кўра, адолат фақатгина ислом жамияти ва ислом ҳукмини ўрнатишда асосий пойдевор бўлувчи ислом адолатидир. Зотан, зулм ҳукмрон бўлган ва адолат ўрнатилмаган жамиятда ислом йўқдир.

Одамлар ўртасида адолат ўрнатиш ҳеч бир ҳоким ё амирнинг хоҳиш-ҳавосига ташлаб қўйиладиган ихтиёрий ишлардан эмас, балки бу иш ислом динидаги энг муқаддас ва энг муҳим вазифалардан саналади. Уммат адолат қилиш вожиблигига иттифоқ қилган. Фахрур Розий айтади: “Уммат ижмоъ қилганки, ким ҳоким бўлса, адолат билан ҳукм қилиш унга вожиб бўлади”.[1]

Қуръон ва Суннатдан бўлган очиқ далиллар бу ҳукмни қўллаб қувватлайди. Зеро, адолат ва тенглик ўрнатишга, зулмга барҳам беришга, зулмнинг ҳар қандай турига қарши барча воситалар билан курашишга бел боғлайдиган исломий жамият барпо қилиш ислом давлатининг ғояларидандир. Ҳар бир инсон ўзининг талаб қилаётган ҳақ-ҳуқуқларига ортиқча куч ва маблағ сарфлашга муҳтож бўлмаган ҳолда имкон қадар осон ва тез йўллар билан етиши учун майдонни кенг очиб бериш ва йўлларни осонлаштириш давлат зиммасидаги вазифалардан саналади, давлат ҳақ эгасининг ўз ҳаққига эришиши олдида тўғаноқ бўладиган ҳар қандай тўсиқларни олиб ташлаши лозим бўлади. Форуқ ўзининг давлат бошқарувида айни шу йўлни тутди. У халқларга ўз ҳақ-ҳуқуқларига эришишлари учун барча эшикларни кенг очиб қўйди, раият аҳволини шахсан ўзи назорат қилди, уларни ҳар қандай эҳтимолий зулмдан ҳимоя қилди, волийлар ва раият ўртасида тарихда мисли кўрилмаган ҳайратомуз кўринишда адолат ўрнатди. У низолашиб келганлар ўртасида адолат қиларди, ҳақ билан ҳукм қиларди, маҳкум ўзининг қариндошлари ё душманларидан бўлиши, бойлардан ё камбағаллардан бўлиши унинг учун фарқсиз эди. Чунки, Аллоҳ таолонинг: “Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутувчи, адолат билан гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адо­лат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” [Моида: 8] деган сўзлари унинг учун дастури амалга айланган эди.

Форуқ адолат борасида қалбларни асир этадиган ва ақлларни лол қолдирадиган бир намуна эди. У адолатни исломга одамларнинг қалбларини очадиган амалий даъват деб кўрар эди. У айнан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини тутганди, унинг сиёсати одамлар ўртасида мутлақ адолат принципига қурилган эди. У бу борада воқелик ва татбиқ майдонида ақллар лол қоладиган даражада мислсиз муваффақият қозонди, ҳатто унинг исмига одиллик сифати қўшиб айтиладиган бўлди. Унинг ҳаёт йўлидан бироз хабардор бўлган ҳар қандай инсон кўзи олдига Умар деганда одиллик келадиган бўлди. Бу улкан муваффақиятга эришишда унга бир неча омиллар ва сабаблар ёрдамчи бўлди. Жумладан:

  • Унинг халифалик муддати Абу Бакр Сиддиқнинг халифалик муддатидан узоқроқ бўлиб, ўн йилдан ортиқроқ давом этди. Ваҳоланки, Абу Бакрнинг халифалиги икки йилдан сал ошиқ давом этган эди.

  • У ҳақ-ҳуқуқларга қаттиқ риоя қиларди, ҳатто ўзига ва аҳли оиласига нисбатан бошқалардан кўра ҳам қаттиқроқ турар эди.

  • Аллоҳга юзланиш фиқҳи унда жуда кучли эди, қилаётган ҳар бир амалида одамларнинг розилигидан олдин Аллоҳнинг розилигини мақсад қиларди, Аллоҳдан қўрқарди ва бунда ҳеч кимни риоя қилмасди.

  • Саҳобалар ва тобеинлар қалбида шариатнинг ҳокимлиги ўта кучли эди, шу боис Умарнинг ишлари улар томонидан қўллаб-қувватлаш, дастаклаш ва розилик билан қабул қилинарди[2].

Қуйида унинг одамлар ўртасидаги адолати борасида бир неча мисоллар келтирамиз:

Умар розияллоҳу анҳу мусулмон устидан яҳудий фойдасига ҳақ билан ҳукм қилди, яҳудийнинг куфри унга зулм қилинишига ва мусулмонга тарафкашлик қилинишига йўл очмади. Имом Молик Саид ибн Мусайябдан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурига бир мусулмон билан бир яҳудий низолашиб келганида Умар яҳудийни ҳақли деб топди ва унинг фойдасига ҳукм қилди. Шунда яҳудий: “Аллоҳга қасамки, ҳақ билан ҳукм қилдинг!”, деди[3].

Умар розияллоҳу анҳу қўл остидаги амалдорларни ҳаж мавсумида унинг ҳузурига тўпланишга буюрарди. Улар йиғилиб келишгач, одамларга хитоб қилиб: “Эй одамлар, мен волийларимни сизларнинг ўртангизда ҳақ билан ҳукм қилишлари, ўлжаларни ўртангизда ҳақ билан тақсимлаб беришлари учун юборганман, сизларга зуғум ўтказишлари ва мол-мулкингизга эгалик қилишлари учун эмас. Улардан ким сизларга шундан бошқа ишни қилган бўлса, туриб айтинглар”, деди. Шунда одамлар ичидан фақат биргина киши ўрнидан туриб: “Эй амирулмўъминин, сизнинг фалончи омилингиз мени юз дарра урди”, деди. Умар омилига: “Нега бу одамни урдинг?!”, деди. Сўнг ҳалиги одамга: “Тур, қасосингни ол!”, деди. Шунда Амр ибн Ос ўрнидан туриб: “Эй амирулмўъминин, агар бундай қилсангиз, омилларингизга қийин бўлиб кетади ва ўзингиздан кейингиларга ҳам бу иш одат бўлиб қолади”, деди. “Нега қасос олдирмас эканман, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзларидан қасос олдирганларини кўрганман!”, деди Умар. “Рухсат беринг, биз бу одамни рози қилайлик”, деди. “Хўп, рози қилинглар”, деди. Шундан сўнг унга ҳар қамчи эвазига икки динордан, жами икки юз динор бериб рози қилдилар. Агар рози қилишмаса, албатта қасос олдирган бўларди.

Бир марта мисрлик бир йигит Миср волийси Амр ибн Ос устидан шикоят қилиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурларига келди ва: “Эй амирулмўъминин, сизга зулмдан шикоят қилиб келдим”, деди. “Шикоятинг ўрнига тушибди. Хўш, нима шикоятинг бор?”, деди Умар ибн Хаттоб. У деди: “Мен Амр ибн Оснинг ўғли билан мусобақалашиб, ундан ўзиб кетган эдим, у мени қамчилади ва мен аслзодаларданман, деди”. Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Осга хат ёзиб, зудлик билан ўғлини олиб етиб келишга буюрди. Улар келгач, ҳалиги мисрлик йигитни чақиртирди. Сўнг унга: “Қамчини олиб, уни савала!”, деб буюрди. У Амрнинг ўғлини савалар экан, Умар: “Ур аслзоданинг ўғлини!”, деб турарди. Мисрлик уни хумордан чиққунича урди. Кейин Умар унга: “Энди Амрнинг ўзини ур!”, деди. У: “Йўқ, эй амирулмўъминин, ўғли мени урган эди, мен ундан қасосимни олдим, отасида қасдим йўқ”, деди. Шунда Умар Амрга: “Сизлар қачондан бери одамларни қул қиладиган бўлдинглар, уларни оналари озод туққан эди-ку!”, деб хитоб қилди. У: “Эй амирулмўъминин, менинг хабарим йўқ эди, бу менга келиб айтмаган ҳам эди”, деди[4].

Рошид халифалар давлати ана шундай адолат устига қурилган эди. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг нақадар гўзал сўзлари бор: “Аллоҳ адолатли давлатга гарчи кофир бўлса ҳам нусрат беради, аммо золим давлатга гарчи мусулмон бўлса ҳам нусрат бермайди. Адолат билан инсонлар тузалади, мол-давлатга барака киради”[5].

 

[1] Тафсири Розий (10/141).
[2] Ҳамад Муҳаммад Самад, “Низомул ҳукм фий аҳдил хулафоир рошидийн” (145-бет).
[3] Муватто, ҳукмлар китоби (2).
[4] Ибн Абдулҳакам, “Футуҳ Миср ва ахборуҳо” (290-бет). Кондеҳлавий, “Ҳаётус саҳоба” (2/88).
[5] “Ас-сиёсатуш шаръия (10-бет).

Изоҳ қолдиринг