Кундалик зикрлар: истифтоҳ дуоси (3)

0

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг ўғли Абу Салама шундай дейди: “Ойша онамиздан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси нафл ўқимоқчи бўлсалар намозни қайси дуо билан бошлардилар?” – деб сўраган эдим, у киши: “Агар кечаси нафл ўқисалар намозни “Жаброил, Микоил, Исрофилнинг парвардигори, осмонлару ернинг яратувчиси, айбни ҳам ошкор ишларни ҳам билувчи Аллоҳим, бандаларинг тортишган масалада улар ўртасида Ўзинг ҳукм қилгайсан. Шундай экан, Ўз изнинг ила тортишувли масалада мени ҳаққа ҳидоятла. Зеро, Сен Ўзинг хоҳлаган бандангни тўғри йўлга бошлагайсан” дуоси билан бошлар эдилар” – деб жавоб берди (Муслим (770) ривояти).

Мазкур дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ رَبَّ جِبْرَائِيلَ وَمِيكَائِيلَ وَإِسْرَافِيلَ، فَاطِرَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ، عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ، أَنْتَ تَحْكُمُ بَيْنَ عِبَادِكَ فِيمَا كَانُوا فِيهِ يَخْتَلِفُونَ، اهْدِنِي لِمَا اخْتُلِفَ فِيهِ مِنَ الْحَقِّ بِإذْنِكَ، إِنَّكَ تَهْدِي مَنْ تَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

Мазкур дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма робба жаброийла ва Мийкааийла ва Исрофийл, фаатирос самааваати вал арз, анта таҳкуму байна ибаадика фиймаа каануу фийҳи яхталифуун. Иҳдинаа лимахтулифа фийҳи минал ҳаққи биизник, иннака таҳдий ман ташаау илаа сироотим мустақийм”.

Юқоридаги дуода Аллоҳ таолодан жуда ҳам муҳим масала, яъни ихтилофли масалаларда тўғри йўлга бошлаши ва ҳидоятлаши сўралмоқда. Дуонинг давомида “Зеро, Сен Ўзинг хоҳлаган бандангни тўғри йўлга бошлагайсан” дейилганидан шуни тушунишимиз мумкинки, ҳидоя Аллоҳнинг қўлида экан, ким ҳақу ким ноҳақ эканини Аллоҳ таоло биларкан. Шунинг учун тўғри йўл фақат ва фақат Аллоҳ таолодан сўралиши лозим. Истифтоҳ дуосининг мазкур кўринишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпроқ кечки нафл намозларида ўқиганлари ҳадисда очиқ айтиб ўтилган.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошлаганларида: “Аллоҳ жуда ҳам улуғдир, Аллоҳ жуда ҳам улуғдир, Аллоҳ жуда ҳам улуғдир. Аллоҳга кўп ҳамду санолар бўлсин, Аллоҳга кўп ҳамду санолар бўлсин, Аллоҳга кўп ҳамду санолар бўлсин, Аллоҳни эртаю кеч барча айбу нуқсонлардан поклайман, Аллоҳни эртаю кеч барча айбу нуқсонлардан поклайман. Аллоҳим Сенинг номинг ила қувғин шайтоннинг тегиши, пуфлаши ва суфлашидан паноҳ тилайман” – деб дуо қилганларини кўрдим” (Ибн Можа (807) ривояти).

Мазкур дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُ أَكْبَرُ كَبِيرًا اللَّهُ أَكْبَرُ كَبِيرًا اللَّهُ أَكْبَرُ كَبِيرًا وَالْحَمْدُ لِلَّهِ كَثِيرًا وَالْحَمْدُ لِلَّهِ كَثِيرًا وَالْحَمْدُ لِلَّهِ كَثِيرًا وَسُبْحَانَ اللَّهِ بُكْرَةً وَأَصِيلا ثَلاثًا أَعُوذُ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ مِنْ هَمْزِهِ وَ نَفْخِهِ وَنَفْثِهِ 

Мазкур дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳу Акбару кабийрон, Аллоҳу Акбару кабийрон, Аллоҳу Акбару кабийрон. Алҳамду лиллааҳи касийрон, алҳамду лиллааҳи касийрон, алҳамду лиллааҳи касийрон. Ва субҳааналлоҳи букротан ва асийлан, ва субҳааналлоҳи букротан ва асийлан, ва субҳааналлоҳи букротан ва асийлан. Аллоҳумма инний ауузу бика манаш шайтон, мин ҳамзиҳи ва нафхиҳи ва нафсиҳ”.

Ҳадиснинг ровийларидан бири Амр ибн Мурра ушбу ҳадисни ривоят қилганидан сўнг ортидан: “Шайтоннинг тегиши тутқаноқ ва жиннилик, суфлаши ножоиз шеърлар, пуфлаши эса кибр” – деб, юқоридаги дуога изоҳ берган. Бу изоҳ жуда ҳам ўринли. Чунки шайтон тегиши ёхуд жин чалиши ақлни йўқотиш каби хунук оқибатларга сабаб бўлади. Ҳаром шеърларга берилган инсон эса шайтон унга дам ургану, у шайтоннинг муридига айлангандек гўё. Шайтон пуфлашини кибр деб изоҳлаш ҳам жуда ўринли шарҳ. Зеро, инсон ўзининг ким эканини яхши билса кибрланмайди. Шайтон пуфлаганига шишиб, ўзлигини йўқотган кимсаларгина ўзларини бошқалардан устун ва ҳурматга лойиқ деб ҳисоблашади. Аллоҳ таоло барчамизни бу иллатлардан халос айласин!

Давоми бор

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг